17:42 / 06.09.2022
9783

Дарсликлар ижараси кейинги йилларда ҳам бепул бўладими?

Бу йил мактаб дарсликлари ижараси учун ота-оналардан йиғилиши кўзда тутилган қарийб 500 млрд сўм маблағ президент ташаббуси билан бюджетдан қопланди. Кейинги йилларда-чи, деган саволга жавобан халқ таълими вазири ўринбосарларининг маълум қилишича, келгуси йилларда қандай йўл тутилиши масаласига давлат бюджетини қабул қилишда аниқлик киритилади.

Фото: Kun.uz

Халқ таълими вазирининг ўринбосари Темур Комилов мактаб дарсликлари келгуси йилларда ҳам бепул бўладими, деган саволга жавоб берди.

“Бу йил мактабларни китоблар билан таъминлаш учун 1,1 трлн сўм маблағ зарур бўлиб, шундан 605 млрд сўми давлат бюджетидан қопланиши, қолган қисми эса ижара маблағлари тушумларидан шакллантирилиши кўзда тутилган. Бу йил шу 500 млрдга яқин сумма президент ташаббуси билан давлат бюджетидан йўналтирилади.

Бу тизимнинг шаффофлиги, самарадорлигини ўрганиш бўйича топшириқ берилган. Бу енгиллик фақат жорий ўқув йилига тақдим этилган”, – дея Комиловнинг 6 сентябр кунги матбуот анжуманида айтган сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазирнинг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев бу масалада қўшимча қилди.

“Ишчи гуруҳ ўрганиши натижаларидан келиб чиқиб, бу жараён кейинчалик қандай бўлиши кейинги йил бюджетининг тасдиқланишида ҳукумат томонидан белгиланади ва Олий Мажлис томонидан тасдиқланган бюджет асосида, кўрамиз”, – деди Шарифхўжаев.

Усмон Шарифхўжаевнинг сўзларига кўра, дарсликлар ижараси Халқ таълими вазирлиги учун ҳам ташвишли бўлган.

“Аслида ижара пули масаласи халқ таълими соҳаси вакиллари, яъни устозлар, кутубхоначилар учун оғриқли эди. Чунки ота-оналардан у пулларни йиғиб олиш, керакли ҳисобрақамига тушириш анча муаммо бўлиб, кўп меҳнат ва вақт талаб қиларди”, – деди вазир ўринбосари.

  • UPD. Матбуот анжумани охирида дарсликлар ижараси доимий бепул қилингани ҳақида қўшимча тузатиш-маълумот берилди.
Top