Жаҳон | 07:45 / 27.04.2024
3166
4 дақиқада ўқилади

Литва Полшанинг НАТО ядро қуролини жойлаштириш ғоясини қўллаб-қувватлади

Литва президенти Науседа бундай қадамни «урушга чорлаш ёки Россияга таҳдид» эмас, балки «тийиб туриш тизимининг элементи» деб ҳисоблайди. Полша ортидан Литва НАТО давлатларини ҳарбий харажатларни оширишга чақирди.

Гитанас Науседа Фото: Soeren Stache/dpa/picture alliance

Литва президенти Гитанас Науседа Россия томонидан кучайиб бораётган таҳдидни ҳисобга олиб, полшалик ҳамкасби Анжей Дуданинг Полшада НАТО ядро қуролини жойлаштириш истагини қўллаб-қувватлади. «Ядро қуролини жойлаштириш ғояси урушга чақириш ёки Россияга таҳдид эмас, бу тўхтатувчи тизимнинг элементи бўлиб, у ҳақиқатан ҳам муҳим тийиб турувчи восита бўлиши керак», деди Науседа 26 апрел, жума куни Дуда билан қўшма матбуот анжуманида.

Полша ва Литва президентлари Полша-Литва чегарасининг Калининград вилояти ва Беларус ўртасидаги атиги 70 километр кенгликдаги Сувалки бўшлиғида икки давлат қуролли кучлари ҳарбий машғулотларини кузатди. Сувалкининг Россия томонидан эҳтимолий эгаллаб олиниши Болтиқбўйи давлатларини НАТО қуруқлик кучларидан узиб қўйиши мумкин. Қайд этилишича, давом этаётган «Жасур грифон» машғулотларида 1500 нафар ҳарбий хизматчи мудофаа сценарийларини машқ қилмоқда. 

Гинатас Науседа Полша президентини Шимолий Атлантика иттифоқига аъзо мамлакатларни ҳарбий харажатларини оширишга чақириғида ҳам қўллаб-қувватлади. «Биз НАТОдаги ҳамкорларимизни мудофаа харажатларини оширишга ишонтириш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак», деди Литва президенти. Науседа ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг икки фоизини ташкил этувчи ҳозирги кўрсаткич ушбу «динамик ва қийин пайтларда» етарли эмаслигига қўшилишини айтди. Полша президенти аввалроқ НАТО аъзоларига ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг камида уч фоизини мудофаага сарфлаш мажбуриятини юклашни таклиф қилган эди. 

Дуда АҚШ ядро қуролини жойлаштиришга тайёрлигини маълум қилди

Аввалроқ Полша президенти Варшаванинг мамлакатда ядро қуролини жойлаштиришга тайёрлигини билдирган эди. Бу фикрни Полшанинг бошқа вакиллари, жумладан, бош вазир Доналд Туск рад этди.

Литва президенти билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида Дуда яна бу масалани кўтарди. «Бизнинг тушунишимизча, НАТОнинг бутун ҳудуди тўғри ва адекват ҳимоя қилиниши керак, шунинг учун ядровий тизим НАТО шарқий қанотига кўчирилиши жуда мантиқий», - деди Полша раҳбари. «Биз ушбу мамлакатлардан бири сифатида бу қуролларни жойлаштиришга тайёрлигимизни эълон қилдик», - дея Дуда сўзларини келтиради dpa агентлиги. 

НАТО янги мамлакатларда ядро қуролини жойлаштириш ниятида эмас

Шимолий Атлантика алянси ҳозирда ядро қуроли мавжуд бўлмаган мамлакатларга уни жойлаштиришни таклиф қилмайди, деди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг. Мавжуд ядровий қуролларни тақсимлаш бўйича келишувни кенгайтириш режалари йўқ, деди у 23 апрел куни Британия бош вазири Риши Сунак билан Полшадаги британиялик аскарлар олдида чиқиш қилиб.

Кремл Дуданинг баёнотига муносабат билдирди ва бундай қарор қабул қилинган тақдирда жавоб чоралари ҳақида огоҳлантирди. Ўз навбатида, Берлин Варшава таклифи умуман олганда ижобий қабул қилинганини таъкидлади. 

АҚШ ядро қуроллари Европанинг бир қанча давлатларида жойлашган. Норасмий хабарларга кўра, гап Германия, Белгия, Италия, Нидерландия ва Туркия ҳақида кетмоқда. Бу маълумот расман ошкор этилмаган. 

Мавзуга оид