Жаҳон | 18:33 / 29.06.2023
32560
2 дақиқада ўқилади

Гурбангули Бердимуҳамедовга туғилган кунида медаль, орден ва Аркадағ шаҳри совға қилинди 

Туркманистоннинг собиқ президенти 66 ёшга тўлди. 

Фото: turkmenistan.gov.tm

Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 29 июнь куни 66 ёшга тўлди. Бу сана мамлакатда кенг миқёсда нишонланди, жумладан, унинг шарафига номланган Аркадағ (Орқатоғ) шаҳрининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. 

Туркман давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, Аркадағ шаҳрининг очилиш маросимида президент Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди. Байрам тантаналари Туркманистон президентининг Ахалтеке от спорти мажмуасига тегишли Оқхон оти ҳайкали ёнида бошланди. 

Қайд қилинишича, Аркадағ — Ахал вилоятининг маъмурий маркази бўлиб, ҳозир фаол қурилиш босқичида. Тахминан 70 минг киши истиқомат қиладиган янги маъмурий марказ Ашхободдан 30 км жануби-ғарбда жойлашган 950 гектар майдонда қурилмоқда. 

Тантаналарда Гурбангули Бердимуҳамедов кўриниш бермади. Норасмий маълумотларга кўра, у туғилган кунида Маккани зиёрат қилиш учун Саудия Арабистонига кетган. Унинг самолёти Жидда шаҳри аэропортида экани айтилмоқда. 

Бир кун аввал собиқ президент Турк дунёси муҳандислар ва архитекторлар иттифоқи бош котиби Илёс Демирчи билан учрашди. Унга «Турк дунёси олдидаги улкан хизматлари учун» медали топширилди. Шунингдек, Халқаро Туркий маданият ташкилоти (ТУРКСЎЙ) бош котиби Султон Раев Гурбангули Бердимуҳамедовни «ТУРКСЎЙ» ордени билан тақдирлади. 

Шу билан бирга, собиқ давлат раҳбари таваллуд кунида «Ҳаётимнинг маъноси» асарининг давоми бўлган «Ҳаётим мазмунининг давоми» китобини ёзиб тугатди. Унда «Туркманистон ички ва ташқи сиёсатининг асосий жиҳатлари, жумладан, ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва таълим тизимини такомиллаштириш» ҳақида сўз боради. 

Мавзуга оид