Ўзбекистон | 22:59 / 24.07.2021
129501
3 дақиқада ўқилади

16 феврал воқеалари сабаб жиноий жавобгарликка тортилганлар 22 йилдан сўнг оқланди

24 июл куни Тошкент вилоят судининг апелляция ҳайъати томонидан 1999 йил 16 феврал куни Тошкент шаҳрида содир этилган портлашлар сабаб жиноий жавобгарликка тортилган 5 нафар шахсга оқлов ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Тошкент вилоят суди матбуот котиби Ш.Худойбердиев Kun.uz'га маълум қилди.

Фото: Karimov Foundation
Фото: Karimov Foundation

Суд ҳукмига кўра, оқланган собиқ 5 нафар божхона ходимлари 16 феврал воқеаларининг асосий ижрочилари эмас деб топилган. Улар 1999 йилда ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши лозим ёки мумкин бўлган ҳаракатларни қасддан бажармагани айблови билан ЖКнинг 208-моддаси билан жазога тортилган эди.

Судлов ҳайъатининг оқлов ҳукмига кўра, Тошкент вилояти Зангиота туман судининг 1999 йил 30 июндаги Камолов Ёлқин Тўлаганович, Хўжаев Муҳаммадзоҳир Набиевич, Юнусов Иброҳим Шавкатович, Бегматов Бахтиёр Набижонович ва Бўриев Искандар Тожибоевичга нисбатан суд ҳукми бекор қилиниб, улар Жиноят кодексининг 208-моддаси бўйича айбсиз деб топилди.

Иш бўйича уларнинг қилмишларида жиноят аломати мавжуд бўлмагани сабаб ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан реабилитация қилинди ва жиноят ишининг уларга оид қисми ҳаракатдан тугатилди.

Оқланган собиқ божхоначилар ҳақида маълумот:

Камолов Ёлқин Тўлаганович. 1968 йил Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти олий, оилали, «Ғишт кўприк» божхона масканида бош нозир бўлиб ишлаган.

Хўжаев Муҳаммадзоҳир Набиевич. 1973 йил Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти олий, оилали, «Ғишт кўприк» божхона масканида нозир бўлиб ишлаган.

Юнусов Иброҳим Шавкатович. 1970 йил Тошкент вилоятида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти олий, оилали, «Ғишт кўприк» божхона масканида нозир бўлиб ишлаган.

Бегматов Бахтиёр Набижонович. 1974 йил Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти олий, оилали, «Ғишт кўприк» божхона масканида нозир бўлиб ишлаган.

Бўриев Искандар Тожибоевич. 1973 йил Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти олий, оилали, «Ғишт кўприк» божхона масканида нозир бўлиб ишлаган.

Бунга қадар мазкур ҳолат юзасидан Human.uz ахборот портали журналистик суриштирувларини олиб борган ва айбсиз эканига ишонган собиқ божхоначиларнинг мурожаатига жамоатчилик эътиборини қаратган эди.

Мавзуга оид