Жамият | 14:01 / 16.05.2026
7001
9 дақиқада ўқилади

 “Мени тақиқдан чиқаринглар, ижод қилмоқчиман, дея олмадим” — Фаррух Зокиров барчаси ҳақида

Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров Kun.uz'га берган интервюсида ижодий фаолиятидаги энг оғир даврлар, тақиқ остидаги йиллари, давлат раҳбари ҳамда биринчи хоним билан боғлиқ хотиралари, ижодига отаси Карим Зокирий берган баҳо ва оиласи ҳақида самимий гапирди. Хонанда айрим пайтлар туғилган кунини “йиғлаб-йиғлаб” ўтказганини, бироқ халқ меҳри уни яна саҳнага қайтарганини айтади.

Бу ҳам синов экан. Элакдан ўтганлар санъатда шерюрак бўлади”

Фаррух Зокиров ижодкор учун тақиқ — халқ тилидаги “запрет” қанчалик оғриқли эканини эслар экан, шундай деди:

— Энди буни ҳам кўриш керак экан. Татиб кўриш керак, ҳис қилиш керак. Бу ҳам синов. Шунақанги шеър ёзиб бердилар Маҳмуд Тоир, “Ялла”га бағишлов сифатида. Қаранг, тўрт қаторнинг ўзида битта афсона:

Эллик беш йил элак бўлди,
Эллик беш минг тилак бўлди.
Бу элакдан ўта олганлар
Санъатда шерюрак бўлди.

Мен вазирликдан кетиб, халқим ва ижодимга қайтишни сўрадим”

“Ўша пайтда сизнинг ҳамкасбларингиз билан мулоқот бўлганми? Ҳол-аҳвол сўрашдими сиздан? Ёки сиз улар билан йиғилиб, “мени тақиқдан олинглар, мен ижод қилмоқчиман, менга эркинлик керак”, дея олганмисиз, Фаррух ака?” - деган саволга қуйидагича жавоб қайтарди суҳбатдошимиз.

— Йўқ. Бир шунақа бўлган, мана, вазирликда ишладик. Озгина бўлса ҳам вазир ҳам бўлдик. Мен ўйлаган эдимки, ўша пайтда менинг фойдам тегармикан, мен театрда ўсганман, санъат оламида ўсганман. Энди ўша пайтларда йўқ, бу нарса керак эмас экан. Бу ҳалиги тизим, эрталаб раҳбариятдан келадиган қоғоз, кун бўйи ўша билан оворагарчилик. Энди тўғри тушунинг. Маданият билан спортни бирлаштиришди. Орада бўлди. Эсингизда борми? Мана шу фурсатдан фойдаланиб мен айтдимки: “илтимос, келинг, мен халқимга, ижодимга қайтай”. Исмларини айтмай, яхши ҳам яхшилик билан мен шу ердан кетдим мен, вазирликдан. Мен айтдимки: “Илтимос, мен саҳнада кўпроқ фойда келтираман”. Нима дейди, у жойдан кетишнинг ўзи ҳам бўлмайди энди, биласиз-у, бунақа протоколлар. Ўшанда бошдан ўтказдик. Бу ҳам керак, бу ҳам, ҳалиги айтганимдек, бу ҳаммаси синов. Бу ҳалиги айтганимдек элак. Бу элакдан ўтдик.

Президентимиз санъатимизнинг мухлиси. Бунга миллиардлар ҳам етмайди”

Қаҳрамонимиз суҳбат давомида давлат раҳбари билан боғлиқ хотираларни ҳис-ҳаяжон билан эслади. Фаррух Зокировнинг айтишича, давлат раҳбари билан муносабатлари узоқ йиллардан бери давом этади. Айниқса, 70 йиллик юбилейидаги ташрифни хонанда катта ҳаяжон билан эслади. Унинг айтишича, дастлаб ярим соатга режалаштирилган учрашув бир ярим соат давом этган.

“Президентимиз бизнинг санъатимизнинг мухлиси. Бунга нима етсин? Буни миллиардларга ҳам сотиб олиб бўлмайди”, - деди санъаткор. Хонанда айрим қийин даврларда айнан шундай эътибор ва қўллаб-қувватлаш уни руҳлантирганини таъкидлади.

Бахт бор эди, лекин йиғлаб нишонлаган кунлар ҳам бўлган”

Фаррух Зокиров давлат раҳбари тилга олган оғир даврларни ҳам эслади.

Унинг айтишича, ҳаёт доимо “силлиқ” бўлмаган. Баъзи туғилган кунлар қувонч билан эмас, ички оғриқлар билан ўтган. Шунга қарамай, санъаткор бундай синовларни ҳаёт мактаби деб билишини айтди. “Халқ назари бошқа нарса. Демак, қилган хизматларимиз бекор кетмаган”, - деди у.

Биринчи хонимдаги нафосат ўзбек аёлининг тимсоли”

— Мухлисларингиз орасида биринчи хоним Зироат Мирзиёева ҳам бор эканлар. Яъни улар ҳам сизнинг қўшиқларингизни мароқ билан эшитарканлар. Биринчи хоним ҳақида ҳам бир фикрларингиз бўлса, яхши бўларди.

