Ўзбекистон | 09:19 / 29.04.2020
15082
3 дақиқада ўқилади

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги модда билан тўлдирилади

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Президентнинг 2020 йил 5 февралдаги “Қурилиш-монтаж ишлари сифатини тубдан яхшилаш ва қурилишни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги ПҚ-4586-сонли қарори 17-бандида “Қонун ҳужжатларига ушбу Қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини тайёрлаш назарда тутилган.

Қарорнинг 5-банди билан 2020 йил 1 июлдан бошлаб Қурилиш соҳасидан назорат Инспекцияси ва ҳудудий инспекциялар бошлиқларига, ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирилган ҳолларда ишни кўриб чиқиш учун судга тақдим этиш тартибини сақлаб қолган ҳолда, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилганлиги “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини тайёрлаш ҳақида қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Адлия вазирлиги билан биргаликда ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича масъул ижрочилар ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколати бўлган органлар (мансабдор шахслар) рўйхатини тўлдириш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг тааллуқлилиги аниқлаштириш, маъмурий ишлар бўйича судларда кўриладиган ишларнинг ҳажмини камайтириш лойиҳани қабул қилишдан кутилаётган натижалардир.

Қонун лойиҳасида Қурилиш соҳасидан назорат Инспекцияси ва ҳудудий инспекциялар бошлиқларига, ҳуқуқбузарлик фактига эътироз билдирилган ҳолларда ишни кўриб чиқиш учун судга тақдим этиш тартибини сақлаб қолган ҳолда, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишига оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган.

Билдирилишича, қонун лойиҳаси қоидаларининг амалга оширилиши қўшимча молиявий маблағларни талаб қилмайди ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан йўқотишларга олиб келмайди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид