Атрофга назар солинг. Кўчалар машиналарга тўла. Cтатистикага кўра ҳозир ҳар икки оиладан бирида автомобиль бор. Бу ижобий кўрсаткич, албатта.

Шу кунларда янги авто учун тўлов қилиб, автосалонда ўз навбатини кутаётганлар сони 30 мингдан ортиқни ташкил этар экан. Вазият шу даражага бориб етганки, автосалонлардаги навбатлар ҳам сотилмоқда.

Афсуски, бор-е, деб қўл силтаб, хориждан янги автомобиль олиб кирмоқчи бўлсангиз, қарийб шу авто нархига тенг миқдорда бож тўлаш талаб этилади. Бу ишлар миллий автосаноатни рақобатдан «ҳимоялаш» учун қилингани исбот талаб қилмас аксиомадек гап.

Миллий автосаноат эса эҳтиёжларни қондира олмаяпти. Авто нархлари қиммат экани, эҳтиёжни қондириш ва рақобатни таъминлаш учун хорижий автоларга ўрнатилган божни бекор қилиш масаласи бот-бот кўтарилмоқда.

Аммо бундан ҳам аввалроқ ечилиши лозим бўлган муҳимроқ вазифа бор — иккиламчи бозордан харид қилинган автомобилларни қайта расмийлаштиришга жорий этилган ҳаддан зиёд давлат божларини пасайтириш керак. Бугун яна шу ҳақида гаплашамиз.

Сўзимиз аввалида ҳайдовчилардан бири бошидан кечирган воқеа билан танишинг.

Постда йўл-патрул хизмати ходими унинг машинасини тўхтатиб, ҳужжатларни сўрайди. Ҳужжатлар билан таниша туриб, аввалига ишончнома сўраган ходим, кейин бироз таажжубланиб, «узр, машина ўз номингизда экан-а?» дейди. Бу таажжуб сабабини сўралганида «аксарият ҳайдовчилар бош ишончнома (халқ тилида «гендоверенность») билан юришини айтган.

Хўш, бош ишончнома («гендоверенность») нима ўзи?

Бу — автомобилни бошқариш ва тасарруф қилиш ҳуқуқини берувчи, нотариал тасдиқланган ишонч қоғози бўлиб, у билан машинани бошқариш, машина эгасининг номидан иш кўриш, эҳтиёж туғилганда шу қоғоз билан автомобилни бошқа шахсга сотиб юбориш ёхуд бошқа шахсга бошқа ишончнома беришини таъминловчи ҳуқуқ.

Моҳиятан, мулк эгаси Ўзбекистонда бўлмаганда ёки ўзи иштирок этишни ҳоҳламаганда уни сотиш ёки тасарруф этиш учун бошқа шахсга бош ишончнома берилиши керак. Хусусан, уй ва квартиралар олди-сотдиси масаласида бу қоғоз шундай ишлайди.

Лекин автомобилни ўз номига олди-сотди шартномаси орқали расмийлаштириб олиш қимматга тушиши сабаб одамлар автомобилларни бош ишончнома орқали «харид» қилишга мажбур бўлмоқда.