Ўзбекистон | 19:44 / 05.04.2021
6244
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 2та ер усти кўприклари қурилади

2021 йилда Тошкент вилояти Янгийўл туманида 2та замонавий ер усти кўприклари қурилиши мумкин. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев ўз телеграм саҳифасида маълум қилди.

«Тошкент – Термиз М-39» автомобил йўлининг Янгийўл туманидан кесиб ўтувчи «Чаманзор» ва «Янгийўл» маҳаллалари қисмида пиёдалар учун 2та ер усти кўприги қуриш масаласида бош вазир Абдулла Арипов номига сўров киритилганди.

Ушбу маҳаллалар аҳолиси ижтимоий соҳа объектларига ўтиш учун катта трассани кесиб ўтишга мажбур, бу эса ўша ерда авария хавфини ошириб, йўловчилар ҳаётини хавфга солиб келади. Шу боис, сайловчилар учрашувларда доим шу масалани кўтаришади.

Маълумотларга кўра, бош вазир ушбу масалани инобатга олиб, ушбу ер усти кўприкларини 2021 йилги ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида автомобил йўллари, кўприклар ва йўл ўтказгичларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича ишлаб чиқиладиган дастурлар ижроси учун ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга ошириш бўйича ҳукумат аъзолари ва бошқа масъулларга расман топшириқ бериб, дастурга киритибди», дейилади хабарда.

Шунингдек, депутат ҳукумат томонидан депутатлар таклифларининг инобатга олинишини ижобий ҳол дея таъкидлаб, бу амалиёт вилоят, туман ва шаҳарлар миқёсидаги депутатлар ва ижро ҳокимиятлари ўртасида ҳам фаол давом этиши кераклигини айтган.

«Демак, жорий йилда Янгийўл туманида «бетонка» йўлини бемалол кесиб ўтса бўладиган замонавий иккита ер усти кўпригига эга бўламиз», дея қайд этган Кушербаев.

Мавзуга оид