— Келинойимиз. Энди, авваламбор, сир бўлмаса керак, мен шундай бахтга эга бўлганманки, мулоқотда бўлиш, бунақанги олийжаноблик… Қаранг, мен ўша қўшиқларимда ифодалашга ҳаракат қиламан, бизнинг ўзбек аёлларининг бир энг гўзаллик томонлари мана келинойимизда бор.

Нафозат, гўзаллик, одоб. Шу ўзларининг шундай бир қараб туришларида қанақанги меҳр бор, қандайдир гўзаллик бор. Шунинг учун ҳали айтябман-у, мен бутун дунё бўйлаб юраман, бизнинг ўзбек аёли, айниқса мен бир нарсани яна ўшанга урғу бераманки, фарқи йўқ, ўзбекми, арманми, русми, қирғизми, ўзбекистонлик аёллар бир бошқача-да.

Отам танқид қилмаганининг ўзи катта баҳо эди”

Фаррух Зокиров отаси Карим Зокиров билан боғлиқ хотираларни ҳам эслади. Унинг айтишича, отаси қўшиқларни кўп мақтамаган, лекин танқид қилмаслигининг ўзи катта эътироф ҳисобланган. Айниқса, “Ғайра-ғайра” қўшиғидан кейинги “Ёмон эмас, яхши, ўғлим” деган гап хонанда учун унутилмас баҳо бўлиб қолган. “Ялла” диний қўшиқ деб танқид қилинган пайтлар ҳам бўлган”

Санъаткор совет давридаги босимларни ҳам эслади. У 1985-йилларда марказий матбуотда “Ялла” ансамбли диний йўналишга яқинликда айбланган. Бироқ кейинчалик тарихчилар ва мусиқашунослар “Ялла” номининг илдизи халқ оғзаки ижоди ва “Ё Аллоҳ” иборалари билан боғлиқ эканини айтган. “Демак, бунинг тарихий асоси бор экан”, - дейди Фаррух Зокиров.

“Сени ташлаб кетганим ёлғон, ўғлим”

Интервюмизнинг энг таъсирли қисмларидан бири “Ўғлим” қўшиғи ҳақида бўлди. Фаррух Зокировнинг айтишича, бу қўшиқнинг яратилишида марҳум Муҳаммад Юсуфнинг ҳиссаси катта бўлган.

— Аллоҳ раҳмат этсин, Муҳаммад Юсуфнинг олдига борганмиз, учрашиб, кейин мен айтдимки, бир фикр бор, мана, суҳбатлашсак, маслаҳатлашсак, шу “Эркак алласи” бўлармикин? Шуни чиқарса бўлармикин? Бир маҳалда ўзгариб қолди Муҳаммад Юсуф, Аллоҳ раҳмат этсин. Қизарди-да, “Фаррух ака, узр, ҳозир келаман”, деб чиқиб кетди. Бир ўн минутча йўқ. Кейин кириб, қайтиб кириб келди-да, кўзлари қизариб кетган. “Эҳ, Фаррух ака, менинг бошимдан ўтган нарса”. Энди биринчи оила бўлмасдан, бунақа-бунақа бўлган деб, менга шеър берганлар ўша куни. Қалбимнинг шунақанги нозик жойига тегди. Кейин ўша шеърни менга берганлар.

Ўксимагин, жон ўғлим, арслон ўғлим.
Сени ташлаб кетганим ёлғон, ўғлим.

“Жамшид укамни ҳаммадан кўп мақташарди”

Мендан кейинги укам раҳматли Жамшид. Ажойиб инсон: камтарин, шунақанги меҳрибон, ҳали айтишади-ю, “қўйнинг оғзидан чўп олмайдиган” инсонлардан бири Жамшид укам, дея Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, кино ва театр актёри раҳматли Жамшид Зокиров ҳақида эслади.

— Қаерга бормайлик, мана, қариндошларга, Қўқонгами, у-бу ерларга борганимизда, “Карим ака, Жамшид ўғлингиз бошқача-да”, дейишарди. Ювош бўлган, меҳрибон бўлган, сал дадамга ҳам кўпроқ ўхшаб кетарди. Мен, масалан, ойимга кўпроқ ўхшайман. Шу мен учун ҳалиги рашк эмас, мен ҳам шу ҳаракат қилардимки, менга ҳам шунақа дейишса. Энди бошқача ҳазил ҳам қилишарди. Масалан, энди бир тасаввур қилинг, буюк Ҳалима Носирова, буюк Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева… Энди дадам билан улар ака-укадай, опа-сингилдай, мана шунақа. Жуда ҳам буларнинг муносабатига, буларнинг муомаласига ҳавас қиладиган, бу ҳам бир мактаб эди. Масалан, мен энди кичкинаман, “Карим ака, бунингиз бошқачароқ-а, сариғроқ-а?” деб. Энди ҳазил, ўшанинг орасида балким дуолар бўлганми… Энди айтябман-ку, шунақанги буюк инсонларнинг дуосини, суҳбатини, маслаҳатини олганмиз.

“Санъатдаги энг катта мукофот — халқнинг муҳаббати”

Интервю давомида Фаррух Зокиров бир неча бор халқ меҳрини энг катта бойлик деб таъкидлади. Санъаткорнинг айтишича, мукофотлар, унвонлар ёки мансаблардан ҳам муҳимроғи — халқнинг қалбидан жой олишдир. “Буни ҳеч қандай бойлик билан сотиб олиб бўлмайди”, - деди у.

Манижа Баҳриева
Муаллиф Манижа Баҳриева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид