20:41 / 15.03.2021
74127

Тошкентдаги 77та мактабда ва талабалар шаҳарчаси ётоқхонасида вирусга чалинганлар аниқлангани маълум бўлди

2021 йилнинг март ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрининг 10 туманидаги 77та умумтаълим мактабида жами 150 нафар ўқувчига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Малика Қудратхўжаева томонидан 13 март куни Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари — Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимов номига кўрсатма хатида маълум қилинган.

Хатда «жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Тошкент шаҳри бўйича жами 1717 нафар беморда коронавирус инфекцияси рўйхатга олингани» қайд этилган.

Маълумотларга кўра, аниқланган 1717 беморнинг 222 нафари (13 фоизи) 14 ёшгача бўлган болалар, 78 нафари (4,5 фоизи) 15-19 ёшлилар, 210 нафари (12,2 фоизи) 20-29 ёшлилар, 264 нафари (15,4 фоизи) 30-39 ёшлилар, 234 нафари (13,5 фоизи) 40-49 ёшлилар, 244 нафари (14,3 фоизи) 50-59 ёшлилар, 465 нафари (27,1 фоизи) 60 ёш ва ундан катталардир.

«Ижтимоий таркибига кўра, 315 нафар (18,3 фоиз) бемор корхона, ташкилот, муассаса ходимлари, 630 нафари (36,7 фоизи) уй бекалари, 48 нафари (2,9 фоизи) тиббиёт ходимлари, 57 нафари (3,3 фоизи) олийгоҳ талабалари, 181 нафари (10,5 фоизи) мактаб ўқувчилари, 76 нафари (4,4 фоизи) уюшмаган болалар, 14 нафари (0,8 фоизи) уюшган болалар, 7 нафари (0,4 фоизи) мурувват уйи тарбияланувчилари, 2 нафари (0,1 фоизи) чет эл фуқаролари, 49 нафари (3,0 фоизи) ўқитувчилар ва 338 нафари (20,0 фоизи) бошқа гуруҳдаги аҳолидир», дейилади хатда.

Тошкент шаҳри бўйича 77та умумтаълим мактабларининг 150 нафар ўқувчисида, бундан ташқари 24та мактабнинг 31 нафар ўқитувчисида, 13та мактабгача таълим муассасаларининг 15 нафар тарбияланувчисида ва 8та МТМларда 8 нафар тарбиячида, 9та олийгоҳнинг 25 нафар талабасида ва 5та олийгоҳнинг 7 нафар ўқитувчисида, 6та лицейнинг 7 нафар ўқувчиси ва 4та лицейнинг 4 нафар устоз-ўқитувчиларида коронавирус инфекцияси аниқланган.

Хатда пойтахтдаги қайси мактабларда коронавирусга чалинган ўқувчилар қайд этилгани ҳақида маълумот келтирилган:

Юнусобод тумани
86-мактаб: 16 ўқувчи ва 6 ўқитувчи;
235-мактаб: 14 ўқувчи ва 3 ўқитувчи;
220-мактаб: 5 ўқувчи;
43-мактаб: 4 ўқувчи;
302-мактаб: 3 ўқувчи;
97-мактаб: 3 ўқувчи;
51-мактаб: 3 ўқувчи;
258-мактаб: 3 ўқувчи.

Мирзо Улуғбек тумани
112-мактаб: 6 ўқувчи;
222-мактаб: 2 ўқувчи;
308-мактаб: 2 ўқувчи.

Чилонзор тумани
103-мактаб: 4 ўқувчи;
280-мактаб: 2 ўқувчи;
114-мактаб: 2 ўқувчи.

Сергели тумани
300-мактаб: 4 ўқувчи;
47-мактаб: 2 ўқувчи;
268-мактаб: 2 ўқувчи.

Яшнобод тумани
282-мактаб: 4 ўқувчи;
307-мактаб: 2 ўқувчи;

Учтепа тумани
236-мактаб: 3 ўқувчи;
44-мактаб: 3 ўқувчи;
296-мактаб: 2 ўқувчи;

Шайхонтоҳур тумани
316-мактаб: 3 ўқувчи.

Яккасарой тумани
144-мактаб: 2 ўқувчи.

Олмазор тумани
28-мактаб: 2 ўқувчи.

Яна ўнлаб мактабларда биттадан зарарланиш ҳолатлари аниқланган (9 март ҳолатига кўра).

«Олиб борилаётган эпидемиологик суриштирувларга асосан, коронавирус инфекцияси билан касалланаётган болалар асосан касалликни оиласида оила аъзолари билан мулоқот натижасида юқтирмоқда», дейилади хатда.

Шунингдек, Юнусобод туманининг шаҳар болалар уйида 2021 йилнинг 10 март куни 1 нафар тарбиячида инфекция аниқланган. 11 март куни болалар уйининг 42 тарбиячиси ва 63 нафар тарбиячидан тест олингач, 13 март куни 2 нафар тарбиячи ва 1 нафар шифокорда вирус қайд этилган.

Олмазор тумани ҳудудидаги талабалар шаҳарчасининг 2-сонли ётоқхонасида (ётоқхонада 380 нафар талаба яшайди) 3 талабанинг тана ҳарорати кўтарилиб, томоқ оғриғи ва ҳолсизлик белгилари кузатилгач, 11 март куни Миллий университетнинг физика факультети талабаларидан намуналар олинган. 13 март куни факультетнинг 4 нафар талабасида касаллик аниқланган. 13 март куни улар билан мулоқот қилган 80 кишидан ҳам намуналар олинган, натижалар ҳали маълум эмас.

  • Бундан олдинроқ Тошкент шаҳрида коронавирус аниқланаётган мактаблар карантинга ёпилиши маълум қилинганди. Шунингдек, бошқа мактабларда ҳам таътил эртароқ бошланиши кутилмоқда.
Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top