Ўзбекистон | 22:53 / 18.07.2018
9893
3 дақиқада ўқилади

Сўровнома: Оила - ўзбекистонликлар учун бош ҳаётий қадрият

Фото: ЎзА

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ оила ва никоҳ, фарзандлар тарбияси, уйғун ривожланган авлодни шакллантириш масалалари бўйича жамоатчилик фикри ўрганилди.

Ўзбекистоннинг барча минтақаларида яшовчи 18 ва ундан катта ёшдаги аҳоли ўртасида ўтказилган сўровномада 49,2 фоиз эркаклар ва 50,8 фоиз хотин-қизлар иштирок этди. 

Жамоатчилик фикри сўровининг кўрсатишича, оила ўзбекистонликлар учун бош ҳаётий қадрият ва ҳозирги Ўзбекистон жамиятининг асосий ҳаётий йўналишларини белгилаб берувчи муҳим омил ҳисобланади. 

Олинган натижаларнинг кўрсатишича, кўпчилик фуқароларнинг тасаввурида (71,4 фоиз) оила – бу қариндошлик ва никоҳ ришталари билан ўзаро боғланган кишиларнинг бирлашмасидир, у жамият ва давлатнинг асоси ҳисобланади. Сўровлар мониторингининг аниқлашича, ушбу кўрсаткич кейинги йиллар давомида барқарор бўлиб қолмоқда (2015 йилда 70,5 фоиз, 2017 йилда 70,2 фоиз, 2017 йилда 71,4 фоиз). 

Сўров жараёнида фуқароларнинг 38,3 фоизи ёш авлодни тарбиялаш, бола шахсини шакллантириш, унинг лаёқати ва қизиқишларини уйғун ривожлантириш, болаларга оиланинг катта аъзолари томонидан тўпланган ижтимоий тажрибани бериш, уларнинг ақл-идрокини бойитиш, эстетик ривожлантириш, уларнинг жисмоний камолотига ва саломатлигини мустаҳкамлашга ёрдам бериш масалаларини оиланинг бош вазифаларидан бири сифатида қайд қилди.

Инсон ҳаётида оила қандай роль ўйнаши ҳақидаги саволларга респондентларнинг жавоблари доирасида олинган натижалар шуни кўрсатадики, ўзбекистонликларнинг 43 фоизи учун оила – бу унга ишончли таянч ва мадад ҳисобланувчи, унга ҳаётда ишонч бағишловчи қўрғондир. 45 фоиздан ортиқ сўров иштирокчилари асосийси фарзандларнинг туғилиши ва уларнинг тарбияси, деб жавоб беришди.

Сўров жараёнида ўзбекистонликларнинг никоҳга кириш ва оила тузишнинг мақбул ёши ҳақидаги тасаввурлари аниқланди. Олинган натижаларга мувофиқ, ҳар иккинчи респондент  эркак кишининг 24-25 ёшда оила қургани мақбул, деб ҳисоблайди. 

Мониторинг 26-27 ёшни уйланиш учун энг мақбул ёш эканлиги ҳақидаги нуқтаи назарга қўшилувчи респондентлар сонининг ўсганлигини аниқлади, ушбу кўрсаткич 2017 йилдаги натижалар билан қиёслаганда 3,3 фоизга ўсди ва 26,5 фоизни ташкил қилди.

Эрта никоҳларни (18-20 ёш) қўллаб-қувватловчи, шунингдек, эркаклар янада етук ёшда (28 ёш ва катта ёшда) оила қуриши керак деб ҳисобловчи фуқаролар улуши унчалик кўп эмас (тегишлича 2,2 фоиз ва 4,5 фоиз) ва кейинги йиллар мобайнида барқарор қолмоқда.

Сўровнинг кўрсатишича, мамлакат фуқароларининг 60,3 фоизи 21-23 ёшни қизларнинг турмушга чиқиши учун энг мақбул ёш деб ҳисоблашади (ушбу кўрсаткич 2017 йил билан қиёслаганда 5,1 фоизга камайди – 65,4 фоиз). Айни пайтда 18-20 ёшни қизларнинг турмуш қуриши учун энг мақбул ёш деб ҳисобловчи респондентлар сони 3,9 фоизга ўсди (2017 йилда 24,5 фоиз, 2018 йилда 28,4 фоиз).

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид