«Гендоверенность» хатарлари: ҳеч нарсадан ҳимоя қилмайдиган ишончсиз қоғоз
Жамоатчилик бонг уришига қарамай, автобозордаги мантиқсиз тартиблар ва одамлар гарданига юк бўлаётган бемаъни харажатлар ҳамон сақланиб қолмоқда.
Мақоланинг биринчи қисмида автомобил олди-сотдисини расмийлаштириш ниҳоятда қимматга тушиши ҳақида батафсил тўхталинганди. Хўш, нисбатан арзонроқ бош ишончнома қандай риск ва хатарларни вужудга келтиради? Машинанинг аввалги ва янги эгалари учун қандай ноқулайликлар туғдиради? Энди шулар ҳақида.
«Гендоверенность»нинг машина мулкдорига етказадиган ноқулайликлари
Энг аввало, шуни англамоқ керакки, автомашина техпаспортида исм-фамилияси ёзилган фуқаро қонунга кўра ҳам, барча базаларда ҳам машина мулкдори сифатида қолаверади. Нотариусда бош ишончнома расмийлаштирилса ҳам уни мулк ҳуқуқи тарк этмайди. Ёки бош ишончнома орқали машина «харид» қилган инсон ҳали унинг мулкдори саналмайди. Шунчаки, у автомобилни ҳайдаши ва бошқага сотиши мумкин.
Бизда машинани олди-сотди шартномаси билан расмийлаштириш харажатлари одат тариқасида харидор томонидан амалга оширилади. Биз ҳикоя қилаётганимиз — бош ишончнома орқали яширин харид қилиш ташаббуси ҳам улардан чиқади. Катта пулга хотиржамликдан кўра, таваккал қилиб кичикроқ пулга бошоғриқ сотиб олишга мажбур бўляпти одамлар.
Машинани ҳайдаб юрган «харидор»нинг йўл ҳаракати қоидаларини бузгани радар ва камералар ёрдамида аниқланса, баённома ва жарима тўлови тўлаш ҳақидаги хабарнома автоматик равишда автомобил мулкдорининг манзилига жўнатилади. Бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 17(1)-моддасида белгилаб қўйилган.
Автомашинани бош ишончнома билан ҳайдаб юрган кишиларнинг қоидабузарлиги йўлларда радар ва камераларга тушса, уларга хабарнома ҳам бормайди, ДЙҲХХ уларни ахтариб топиб, жаримани ундириб ҳам ўтирмайди ва жаримани ундириш Мажбурий ижро бюросига ўтади.
МИБ учун қийинчиликлар
Жарималарни тўлаш пайсалга солинса, МИБ томонидан турли тақиқлар ва қўшимча жарималар солинишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Биз суҳбатлашган МИБ инспекторининг тушунтиришича, ундирув МИБга келиб тушгач, ижро иши қўзғатилади («дело» очилади). Ҳайдовчига жаримани тўлаш учун 15 кун вақт берилади. Кейин жаримани ундириш учун унинг суммасининг 2 фоизи миқдорида арзимаган ижро йиғими ва жарима қўлланади.
Ижро иши қўзғатилгач, 15 кун ичида жарима тўланмаса, БҲМ (270 минг сўм)нинг 1 баробаридан 5 баробаригача жарима ҳам қўшилади.
Машинани ишончнома орқали биров бошқарган бўлса ҳам, жарима ва йиғим ундируви мулкдорга қаратилади.
Хуллас, жарима ва ижро йиғим сўндирилмагунга қадар қўзғатилган ижро иши ёпилмайди, оқибатда мулкдорнинг бошқа мулклари хатланиши, уларга тақиқ қўйилиши, ундирув унинг ойлик маоши ва бошқа даромадларига қаратилиши мумкин.
Амалиётда шундай ҳолатлар учраганки, автомашина қўлдан-қўлга ишончнома билан «сотилаверган». Ҳайдовчи машинанинг асл эгаси ким эканлигини ёки аксинча, мулкдор машинасини ҳозир ким бошқариб юрганини ҳам билмайди. Бундай ҳолатларда иш судлашишгача етиб боради, албатта.
Ёки МИБ машина мулкдорига 2 марта қўнғироқ қилиб, жаримани тўлаш кераклигини айтиб безовта қилса, у дарҳол нотариусга бориб ишончномани бекор қилиб ташлаб, машинани талаб қилган ҳолатлар ҳам бўлган.
Вазиятнинг энг чалкаш жойи шундаки, «ГАИ» органлари ўзлари 2 ой ичида қоидабузарни топишлари, жаримани ундиришга ҳаракат қилишлари лозим. Лекин қоидабузарни топиш қийинлиги туфайли видео ва фото қайд этувчи қурилмалар орқали аниқланган қоидабузарликлар маъмурий баённомаси МИБга ўтказилади (бу ҳолатда «ГАИ» қоидабузарни ундирув МИБга ўтгани борасида SMS орқали огоҳлантириб ҳам ўтирмайди).
Сўнг МИБ ижрочилари минг бир азобда мулкдор ёки қоидабузарни топиб, жаримани ундиради — жарима суммаси эса тўлиқ ДЙҲХХ ҳисоб рақамига тушади.
Кейин навбатдаги бошоғриқ бошланади: ЙПХ ходимлари ҳайдовчиларни тўхтатиб, планшетдан машинада қоидабузарлик содир этилганини кўриб, жарима осилиб турганини маълум қилишса — гарчи ундирув аллақачон МИБга ўтган бўлса-да, ҳайдовчилар маъмурий баённома рақамига қараб, жариманинг ўзинигина тўлаб қўйишади. МИБ ходимларининг ҳам тушунтиришларига қарамасдан, аксарият ҳайдовчилар «ГАИ»нинг кассасига бориб, фақат қоидабузарлик учун жаримани тўлашади. Бояги арзимаган 2 фоизлик ижро йиғими ва МИБ жаримаси яна бўйинларида қарз бўлиб қолиб кетаверади.
Хатарлар автомобилни ишончнома орқали «харид» қилган шахсда кўпроқ
Машина мулкдори исталган дақиқада ишончномани бекор қилиши мумкин. Нотариус уни бекор қилишга мажбур ва бунда иккинчи томоннинг розилиги талаб этилмайди ҳам. Бу ҳолда нотариус ҳаттоки бекор қилишнинг сабабини сўрашга ҳам ҳақли эмас.
Мулкдор ғараз ниятли бўлса ёки худо кўрсатмасин, ўлиб-нетиб қолса, «харидор» автомобилдан ҳам, пулидан ҳам ажралиб қолиши ҳеч гап эмас.
Агар машина мулкдори вафот этса, автоматик равишда бош ишончнома бекор бўлади. Ундан кейин тузилган бош ишончномалар ҳам пайдар-пай бекор бўлади. Автомобил мулк, у меросхўрлари ўртасида тенг тақсимланади. Фарзандларидан бирортаси ноинсоф чиқиб қолса, куйдим деяверинг. Машинани тортиб олиб, сотиб, ўз улушини олмагунча қўймайди (Яқиндан бошлаб нотариал идоралар ФҲДЁ базасига уланган, машина мулкдори ҳаётми, вафот этганми, бир зумда аниқланмоқда).
Энди бош ишончнома орқали «олди-сотди» келтирган кўргиликларга тўхталамиз
Биринчи ҳолат. Ишончнома орқали автомобилни «харид» қилган шахс уни бошқа кишига сотмоқчи бўлади. Нотариусда расмийлаштириш жараёнида автомобил банк гаровида тақиқда тургани аён бўлади. Маълум бўлишича, автомобилни бошқа кишига ишончнома орқали «сотган» мулкдори бироз ўтиб уни гаровга қўйиб, кредит олишга муваффақ бўлган. Кредит эса ўз вақтида сўндирилмаган. Банкка тушунтириш олиш учун борганда эса, банкирлар анчадан буён бу автомобилни қидириб топа олишмаётгани маълум бўлган ва автомашина жарима майдончасига киритиб қўйилган.
Иккинчи ҳолат. Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаролардан бири қўшни вилоятдан автомашина харид қилади ва бош ишончнома орқали 2,5 йил давомида ҳайдаб юради.
Сўнгра машинани сотиб юбориш учун шаҳар кўчаларидаги тураргоҳ-бозорлардан бирига жойлаштиради. Ўзи хорижий давлатга саёҳатга кетган чоғда, тураргоҳ қоровули ЙПХ ходимлари келиб, автомашина ЙТҲда иштирок этгани учун уни жарима майдончасига олиб кетишаётганини хабар қилади.
«Машинанинг барча ҳужжатлари уйимда турибди-ку», дея эгаси ўзини хотиржам қилади. Бироқ хориждан қайтиб келганида машинасининг изини ҳам топа олмайди.
Кейинги суриштирувлардан маълум бўлишича, машинага қўшни вилоятдаги ДЙХҲБда янги қайд этиш гувоҳномаси олиниб, нотариус орқали умуман бошқа одамга олди-сотди шартномаси билан расмийлаштириб берилган бўлиб чиқади.
Машина номида турган шахс «машинани сотганимизга 3 йилча бўлди, бу вақт ичида харидорнинг юзи эсимда қолмаган, техпаспорт билан олдимга расмийлаштирайлик, деб келишди. Нотариусда имзо қўйиб бердик», деган.
Машина расмийлаштиришнинг бу қадар қимматлиги мана шундай фирибгарлик жиноятлари содир бўлишига ҳам замин яратмоқда. Ишончнома орқали машина «харид» қилганлар унга тўлиқ эгалик қила олмасдан, судма-суд сарсон бўлишмоқда.
Давлат ўз фуқароларга қийинчилик туғдирадиган бундай ҳолатларни албатта бартараф этиши керак!
Хўш, шундай қилиб олди-сотди шартномаси ва ишончноманинг асосий фарқи нимада экан?
Албатта, ишончнома орқали автони яширин харид қилишдан кўра олди-сотди шартномаси тузиб харид қилиш минг чандон хавфсизроқ. Чунки олди-сотди шартномасида фуқаро ўзининг пулини ҳимоя қилиб қўяди: шартномада мулк ҳақиқатан сотилгани, сотган шахс ҳақиқатан пулини олгани кўрсатиб ўтилади. Ишончномада эса бундай шартлари йўқ.
Қизиқ, яқин хорижда автомобилни қайта расмийлаштириш харажатлари қанча экан?
Иккиламчи бозордан харид қилинган автомобилни олди-сотди шартномаси орқали бошқа шахсдан ўз номига қайта расмийлаштиришда тўланадиган харажатлар бизга яқин айрим давлатларда анча арзон. Боз устига уларнинг барчаси нотариусда мажбурий тарзда олди-сотди шартномасини расмийлаштириш, деган талаб йўқ. Фақат олди-сотди шартномасини саводли қилиб тузишда юридик маслаҳат хизмати кўрсатилади, холос.
- автомобилнинг аввалги давлат рақами сақлаб қолинган ҳолда ўзга шахс номига ўтказиладиган бўлса — 850 рубль (119 минг сўм);
- янги давлат рақами олинса — қўшимча яна 2000 рубль (280 минг сўм) тўланади.
- қайта расмийлаштириш учун ариза онлайн берилса, 30 фоиз чегирма бор.
- Нотариус хизмати 2000-3000 рубль (280–420 минг сўм) орасида.
Қозоғистонда:
- ўз номига расмийлаштириб янги техник паспорт олиш — 3646 танга (92 минг сўм)
- Нотариус хизмати 30 000 танга (720 минг сўм). Қозоғистонда ҳам ўзимиздагидек ишончнома орқали машинани «сотиш» кенг тарқалган ва хатарли томонлари санаб ўтилган.
- қайта расмийлаштириш — 1360 қирғиз сўми (165 минг сўм)
- янги давлат рақами сотиб олинмаса — 460 қирғиз сўми (56 минг сўм)
Қирғизистонда ҳам қонунчиликда нотариал тарзда автомобил олди-сотди шартномасини расмийлаштириш ва тасдиқлаш мажбурияти кўзда тутилмаган.
- Украинада ишлаб чиқарилган автолар учун — 525 гривна (210 минг сўм);
- импорт автомобиллар учун — 563 гривна (225 минг сўм);
- агар эски давлат рақами сақланиб қолинадиган бўлса, сумма янада камаяди.
- Автомобил 1 йилда 1 марта сотилса 5 фоиз даромад солиғи олинади.
- Транспорт йиғими 2000 гривна (800 минг сўм);
- Нотариус хизмати харажатлари 1800-2000 гривна (720–800 минг сўм)
Кўряпмизки, МДҲ давлатларида янги авторақам билан қайта расмийлаштириш, солиқлар, йиғимлар билан энг қиммати 120 АҚШ доллари атрофида харажат қилинмоқда.
Рақамлар нима дейди?
Ўзбекистонда 2020 йил давомида нотариуслар 781 минг 425 та ишончнома расмийлаштирган бўлиб, шулардан 400 минг 677 таси (!) – автомототранспортни тасарруф этиш ҳуқуқи билан берилган ишончномалар.
Автомобил олди-сотди шартномалари эса 319 минг 565 тани ташкил этмоқда. Яъни инсофсиз даражада ўрнатилган тўловлар автомобил харидорларининг ярмидан кўпини ишончнома тузишга мажбурлаяпти.
Бир муддат аввал харид қилинганига 1 йил бўлмаган янги автомашиналарни сотишга република бўйича жуда катта, қарийб авто нархига тенг бож жорий қилинган эди. Бу ишлаб чиқарилганига 1 йил бўлмаган автомашиналарни сотиш учун ўзига хос тақиқ эди.
Албатта, фуқароларнинг автосалондан машиналарни харид қилиб, уни дарҳол автобозорга чиқариб, фойдаси билан сотишининг олдини олиш учун қилинган найранг эди бу. Мана шундай тақиқловчи нормалар қайта кўриб чиқилиб, бекор бўлиб кетди. Демак, халққа енгиллик яратиб, бекор қилса бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидалиги белгилаб қўйилган.
Автомобиллардан бир неча баробар қиммат турадиган уйларни иккиламчи бозорда олди-сотди қилганда ўз номига расмийлаштириш арзимас пулга тушади-ю, иккиламчи бозордан автомобил сотиб олиб, ўз номига расмийлаштирмоқчи бўлганлар негадир «соғин сигир» қилиб қўйилгани чиндан ҳам ҳайратланарли.
Автомобилга мулк ҳуқуқини расмийлаштиришдаги тўловлар нимага асосланиб бунчалик баланд ўрнатилган? Ахир бу хизматларни бажариш оғир ва машаққатли иш эмас-ку? Қайси мантиққа кўра, автомобилни расмийлаштиришда унинг ёши ва двигател ҳажмига қараб харажатлар кескин ошиб боради?
Бундай баланд суммаларнинг ўрнатилгани мулкдор бўлиш ҳуқуқининг сунъий равишда чекланиши эмасми?
Сўнгсўз ўрнида
Автомобиль ҳам мулк. У Ўзбекистонда, автосалондан харид қилинганда ҚҚС тўланади, йўл фондига 3 фоизлик ажратма ҳам харидор гарданида. Ёки чегара орқали хориждан кериб келганда давлат божи олинади. Шу етарли эмасми?
Қолган пайтларда у фойдаланиш асносида сотилса, фақат қайта расмийлаштириш ва давлат авторақами учун тўлов қилиниши ва нотариал идорада худди квартирани расмийлаштирганлик каби тўлов қилиниши шарт.
Бир автомобиль 10 марта сотилса расмийлаштиришга 10 марта миллионлаб пул олиниши ҳеч жойда кузатилмаган ҳолат.
Агар бундай тўсиқлар янги автомобил савдоси юришиши учун қилинган бўлса, бу ниҳоятда ғирром усул. «ЎзАвтоМоторс» томонидан ишлаб чиқарилган янги автомобиллар автосалонларда сотилмай ётганида ҳам бошқа гап эди. Лекин харидорларга автомобиллар ўз вақтида етказиб берилмаяпти-ку?
Агар мақсад маҳаллий бюджетни тўлдириш бўлса, бу ҳам ғирром усул. Ҳайдовчилар шундоқ ҳам сарфлаётган ёнилғисидан солиқ тўлашади. Қолаверса, одамларимиз автомобил олиш учун йиллаб маблағ йиғишади. Белгилаб қўйилган божларни эса ҳамманинг чўнтаги кўтаравермайди.
Шундай экан, иккиламчи бозордан харид қилинган автолар учун ортиқча тўловларни бекор қилиш вақти етиб келмадимикан? Айтайлик, автони тўлиқ қайта рўйхатга олиш учун ҳозир одамлар тўлашга тайёр бўлган, қурби етадиган — бош ишончномага сарфланаётган сумма миқдоригача тушириш.
Юртимизда пойтахт пропискаси, хорижий валютанинг давлат томонидан белгилаб қўйилган давлат курси каби бўлмағур ва ғирром амалиётларга барҳам берилди. Балким бунинг ҳам навбати келгандир?
Бугун қалам урилган мавзуда Kun.uz аввал ҳам чиқиш қилган эди. Лекин кўтарилган масалага ҳеч қандай реакция билдирилмади. Балки бунисига ҳам ҳеч бир масъул эътибор бермаслиги мумкин. Аммо, оғриқли бу масалага эътибор берилгунича чиқиш қилавериш журналистнинг вазифаси. Чунки прописка ва валютадаги ғирромликларга ҳам шу йўл билан барҳам берилгани очиқ тан олинадиган факт.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Мавзуга оид
16:53 / 07.01.2022
«Бизга ҳеч қандай ҳужжат келмаган» – ЙҲХБда автомобил сотиб олганлик учун йиғим талаб этилиши давом этмоқда
19:36 / 15.11.2021
1 январдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади
13:02 / 26.10.2021
Иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш учун ундириладиган йиғимлар бекор қилиниши мумкин
18:10 / 30.09.2021