Ўзбекистон | 20:09 / 25.08.2020
26143
5 дақиқада ўқилади

«Ҳокимнинг қарори билан ердан фойдаланиш ҳуқуқи пайдо бўлмайди». Ҳуқуқшунос билан суҳбат

Ўзбекистонда фермер хўжаликлари ерга эгалик қилишига оид кўплаб низолар кузатилмоқда. Kun.uz’нинг «Эркин суҳбат» кўрсатуви меҳмон Чорихон Қодиров ушбу масала юзасидан батафсил маълумот бериб, низоларни келтириб чиқарувчи омиллар ва амалиётда учраётган ҳолатларни таништирди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров фермерларнинг ҳуқуқий саводхонлиги паст эканлиги айрим туман ҳокимлари, ер ресурслари ва кадастр туман бўлимлари мутасаддиларига қўл келаётганини маълум қилди. Kun.uz билан суҳбатда Қодиров ер ажратиш ва уни олиб қўйиш масаласи амалиётда қандай учрашини маълум қилди.

— Фермерларга ер ажратиш қонунга мувофиқ қандай тартибга солинади?

—   Дастлаб, тендер танлови ўтказилади. Танлов асосида ғолиб, деб топилган талабгорга туман ҳокими қарори билан ер берилади. Шундан сўнг, уч кун ичида ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ, туман ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарори Ер бериш ва уни реализация қилиш вилоят комиссиясига юборилади. Ушбу комиссиянинг раиси вилоят ҳокими, котиби эса Ер ресурслари ва кадастр бошқармаси бошлиғи ҳисобланади. Ушбу қарори қайтиб келгандан беш кун мобайнида ер ижара шартномаси туман ер ресурслари ва кадастр бўлими томонидан расмийлаштирилиши керак. Шартнома туман ҳокими ва фермер ўртасида имзоланади. Шундан сўнг, фермерда ерга нисбатан эгалик ҳуқуқи пайдо бўлади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров

—  Сиз таъкидлаганингиздек, у тендерда қатнашиб, туман ҳокимининг қарори чиқарилгандан сўнг, бу ишлар бажарилади. Ушбу тартиб амалда самарали ишлаяптими?

— Буни мен ҳужжатларда кўрсатилган қонуний амалиётини билдирдим. Амалда қандай бўляпти? Республика бўйича салкам 50 фоиз фермер хўжаликлари раҳбарларининг қўлида ер ижара шартномаси мавжуд эмас. Мен юқорида айтиб ўтган талабларга риоя этилмаган. «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонуннинг 11 моддасида фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкалари бериш тартиби белгилаб қўйилган. Унга мувофиқ, ер участкасини ижарага бериш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ер тузиш хизмати органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилиши керак. Нега амалда салкам 50 фоиз фермернинг ер ижара шартномаси йўқ? Негаки, ер ресурслар ва кадастр бўлими ходимлари зиммасига юклатилган вазифаларни тўлақонли бажармагани оқибатида бу ҳолат келиб чиққан.

Тасаввур қилинг, фермер хўжалигининг ери билан боғлиқ масалани ҳал этишида туман ҳокими исталган пайтда ноқонуний қарорини чиқариб, турли хил важлар билан ерни олиб қўйишга эришяпти. Фермер ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судларга мурожаат этганда, судлар томонидан унинг ерга эгалик қилиш ҳуқуқи мавжуд бўлмагани учун даъвосини рад этиши авжига чиқиб кетган. Бу эса қонунбузар ҳокимлар, қонунбузар кадастр бўлимлари ходимларига қўл келади. Ер кодексининг қатор моддаларига риоя этилмаган ҳолда ерлар захирага олинган тақдирда ҳам, судлар ерга эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлмаган фермернинг даъвосини рад этади.

— Фермернинг ер ижара шартномаси бўлмаслиги табиийми? Туман ҳокимлари бунга қандай муносабатда бўляпти?

— Туман ҳокимлари белгиланган қонун тартибларига риоя этиши керак. Уларнинг энг катта хатоси — ер беришдаги қарори вилоят комиссиясига юборилмайди. Мана шу босқичда тартиб бузилади. Бундан кейин, кадастр бўлими ҳам уни расмийлаштирмайди, ер ижара шартномасини ўрнатилган тартибда қайд этмайди. Фермер буни билмайди, чунки ҳуқуқий саводи юқори эмас. Буни туман ҳокимлиги ер бериш ва уни реализация қилиш комиссияси котиби — туман ер ресурслари ва кадастр бўлими бошлиғи яхши билади. Фақат туман ҳокимининг қарори билан ердан фойдаланиш ҳуқуқи пайдо бўлмайди. Лекин фермер далага чиқиб, ишлайди. Туман ИИБдан рухсат олади, солиқдан рўйхатдан ўтиб, тўловларни қилаверади, банклардан кредитлар олаверади. Туман ҳокимлиги билан шартнома тузиб, режани бажаради. Аммо барибир ерга нисбатан эгалик ҳуқуқини берувчи ижара шартномаси мавжуд бўлмайди. Биринчи босқичда фермернинг ҳуқуқларини ҳоким поймол қилдими, ўша ҳокимнинг қарорини суд ҳам қўллаб-қувватлайди.

 Суҳбат давомида фермерларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, ер ажратиш тизимини ислоҳ этиш учун таклифлар ва қишлоқ хўжалиги соҳасида кутилаётган бошқа муаммолар ҳақида гап кетди. Интервьюни Youtube орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди
Тасвирчи ва монтаж устаси Отахон Юсупов

Мавзуга оид