Иқтисодиёт | 12:43 / 31.05.2021
44938
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аҳолисининг минимал истеъмол харажатлари қиймати эълон қилинди

Республика аҳолисининг минимал истеъмол харажатлари миқдори дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, киши бошига бир ойда 440 минг сўм этиб белгиланди. 

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов Ўзбекистон аҳолисининг минимал истеъмол харажатлари миқдорини маълум қилди. Қайд этилишича, мазкур ҳисоб Ўзбекистон иқтисодий блоки, Жаҳон банки ва бошқа бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш учун тажриба сифатида Жаҳон банки кўмагида 2020 йилда республиканинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 5 400 та уй хўжаликларида сўровнома ўтказилган. Бунда сўровномада иштирок этган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, ушбу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга бўлган 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинган.

«Дастлабки ҳисоб китобларга кўра, кам даромадли аҳолининг жами харажатлари учун ойига киши бошига 440 минг сўм керак бўлади. Бу миқдор камбағаллик чегарасини аниқлашда муҳим ҳисобланади. Ҳозирга қадар камбағаллик чегараси реал кўрсатгичларга асосланмаган эди.  Эндиликда шу қиймат орқали камбағалликка қарши курашишда бу чегарадан фойдаланамиз. МИХ аҳолига моддий-ижтимоий ёрдам беришда, пенсия ва нафақалари тайинлашда яхши самара беради», деди вазир ўринбосари.

Сўровнома натижасида олинган маълумотлар асосида мазкур оилаларда жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 килокалория) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар бир ойда киши бошига (2021 йилдаги нархлар ўзгаришини инобатга олган ҳолда) камида 440 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинган. Айни дамда, минимал озиқ-овқат харажатлари миқдори эса киши бошига бир ойда 295 минг сўмни ташкил қилган.

Ҳисобланган минимал истеъмол харажатларининг жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотга нисбати (ЯИМ) 26,8 фоиз бўлиб, мазкур кўрсаткич ривожланаётган мамлакатларда асосан 4-20 фоизни ташкил этади.

«Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш тажрибасини якунига етказиш мақсадида 2021 йилда Давлат статистика қўмитаси Жаҳон банки билан бирга 10 мингта уй хўжаликларида сўровнома ўтказмоқда. Мазкур сўровномалар натижасидан келиб чиқиб, жорий йил якунига қадар минимал истеъмол харажатларни ҳисоблаш методологиясини тасдиқлаш ва уни қайта ҳисобланган миқдорини эълон қилиш кўзда тутилмоқда», дейилади вазирлик ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил декабрда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Ўзбекистонда истеъмол саватининг миқдори бир киши учун тахминан 2,15 миллион сўмни ташкил қилишини маълум қилганди. 

Мавзуга оид