Жаҳон | 02:12 / 06.06.2020
68727
8 дақиқада ўқилади

Фожиали йил: АҚШ муаммолар гирдобида

АҚШда Жорж Флойд исмли қора танли фуқаронинг полиция ходими томонидан бўғиб ўлдирилиши ортидан бошланиб кетган кенг миқёсли норозилик намойишлари ҳамон давом этмоқда. Бу эса эпидемиядан тинкаси қуриган давлатнинг янгидан янги муаммолар гирдобига тушиб қолишига сабаб бўлмоқда.

140дан ортиқ шаҳарда норозилик намойишлари

25 май куни АҚШнинг Миннеаполис шаҳридаги озиқ-овқат дўкони сохта 20 долларлик пул билан тўлов қилмоқчи бўлган харидор устидан шикоят қилди. Гумондор Жорж Флойдни қўлга олиш жараёнида полиция ходими Дерек Шовин уни қарийб тўққиз дақиқа давомида ерга ётқизилган ҳолда бўйнидан тиззаси билан босиб турди. Натижада Флойд бўғилиб ўлди. У нафас ололмаётганини қайта-қайта айтганига қарамай, унинг сўзларига аҳамият берилмади. Ҳатто у ҳушини йўқотганидан кейин ҳам, уч дақиқадан кўпроқ вақт давомида бўйни эзиб турилди.

Ушбу воқеа тасвирлари интернетда тезлик билан тарқалиши АҚШнинг 140дан ортиқ шаҳарларида норозилик намойишларини келтириб чиқарди. Тартибсизликлар давомида кўплаб ўғрилик ва безорилик ҳолатлари кузатилди, транспорт воситалари ёқиб юборилди, бинолар шикастланди. Асосий намойиш нуқталарида эса полициянинг доимий равишда қора танлиларга нисбатан куч ишлатишига қарши оломон ғазаби ошкора тарзда ифода этилди. Кўплаб намойишчилар учун ушбу воқеа узоқ йиллар давом этган ижтимоий-иқтисодий тенгсизлик ва ирқий камситишга қарши норозилик кураши бўлмоқда.

Сиёсатчилар ва амалдорлар бир-бирларини айблаш билан банд

Мамлакатда содир бўлган воқеалардан кейин 40дан ортиқ шаҳарда, хусусан, Нью-Йорк ва Вашингтонда ҳам комендантлик соати эълон қилинди. 20дан ортиқ штатда АҚШ армиясининг Миллий гвардия бўлинмаларига намойишларни назорат қилиш вазифаси юкланди. Аммо кўрилган ушбу чораларга қарамай, одамларнинг кўчага чиқиши тўхтамади, намойишларнинг олдини олиш имкони бўлмади. Флойдни бўғиб ўлдирган полиция ходими учинчи даражали қотилликда айбланди. Юзлаб намойишчилар ўқотар қуроллардан фойдаланганлик, ўғирлик, талончилик ва тартибсизликлар учун ҳибсга олинди.

Ҳамон давом этаётган намойишлар АҚШ жамиятида чуқур сиёсий бўлинишларга сабаб бўлди. Ҳозирда сиёсатчилар ва амалдорлар умумий ҳаракатлар режасини тузиш ўрнига бир-бирларини айблашга ўтиб кетишмоқда.

Масалан, демократлар президент Дональд Трампни етакчилик қила олмаганликда, айтган гаплари ва хатти-ҳаракатлари билан мамлакатдаги ирқий ажралишни янада чуқурлаштириб юборишда айбламоқда.

Трамп эса демократларни ноқонуний намойишларни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатни ғавғога қориштирган гуруҳларнинг бир парчасига айланишда айбламоқда. Ҳар икки томон ҳам содир бўлаётган воқеалардан ўз сиёсий манфаатларига мос равишда фойдаланишга ҳаракат қилишаётганини яшириб ўтиришмаяпти.

Трамп, шунингдек, етарлича қаттиққўл бўлмагани учун губернаторларни танқид қилди ва намойишчиларга нисбатан янада қаттиқроқ чоралар кўришга чақирди. У мамлакатдаги зўравонликларга қарши чора кўриш учун минглаб оғир қуролланган ҳарбий хизматчи ва хавфсизлик кучларига топшириқ берилгани ҳақида эълон қилди.

Рақамлар гапирганда: Жорж Флойднинг ўлими истисно эмасми?

Воқеаларнинг энг асосий хусусияти шундаки, полиция ҳам, намойишчилар ҳам зўравонликда бир-бирларидан қолишишмади. Бу эса тартибсизликларнинг тобора авж олишига сабаб бўлди.

Америка полициясининг тинч аҳолига қарши ортиқча куч ишлатиш ҳолатлари янгилик эмас. Масалан, Миннеаполис полиция бошқармасининг куч ишлатишни қайд этиш маълумотларига кўра, ўлимга олиб келадиган бўйинни сиқиш усули 2015 йилдан ҳозирга қадар камида 237 марта қўлланган. Ушбу воқеаларнинг 44тасида гумонланувчилар ҳушини йўқотган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Жорж Флойднинг ўлими истисно эмас.

«Полиция зўравонлигини харитага тушириш» (Mapping Police Violence) номли нодавлат ташкилот маълумотларига кўра, 2013-2019 йилларда АҚШ полицияси томонидан 7 минг 666 киши ўлдирилган. Қора танли америкаликлар эса ушбу ўлимларнинг номутаносиб қурбонига айланишган. Ушбу маълумотларга кўра, бир қора танли фуқаро полиция томонидан ўлдирилиш эҳтимоли оқ танли фуқароларга солиштирганда икки ярим баравар кўпроқдир. Ҳатто баъзи штатларда бу кўрсаткич тўққиз мартадан ҳам юқори. Шу туфайли, қора танли фуқароларга қарши қаратилган полиция зўравонлиги «Қора танлилар ҳаёти қадрли» (#BlackLivesMatter) каби ҳаракатларга сабаб бўлганди.

«Antifa» гуруҳи террорчи ташкилотми?

Намойишлар радикал гуруҳлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда  GETTY IMAGES

Охир-оқибат, ўзаро зўравонлик спиралининг иккинчи учидан намойишчилар ҳам жой олди. Юзлаб одамлар хавфсизлик кучларига қаршилик кўрсатиш, ўғирлик, босқинчилик, ўт қўйиш ва вандализмда айбланиб, ҳибсга олинди. Айрим ҳолатларда эса зўравонликлар тизимли тарзда уюштирилди. Яъни бу жараёнда баъзи бир анархист ва зўравон гуруҳлар ҳам саҳнага чиқди. Шунинг учун ҳам президент Трамп «Antifa»  номли антифашистик гуруҳни тўғридан тўғри айблади.

Оқ уй берган баёнотга кўра, АҚШ адлия вазирлиги ушбу гуруҳни террорчи ташкилот, деб таснифлаш жараёнини бошлашга қарор қилган. Аввалроқ «Antifa» гуруҳи томонидан бир неча террор ташкилотларига ёрдам берилгани ҳақидаги хабарлар тарқаганди.

Намойишлар таъсири чуқур ҳис қилинмоқда

Фото: EPA/Vostock-photo

АҚШда ҳануз давом этаётган ва натижалари ҳали тўлиқ башорат қилинмаган ушбу ижтимоий воқеаларни фуқаролик уруши, деб аташ ёки буни АҚШнинг якуни сифатида баҳолаш, албатта, муболаға бўлар эди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, АҚШнинг яқин тарихи қурбонлар ва бир неча кунлаб давом этган норозиликлар билан тўла. Бу, албатта, айни пайтда содир бўлаётган воқеаларнинг аҳамиятсиз эканини англатмайди. Айтиш мумкинки, янги турдаги коронавирус эпидемиясидан улкан зарар кўрган Америка жамияти ушбу намойишлар таъсирини анча чуқур ҳис қилмоқда.

Фожиавий йил манзараси

Фото: EPA/ТАСС

Баъзи кузатувчиларнинг фикрича, 2020 йил АҚШнинг замонавий тарихидаги энг фожиали йил бўлди. Ушбу йил давомида «Буюк тушкунлик» даврига қараганда кўпроқ америкалик ишсиз қолди. Эпидемия туфайли ҳатто баъзи урушлардагидан кўра кўпроқ АҚШ фуқаролари вафот этди. Эпидемияга қарши курашдаги муваффақиятсизлик давлат ва хусусий сектор имкониятларига бўлган ишончга жиддий путур етказди.

Мамлакат келажаги ҳақида пессимистик манзарани чизаётган баъзи кузатувчиларнинг фикрига кўра, АҚШ жамияти ҳеч қачон бугунгичалик қутблашмаганди. Фуқароларни, ҳатто матбуот вакилларини нишонга олган полиция кучлари давлатнинг нақадар бешафқатлигини кўрсатиб қўйди. Кўплаб намойишчиларнинг талончилик ва ўғриликка қўл уриши эса ижтимоий бузилиш кўламини ўртага чиқарди.

Сиёсатчиларнинг бирлашиш ўрнига бир-бирига қарши курашга киришиб кетгани келажакка бўлган ишончни сусайтирди. Узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган ва эътибор берилмаётган ижтимоий тенгсизлик масаласи яна кун тартибига чиқди. Мамлакатнинг кейинга қолдирилган муаммоларини йўқ деб ҳисоблаш эндиликда имконсиз ҳолга келди. Марказий ва маҳаллий ҳукуматлар ўртасидаги келишмовчиликлар бутун тизимни ишдан чиқара бошлади. Дунёдаги умумий аҳвол ёмонлашаётганини инобатга олган ҳолда айтиш мумкинки, оғир яраланган АҚШнинг глобал лидерлик даъвоси аллақачон ўз маъносини йўқотди.

Баъзилар «Америка орзуси» тарихга айлангани, баъзилар эса бундай орзу, аслида, ҳеч қачон мавжуд бўлмаганини айтишмоқда. Содир бўлган ягона нарса – ниқобларнинг ечилгани, ёлғон пардаларининг йиртилгани, ширин хаёллардан аччиқ ҳақиқатлар сари қайтилганидир.

Отабек Тиллаев тайёрлади

Мавзуга оид