Технология | 20:39 / 06.10.2020
66147
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда йиғиладиган KIA автомобиллари Россиядагига қараганда қимматроқ бўлиши борасида изоҳ берилди

5 октябрь куни Ўзбекистонда KIA компаниясининг Seltos (кроссовер) ва K5 (седан) моделлари расман тақдим этилди.

 Roodell компаниясининг бош директори Дониёр Давлетияров Ўзбекистонда KIA русумидаги автомобиллар Россиядагига қараганда қимматроқ бўлиши ҳақида ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган хабарларга изоҳ берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

 «Бизнинг нархларимиз Россиядаги нархлардан фарқ қилишининг асосий сабаби, бизда мутлақо Россияники бўлмаган комплектациялардир. Биз эҳтиёт қисмларни Россиядан эмас, балки Корея Республикасидан олиб келамиз. Бизнинг мақсадимиз опционал бой бўлган замонавий маҳсулот тайёрлаш эди. Агар Россиядаги автомобиллар 1,6 литрли двигатель ва механик узатмалар қутиси билан бошланса, Ўзбекистонда фақат вариатор қутисига эга бўлган 2 литрли двигатель мавжуд», - деди Давлетияров.

Унинг сўзларига кўра, автомобиллар нархининг кўтарилишига сабаб бўлган иккинчи омил транспорт логистикасидир.

“Ўзбекистонга маҳсулотларни денгиз орқали олиб келиш учун камида иккита чегарани кесиб ўтиш керак. Бизнинг маҳсулотларимиз дастлаб Корея портидан Россия Федерацияси портига боради, сўнгра Россиянинг бутун ҳудудидан, кейин эса Қозоғистондан ўтиб, Тошкентда туширилади, юк машиналарига юкланади туширади ва Жиззах вилоятидаги заводга етказилади. Буларнинг барчаси, албатта, маҳсулот нархида акс этади», - деди у.

 Шунингдек, Roodell раҳбари компания маҳсулотни тезда арзонлаштиришни мақсад қилиб қўймаганлигини таъкидлади. “Биз учун маҳсулотни Ўзбекистон бозорига тезроқ чиқариш муҳим эди. Биз учун энг асосийси, Ўзбекистонга тайёр автомобилни импорт қилгандан кўра бизники арзонроқ», - деб таъкидлади у.

 Бугунги кунда эҳтиёт қисмларнинг локализация даражаси тахминан 10 фоизни ташкил этади. Компания 2024 йил охирига қадар маҳаллийлаштиришни 30 фоизга етказишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, компания эҳтиёт қисмларни локализация қилиш бўйича "Ўзавтосаноат" билан ҳамкорлик қилишни кўзда тутган.

 UzAuto Motors билан рақобат тўғрисида гапираркан, Давлетияров Ўзбекистонда KIA автомобилларини ишлаб чиқариш иккала компания фойдасига бўлишини таъкидлади.

 "Рақобат қанча кўп бўлса, ўзингизни шунчалик яхши ҳолатда тутасиз, ривожланасиз, харидорларга янги нарсаларни тақдим этасиз... Ўйлайманки, яқин орада бозорнинг яхши томонга ўзгаришини кўрамиз", - деди у.

2020 йил ноябрдан бошлаб “Жиззах” эркин иқтисодий зонасидаги ADM-Jizzakh заводида учта комплектациядаги Seltos кроссовери ва бешта комплектациядаги К5 седанини йиғиш бошланади.

 

К5 нархи 249,9 миллион сўмдан 369,9 миллион сўмгача, Seltos  нархи 229,миллион сўмдан 279,9 миллион сўмгача бўлади.

Биринчи босқичда заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 25 минг дона автомобилни ташкил этади, иккинчи босқичда, пайвандлаш ва кузов бўяш цехлари ишга туширилгач, бу рақам 100 мингтага етади.

 Пойтахтнинг Сергели туманидаги KIA автосалони шу йилнинг 7 октябрида иш бошлайди ва харидорлар биринчи автомобилларини декабрь ойида олишлари мумкин.

 Автосалон Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган моделларни сотиш билан шуғулланади. Компаниядагиларнинг қайд этишича,  2021 йил охирига қадар яна 6та янги модел пайдо бўлади.

 "Биз, эҳтимол, автомобилларга беш йиллик кафолат (ёки 150 минг километр) берадиган Ўзбекистондаги биринчи компания бўлсак керак", - деди Давлетияров.  

Тайёрлаган:  Жамшид Зиёхонов

Мавзуга оид