Кўчмас мулк | 14:50
490
3 дақиқада ўқилади

Қурилишлар бўйича 22 млрд сўм фуқаролар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди

2025 йилда кўп квартирали уйлардан хонадон хариди бўйича тушган 1 700 дан ортиқ мурожаатларнинг 76 фоизи ижобий ҳал қилиниб, истеъмолчилар фойдасига 22,1 млрд сўм қайта ҳисоб-китоб амалга оширилган.

Фото: Kun.uz 

Рақобат қўмитаси маълум қилишича, 2025 йил давомида кўп квартирали уйлардан хонадон хариди бўйича 1 700 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг 76 фоизи ижобий ҳал этилган бўлиб, натижада 22,1 млрд сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Мурожаатларнинг асосий қисми уйларнинг таъмир сифати (42,9 фоиз) ва коммуникация тармоқлари (40,8 фоиз) билан боғлиқ бўлган. Шунингдек, 16,3 фоиз ҳолатда уйларни белгиланган муддатда топширилмаслиги бўйича эътирозлар қайд этилган.

Қўмита томонидан 130 га яқин “қурувчи–истеъмолчи” шартномалари ўрганилганда, кўпгина шартномаларда қайта ҳисоб-китоб механизми, объектни топшириш муддати, кечиктириш учун пеня, кафолат муддати ва нуқсонларни бартараф этиш мажбуриятлари аниқ белгилаб қўйилмагани маълум қилинди.

Шартномани бекор қилиш масаласида ҳам камчиликлар кузатилган: айрим ҳолатларда шартларда асосан қурувчи манфаати кўзда тутилгани қайд этилган. Хусусан, шартнома бекор қилинганда харидорга тўловни қайтариш муддатлари асоссиз равишда 30–180 кун эмас, балки 24–36 ойгача этиб белгиланган ҳолатлар аниқланган.

Бундан ташқари, айрим шартномалар “агент” ёки “тижорат вакили” орқали расмийлаштирилиб, қурилишга масъул қурувчи томонидан шартнома имзоланмаган ҳолатлар ҳам учрагани айтилди. Қайд этилишича, бундай камчиликлар истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишига олиб келиши ва мажбуриятини бажармаган қурувчига нисбатан ҳуқуқий жавобгарлик масаласини мураккаблаштириши мумкин.

Шунингдек, қўмита 120 та турар жой мажмуаси бўйича реклама ҳолатларини ўрганиб, рухсат ҳужжатларисиз ва электрон рўйхатга киритилмаган айрим объектлар реклама қилинганини аниқлаган. Натижада қурилиш компаниялари ва реклама берувчиларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилиб, қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилган. ОАВ ва реклама агентликларига эса рухсат ҳужжатларига эга бўлмаган объектларни реклама қилмаслик юзасидан огоҳлантириш хатлари юборилган.

Маълум қилинишича, таҳлиллар асосида ишлаб чиқилган таклифлар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда соҳани назорат қилиш инспекцияларига тақдим этилган.

Рақобат қўмитаси фуқароларга хонадон харид қилишда шартнома шартлари билан тўлиқ танишиш, рекламада келтирилган маълумотларни эса электрон рўйхат ва “Шаффоф қурилиш” тизими орқали очиқ манбалардан текшириб кўришни тавсия қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид