Ўзбекистон | 15:34 / 21.03.2026
18968
2 дақиқада ўқилади

Йўл қоидабузарликларини қайд этиш тартиби ўзгаради

Йўл ҳаракати қоидалари бузилишини аниқлаш ва расмийлаштириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартишлар таклиф этилди.

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳасига кўра, Йўл-патрул хизмати (ЙПХ) ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартибига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, йўл қоидабузарликларини аниқлашда мобиль қурилмалардан фойдаланиш тартиби аниқ белгилаб берилади. Шунингдек, кўчма фоторадарлар ва мобил комплекслар орқали қоидабузарликларни қайд этиш механизмлари такомиллаштирилади.

Янги тартибга кўра, ЙПХ ходимлари қоидабузарликни аниқлаганда, аввал ҳайдовчига унинг моҳиятини тушунтириши, сўнгра ҳужжатларни текшириб, тегишли чоралар кўриши лозим бўлади.

Лойиҳада алкотестер, наркотестер, тауметр ва планшет каби махсус техник воситалардан фойдаланиш қоидалари ҳам аниқлаштирилмоқда. Ушбу қурилмалардан фойдаланишда уларнинг сертификати мавжуд бўлиши ва ҳайдовчи талаб қилганда тақдим этилиши шарт этиб белгиланмоқда.

Шунингдек, ҳайдовчиларда қоидабузарликни қайд этган мосламалар натижаларига нисбатан шубҳа туғилса, улар мосламаларнинг қиёслаш сертификатларини кўришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мазкур ўзгартишлар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашни кучайтириш, шунингдек, ЙПХ ходимлари ва ҳайдовчилар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган баҳсли ҳолатларни камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид