Аёллар дунёси | 10:38 / 10.11.2025
2150
4 дақиқада ўқилади

Оиладаги тинчлик фақат муҳаббатдан эмас — ҳар ёшнинг ўз психологияси бор

Инсон ҳаётида ҳар бир ёшнинг ўз “руҳий вазияти” бор. 25 ёшда орзу, 35 ёшда масъулият, 40 ёшда қайта баҳолаш бошланади. Агар эр ва аёл бир-бирининг ана шу босқичларини тушуна олса, оиладаги тинчликни сақлаб қолиш мумкин.

Фото: REUTERS

Оилаларда тинчликни, мувозанатни сақлаш фақат муҳаббат ёки иқтисодий барқарорликка боғлиқ эмас. Кўпинча муносабатлардаги мувозанат — эркак ва аёлнинг муайян ёш босқичларидаги психологик ҳолатини тўғри англашга боғлиқ бўлади. Илмий тадқиқотлар шундан далолат берадики, инсон ҳаётида бир неча руҳий “бурилиш нуқталари” мавжуд ва айнан шу пайтларда эътибор, мулоқот ва муносабат шаклини ўзгартириш талаб этилади.

25–30 ёш: аёл учун “ўзини топиш”, эркак учун “масъулият босими” ҳисобланади. Бу ёшда кўп аёллар ҳаётдаги ўз йўлини белгилашга, ким эканини англашга ҳаракат қилади. Айримлари иш билан, айримлари оила ва фарзанд тарбияси билан банд бўлади. Шу босқичда ички зиддиятлар — “мен кимман?”, “ўзим истагандай ҳаётда яшаяпманми?” каби саволлар кўпайиши табиий ҳол.

Эркаклар эса айнан шу даврда оила бошлиғи сифатида молиявий ва ижтимоий босимни ҳис қилади. Уларда “мен етарлича таъминлай оляпманми?” деган хавотир кучаяди.

Психологлар бу даврни “бир-бирини эшитиш ва тан олиш босқичи” деб атайди. Аёллар учун “сенинг фикринг мен учун муҳим” деган ибора, эркаклар учун “мен сенга ишонаман” дегани катта эмоционал таянч бўлади.

Ундан кейинги босқич эса 33–38 ёш: чарчоқ ва қайта баҳолаш даври бўлиб келади. Кўпчилик аёллар учун бу ёш руҳий чарчоқ даври. Болалар, уй, иш, жамиятдаги “қандай она бўлиш керак?” деган босим уларни ҳиссий томондан чарчатиб қўяди. Бу ҳолат кўпинча депрессия эмас — балки ички қайта баҳолашнинг бошланиши. Психологлар бу пайтда аёлга дам бериш, қўллаб-қувватлаш, унинг шахсий вақтига ҳурмат билан қарашни тавсия қилади.

Эркаклар ҳам бу ёшда маълум даражада сукутга берилади. Бу ҳам чарчоқ сигнали бўлиши мумкин. “Сенга ишонаман”, “соғлигингни асра”, “дам ол” деган оддий сўзлар муносабатдаги тарангликни камайтиради.

40–45 ёшга келиб қайта қурилиш ва ўзини қайта кашф этиш даври бошланади. Гормонал ўзгаришлар, фарзандларнинг катта бўлиши ва “ҳаёт тез ўтди” деган ҳис аёлда ҳам, эркакда ҳам пайдо бўлади. Бу босқични психологлар “ўрта ёш инқирози” деб атайди. Аёллар ўз қадрини қайта баҳолайди, янги қизиқишлар пайдо бўлади. Эркаклар эса “мен кимман?” деган ички саволни беришни бошлайди. Кимдир ишини алмаштиради, кимдир янги муносабат қидиради — бунинг замирида “қайта қадрланиш истаги” ётади. Бу ёшда танқид ўрнига тинч мулоқот, биргаликдаги мақсадлар ва янги қизиқишлар — муносабатни сақлаб қолишнинг асосий воситасидир.

50 ёшдан кейин аёллар ҳам, эркаклар ҳам ҳурмат ва қадрни истаб қолишади. Эркаклар бу ёшда ҳаётни баҳолайди, сокинликни хоҳлайди. Аёллар эса кўп ҳолларда фаол бўлиб, жамиятда ўз ўрнини мустаҳкамлайди. Шу боис бу ёшдаги муносабатлар тенглик ва ўзаро ҳурмат асосида қурилиши керак. “Ҳаётдаги энг муҳим инсон сенсан” дея тан олинган ибора ёки кичик эътибор — орада пайдо бўлган совуқликни енгиб ўтиши мумкин.

Муҳаббатни сақлаш учун фақат гул ёки совға етарли эмас. Ҳар бир ёш босқичда инсоннинг эҳтиёжи ўзгариб боради. Кимдир эшитишни, кимдир қадрланишни, кимдир дам олишни хоҳлайди. Оиладаги мувозанат — ҳиссиётларни тушуниш маданияти билан мустакамланади.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид