Ўзбекистон | 11:55 / 04.03.2024
32205
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта давомида ҳаво ҳарорати кўтарилади

Ўзбекистон бўйича 4-8 март кунларига об-ҳаво прогнози эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Март ойининг биринчи кунларида қиш яна бир бор совуқ об-ҳаво ва қор кўринишидаги ёғингарчиликлар билан ўзини эслатди. Бугун эрталаб ҳаво ҳарорати -2...-5 даражагача, шимолда -7...-12 даражагача пасайди.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, кундуз кунлари ҳароратнинг жадал кўтарилиши бошланади, ҳарорат кўтарилиши иш ҳафтаси охиригача давом этади.

4-7 март кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. 8 мартда республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади.

Бугун кундузи ҳаво ҳарорати +4...+9 даража бўлади, сўнг ҳафта охиригача ҳарорат +13...+18 даражагача аста-секин кўтарилади. Ҳарорат кечаси -2...-5 даражадан +2...+5 даражагача кўтарилади.

Шамол асосан шарқий йўналишда бироздан ўртачагача бўлган тезликда эсади, 8 мартда баъзи жойларда 15-18 м/с гача кучаяди. 5-6 март кунлари республиканинг айрим жойларига туман тушиши мумкин. 6-7 март кунлари айрим тоғли ҳудудларда, 8 мартда тоғли ҳудудларнинг катта қисмида ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади. Қор кўчиши хавфи бор.

Пойтахтда 4-7 март кунлари ёғингарчилик кутилмайди, 8 мартда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат кечалари -0...-2 даражадан +3...+5 даражагача, кундуз кунлари +5...+7 даражадан +15...+17 даражагача кўтарилади. 6-7 мартда кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шамол шарқдан 3-8 м/с тезликда эсди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид