3 март куни Маданият вазирлигида Ўзбекистондаги концерт-томоша фаолиятида олиб борилаётган маданий-маърифий ишлар ҳамда «Санъаткор одоби» мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, тадбирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов, диний қўмита матбуот котиби Илҳом Маъруфов, «Ўзбекконцерт» раҳбарияти ва хонандалар қатнашган.

Йиғилишда ўзбек санъаткорларининг маънавий-маданий фаолияти, «Санъаткор одоб-ахлоқи», «Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси» мазмуни, шунингдек санъаткорларнинг концерт-томоша фаолияти учун лицензия талаб ва шартлари ҳамда муаллифлик ҳуқуқи каби масалалар муҳокама қилинган. Мажлисда шунингдек, «Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони ва бир қанча низомлар юзасидан тушунтириш берилган.

«Йиғилиш давомида «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси томонидан концерт-томоша фаолиятини амалга оширишда санъаткорларнинг мажбурий талабларга риоя қилиши ҳамда асосий лицензия талабларида ижрочиларнинг «концерт-томоша соҳасида у ёки бу динни тарғиб қилмаслик» масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қонунлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши, бошқа давлатларда бўлганида ўз мамлакат шаънини эъзозлаши одоб-ахлоқ, маданият, ўзбекона қадриятларни унутмаслик ҳақида сўз борди», — дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов — миллий урф-одатлар, қадриятлар ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, дабдабабозлик, шоҳона ҳаётни кўз-кўз қилмаслик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслик, жамоат жойларида, атрофдагилар эътиборини тортувчи ортиқча салбий ҳаракатларга йўл қўймаслик ҳақида таъкидлаб ўтган.

«Шу билан бирга куй-қўшиқларнинг мазмунига эътибор қаратиш, муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатларига ҳам тўхталиб ўтилди. Шунингдек, ўз ижодлари давомида ватанга муҳаббат, садоқат, ватанпарварлик руҳидаги қўшиқларни кўпайтириш, ўсиб келаётган ёш авлодга намуна бўлишлари айтиб ўтилди»