Ўзбекистон | 16:41 / 23.03.2023
18082
2 дақиқада ўқилади

ФВВ Ўзбекистонда яқин кунларда яна зилзила бўлиши ҳақидаги хабарларни рад этди

Вазирлик дунёда зилзиланинг ҳатто тахминий вақтини башорат қила оладиган технологиялар мавжуд эмаслигини таъкидлаган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги республика ҳудудида яна кучли зилзила бўлиши кутилаётгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.  

«Ҳурматли юртдошлар, шу кунларда ижтимоий тармоқларда яқин кунларда зилзила содир бўлиши мумкинлиги ҳақида сохта хабарлар тарқалмоқда.

Шу муносабат билан сизларни бундай ёлғон хабарларга ишонмасликка чақирамиз.

Яна бир бор таъкидлаймизки, бугунги кунда дунёнинг ҳеч бир давлатида зилзила содир бўладиган сана ва ҳатто тахминий вақтни башорат қила оладиган технологиялар мавжуд эмас. Ўзбекистон сейсмик фаол зонада жойлашгани сабабли баъзида ер силкинишлари содир бўлади. Ҳар доим шундай бўлган», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда сўнгги кунларда кетма-кет иккита кучли зилзила кузатилди. 21 март куни, Тошкент вақти билан соат 21:47 да Афғонистонда рўй берган 6,6 магнитудали зилзила Ўзбекистон ҳудудларида 4-6 балл кучда сезилганди. 

23 мартга ўтар кечаси, соат 01:07 да эса Тожикистонда рўй берган 6 магнитудали ер силкиниши вақтида Ўзбекистон ҳудудларида 4-5 балли зилзила кузатилди.

Маълумот учун, бунгача Тошкент шаҳрида сўнгги энг кучли зилзила 2008 йил 22 августда кузатилганди. Ўшанда ҳам зилзила кучи 5 магнитудага тенг баҳоланган.

Мавзуга оид