Жаҳон банки Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича “Тадбиркорлик, технология ва инновациялар орқали ўсишни тезлаштириш” номли ҳисобот эълон қилди. Унда ушбу минтақадаги ривожланаётган давлатлар қанча муддатда юқори даромадли давлатлар даражасига етишига оид прогноз ўрин олган. Унга кўра, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида энг сўнгги бўлиб бу мақсадга эришиши мумкин.
Банк 2023 йилдаги нархлар бўйича юқори даромадли давлатлардаги аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи миллий даромад – 14 005 долларни таргет қилиб олган. Прогнозларга кўра, бу чегарага Қозоғистон ва Туркманистон 40 йилда, Қирғизистон 70 йил, Ўзбекистон ва Тожикистон 100 йилдан кўпроқ вақтда етиши мумкин.

Бу прогнозга минтақа давлатларининг охирги 10 йилдаги ўртача иқтисодий ўсиши асос бўлган. Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг тушунтиришича, 10 йиллик давр олинганда пандемиядаги пасайиш, шунингдек давр бошида Қозоғистон ҳамда Қирғизистон (даромадлари)да кузатилган чуқур пасайишлар ўртача ўсишга сезиларли таъсир қилган.
“Агар даромадларнинг (жон бошига GNI) пандемиядан кейинги даврдаги ўртача ўсишини олсак, ҳисоб-китобларимга кўра, жон бошига даромадлар Қозоғистонда 2026 йилнинг ўзида 14 минг долларлик даражадан ўтади. Шунингдек, Туркманистон 2034 йилда, Тожикистон 2037 йилда, Ўзбекистон эса 2042 йилда бу даражадан ўтиши мумкин. Яъни Ўзбекистон барибир минтақада бу даражага энг охирги етадиган мамлакат бўлади (сўнгги 4 йилдаги ўртача ўсиш билан)”, – дейди у.
Маълумот учун, 2024 йилда Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромадлари 896,3 триллион сўмни ташкил этган. Номинал кўринишда ўсиш 18,5 фоизга, реал ўсиш суръати эса (инфляция ҳисобига) 8,1 фоиз бўлган. Аҳоли жон бошига умумий даромадлар 16,1 фоиз (инфляция ҳисобига 5,9 фоиз) – йилига 20 млн сўмдан 24,1 млн сўмгача (ойига 2 млн сўм) ошди. Долларнинг ўртача йиллик курси 12500 сўм деб олинса, бу миқдор 1,6-1,9 минг долларни ташкил қилган.














