Жаҳон | 22:55 / 02.03.2026
6987
6 дақиқада ўқилади

Эронда янги оятуллоҳ қандай сайланади?

Эронда олий раҳбар лавозими бўшаб қолганидан сўнг янги оятуллоҳ сайлаш ва номзодлар масаласи муҳокама қилиниши аниқ. Айни вақтда мамлакатда муваққат ҳукумат тузилиб, уч асосий шахс президент, олий суд раиси ва юқори мартабали руҳоний вақтинчалик ҳокимиятни бошқармоқда. Шунингдек, амалдаги президент Пизишкиён изоляция қилингани ҳақида ҳам хабарлар бор.

Kun.uz’нинг “Geosiyosat” дастурида сиёсатшунослар шу ҳақида сўз юритди.


Эронда олий раҳбар сайланиш тартиби қандай ва бу масъулиятга муносиблар кимлар?

Шавкат Икромов: Биринчидан, Эрон ўзини Эрон Ислом Республикаси деб эълон қилган ва ўзига хос, деярли муқобили йўқ бошқарув тизимига эга. Бундай тизим бошқа давлатларда деярли учрамайди. Маълум маънода уни Буюк Британия монархиясига қиёслаш мумкин, бироқ Эронда барибир республика шакли сақланиб қолган. Мамлакат бошқарувида энг юқори лавозим олий раҳбар ҳисобланади.

Ундан кейин эса ижроия ҳокимият раҳбари сифатида президент туради. Агар олий раҳбар лавозими бўшаб қолса (масалан, вафот этиши ёки бошқа сабаб билан), янги раҳбарни тайинлаш тартиби конституцияда аниқ белгиланган.
Бу жараёнда Экспертлар мажлиси, яъни 88 кишидан иборат олий диний-сиёсий орган ҳал қилувчи рол ўйнайди.

Мазкур орган мамлакатнинг энг билимли, диний ва сиёсий етук шахсларидан ташкил топган. Улар вақтинчалик бошқарувни шакллантиради ва янги Олий раҳбарни танлаш жараёнини бошлайди. Муваққат бошқарув одатда уч асосий лавозим эгасидан иборат бўлади: амалдаги президент, Олий суд раҳбари ва юқори мартабали руҳонийлардан бири.

Улар давлатни вақтинча бошқариб туради ва янги раҳбар учун номзодлар кўриб чиқилади. Номзодлар дастлаб ички доираларда муҳокама қилинади ва кейин Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси каби куч тузилмалари томонидан ҳам ўрганилади.

Якуний қарор ёпиқ жараёнда қабул қилинади. Тарихга назар ташласак, 1989 йилда Али Хоминаий айнан шундай мураккаб шароитда ҳокимиятга келган. У Руҳуллоҳ Ҳумайний вафотидан кейин тайинланган. Ўша пайтда Эрон Эрон–Ироқ урушидан эндигина чиққан, вазият оғир эди. Шунга қарамай, Хоминаий тасодифан танланмаган, у аввалдан тайёрланган асосий номзодлардан бири бўлган. Ҳозирги вазиятда эса очиқ сигнал ва аниқ номзодлар ҳақида маълумотлар кам. Турли тахминлар мавжуд бўлса-да, ички жараёнлар ёпиқ ҳолда олиб борилмоқда.

Кўпинча эҳтимолий номзодлар сифатида Али Ризо Аърофий ва Али Ларижоний тилга олинади. Бироқ экспертлар фикрича, Аърофий қисқа вақт ичида ҳарбий тузилмалар, сиёсий элита ва жамиятни бирлаштира олиш салоҳиятига тўлиқ эга бўлмаслиги мумкин. Ларижоний эса нисбатан кучли номзод сифатида кўрилади. У сиёсий тажрибага эга, халқаро музокараларда қатнашган ва турли куч марказлари билан ишлай олади.
Энг муҳими, у мамлакат ичидаги асосий уч куч — армия, сиёсий элита ва жамиятни бирлаштира оладиган шахс сифатида баҳоланмоқда. Бундан ташқари, у нисбатан мўътадил сиёсатчи сифатида танилган ва Ғарб, жумладан, АҚШ билан музокара олиб бориш имкониятига эга шахслардан бири ҳисобланади. Шу сабабли унинг номзоди бугунги кунда энг реал вариантлардан бири сифатида тилга олинмоқда. Шу билан бирга, бошқа номзодлар ҳам мавжуд, аммо ҳозирча улар ичида энг етакчи сифатида айнан Али Ларижоний кўпроқ эътироф этилмоқда.

Эронда ҳокимият учун кураш ва ички бўлиниш хавфи борми?

Шавкат Икромов: Эронда режим тузилиши шундайки, ҳокимият ва лавозимлар иерархияси аниқ ва пухта белгиланган. Масалан, бир қанча ҳарбий генераллар йўқ қилинса ҳам, армияда хавотирли ҳолат ёки бўлинишлар юзага келмайди. Битта генералнинг ўрнига захирада тайёр турувчи бошқа кадрлар тайинланади ва ҳокимият узлуксиз давом этади.

Олий раҳбарлик тизимида ҳам худди шундай механизм ишлайди. Али Хоминаийнинг абадий раҳбар эмаслиги ва доимий бошқарувни чекланган муддат давомида амалга ошириши Олий ассамблея томонидан ҳар доим назорат қилиниб келган.

Баъзи маълумотларга кўра, 2024 йилдан бошлаб унинг ўрнига янги раҳбар тайёрлаб келинган. Хоминаийнинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар юзага келган ва у сиёсий фаолиятда камроқ кўринадиган шароитда амалга оширилган. Шу сабабли ички тайёргарлик олдиндан олиб борилган бўлса керак.

Эҳтимол Олий ассамблеянинг 88 аъзоси ёки Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг юқори раҳбарлари орасида турли тафовутлар ёки фикр зиддиятлари бўлиши мумкин. Бироқ ташқаридан қараганда, Эрондаги режим мустаҳкам ва бирлашган кўринади. Мисол учун, Али Ларижоний ва бошқа етакчиларнинг баёнотларига қараганда, мамлакат ҳозир ҳар доимгидан ҳам кучлироқ бирлашувга эга: “Биз бирлашиб душманни йўқ қиламиз” деган қатъий руҳ сезилади.

Шунингдек, олий раҳбарнинг ўлдирилиши диний ва сиёсий жиҳатдан қасос масаласи сифатида кўрилади. Бу ҳолатда қасос байроғи кўтарилади, ва диний эътиқодга кўра ички бўлиниш ёки қарама-қаршилик хиёнат сифатида қабул қилинади. Шу сабабли, ҳозирги вазиятда ички бўлинишлар ҳақида гапириш кўп ҳам мантиқан тўғри эмас ва Эронга хос эмас.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид