«Жаҳон бўйича айрим изотопларнинг ярми Ўзбекистондан олинади» — Ядро физикаси институти директори билан суҳбат
Kun.uz илм-фан соҳаси вакиллари билан интервьюларини давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори Илҳом Содиқов бўлди.
– Илҳом Исмоилович, бизда узоқ йиллардан буён ядро тиббиёти учун радиоизотоп маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Лекин шу билан бир пайтда кўпчилик ядро тиббиёти тўғрисида тасаввурга эга эмас. Нега бундай?
– Сиз ҳақсиз. Бизнинг Ядро физикаси институтида тиббиёт учун изотоп маҳсулотларни бу соҳа энди ривожлана бошлаган пайтларидаёқ ишлаб чиқариш бошланган. 1976 йилда ЯФИ негизида «Радиопрепарат» корхонаси тузилган бўлиб, ядро тиббиёти учун турли радиофармпрепаратлар тайёрлаш йўлга қўйилганди.
Ўша йилларда собиқ иттифоқда бу соҳа энди тетапоя қила бошлаган, дунёда эса «ядро тиббиёти» деган тушунчанинг ўзи йўқ эди. Биз айнан шу йилларда изотоп маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз.
Факт: Ўзбекистон ядро тиббиёти учун изотоплар ишлаб чиқариш бўйича дунё бозоридаги етакчилардан бири саналади. Масалан, онкологик касалликларни даволашда ишлатиладиган йод-125 радиоизотопининг 50 фоизидан кўпроғи Ўзбекистонда, ВВР-СМ ядро реакторида олинади.
1978 йилда бизда илк бор технеций-99m радионуклид генератори олинганди. Бу энг универсал радионуклид бўлиб, ҳар хил хасталикларнинг диагностикасида ишлатилади. Бугунги кунда дунё бўйича радионуклидлар иштирокида ўтказиладиган барча ташхис муолажаларининг 85 фоиздан ортиғи айнан технеций-99m ёрдамида ўтказилади.
80-йилларда Ўзбекистонда ядро тиббиёти шаклланиши бошланди, ЯФИда радионуклидларни ишлаб чиқариш суръати тезлашди ва асосан экспорт қилиш кўзда тутилди. Ҳозирги кунда ҳам бизнинг 90 фоиз маҳсулотларимиз экспорт қилинади, шу сабаб бизни Ўзбекистондан кўра дунёда кўпроқ билишади.
Охирги 4-5 йилда вазият ўзгармоқда. Умид қиламизки, тез орада бизни ўз юртимизда ҳам яхши таниб олишади ва фахрланишади.
– Ўзбекистон изотоп маҳсулотларни қайси давлатларга экспорт қилади ва бу қанча даромад келтиради?
– Бугунги кунда бизнинг Ядро физикаси институтимиз дунёнинг 12 давлатига изотоп маҳсулотларни экспорт қилади. Булар – АҚШ, Канада, Буюк Британия, Германия, Италия, Россия, Япония, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар.
Тиббиёт мақсадлари учун ишлаб чиқариладиган изотоп маҳсулотларини экспорт қилишдан келадиган маблағ йилига ўртача 3 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Факт: Ядро физикаси институти радиофармацевтик препаратлар ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги 20та йирик муассаса қаторида туради.
– Ўзбекистонда ядро тиббиётининг айнан қайси йўналишлари ривожланмоқда ва бу жараёнда ЯФИ қандай ўрин тутади?
– Ўзбекистонда азалдан ўсма ҳужайраларини ионлаштирувчи радиация билан нурлантирувчи нур терапияси яхши ривожланган. Бу – соҳанинг тараққиётга юз тутган биринчи йўналишидир. Бундан сўнг радионуклид диагностика ва терапияси ривожлана бошлади. Бошланғич босқичида у технеций-99m билан йод-131 ишлатишга асосланди. Нур терапиясидан фарқли равишда бу усулда зарарланган органга радионуклид тутган дори воситаси манзилли тарзда етказиб берилади.
Сўнгги 8-10 йил давомида самарий-153 оксабифор препарати кенг қўлланила бошланди. Бу препарат суяклардаги кучли оғриқлар қўзғатувчи ўсмалар метастазлар бўлганда ва бошқа суяк касалликларида оғриқсизлантириш ва даволаш мақсадида ишлатилади.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда позитрон-эмиссион томография (ПЭТ КТ) йўналиши яхши ривожланмоқда. Бу инсон ички аъзоларида ўсма ҳужайраларини аниқлаш мақсадида ўсма ҳужайралари тўпланган жойни «ёритувчи» радиофармпрепаратлар (радиоактив изотоплар билан бойитилган махсус моддалар) жўнатишдан иборат.
Бугунги кунда Тошкентда беморларни қабул қилаётган ва диагноз қўяётган 3та ПЭТ марказ фаолият юритмоқда. Бу жуда муҳим йўналиш, сабаби ўсма касалликларига қарши курашда эрта диагностика ниҳоятда зарур ва ПЭТ КТ бунинг имконини беради.
Бу соҳаларда Ядро физикаси институтининг ўрни ҳақида сўрасангиз, республикамизда ўтказилувчи деярли барча радионуклид диагностика ва терапия бизнинг институтимиз маҳсулотларидан фойдаланилган ҳолда олиб борилади.
– Илҳом Исмоилович, айтишингизча, ЯФИ Ўзбекистон клиникаларини самарий-153 оксабифор изотоп маҳсулоти билан таъминлайди. Бизга маълумки, бу анчагина қиммат препарат бўлиб, дунё бозорида ҳам унинг нархи баландлиги ҳақида маълумотлар бор. Бизнинг клиникаларимиз бу маҳсулотни қандай нархда сотиб олишади?
– Тўғри, самарий-153 оксабифор жаҳон миқёсила бор-йўғи бир нечта Европа давлатларида – Германия, Франция ва Россияда ишлаб чиқарилади. Францияда бу препаратнинг Евроиттифоқ аҳолиси учун бир марталик дозаси 2,5 минг еврога баҳоланади, бошқа мамлакат фуқаролари учун эса 2,7 минг евро туради.
Бизда ишлаб чиқариладиган бу препарат сифат ва характеристика жиҳатидан улардан қолишмайди. Айрим мулоҳазаларга кўра, ҳатто улардан ўтади ҳам.
Юртимиз клиникаларига бу препарат 59 евро ҳисобидан Ўзбекистон сўмида берилади, яъни хорижда ишлаб чиқариладиган аналогидан 40 баравар арзон туради.
Факт: ЎзФА Ядро физикаси институти 1956 йилда ташкил этилган ва у ҳудуди жиҳатдан Марказий Осиёдаги энг йирик илмий тадқиқот даргоҳидир. Институтга тегишли 7та ноёб ядро физикавий қурилма 315 гектар майдонда жойлашган.
– Умуман, тиббиётда ядро технологияларини ўрганиш ва ривожлантириш қанчалик муҳим?
– Ядро медицинаси усуллари тиббиётда аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволашда жуда муҳим. Айниқса саратон касалликларини даволашда бу йўналиш катта роль ўйнайди. Бундан ташқари, бу селектив терапия, яъни ядро тиббиёти усуллари касаллик ўчоғини даволашда қўлланилади.
Кимё терапия ва бу турдаги дори воситаларини қабул қилишда улар бутун организмга сингади, бу эса ножўя таъсирларга сабаб бўлади. Радиотерапияда эса препарат манзилли тарзда фақат касалликдан зарарланган майдонларга йўлланади. Онкология нуқтайи назаридан препарат фақат ўсма ҳужайраларига таъсир қилади ва соғлом ҳужайраларга зарар етказмайди. Шу тарзда соғлом ҳужайралар ва умуман организм бу препаратларнинг умумий таъсиридан зарар кўрмайди.
Иккинчидан, ядро тиббиётининг самараси жуда юқори. Масалан, ҳозирги кунда лютеций-177 асосидаги шундай препарат пайдо бўлдики, илмий тадқиқотлар асосидаги мақолаларга таянадиган бўлсак, бу препарат таъсирида баъзи турдаги ўсмалардан соғайиш кўрсаткичи 99 фоизгача етиши мумкин. Бошқа услублар билан ҳозирча бундай натижаларга эришиб бўлмаяпти. Демак, ядро тиббиётининг келажаги порлоқ.
Шу билан бирга, ғалати парадокс кузатилади: одамларда шундай фикр ўрнашиб қолганки, кўпчилик радиактивлик билан боғлиқ ҳамма нарса организмга зарар етказади, деб ўйлайди. Аслида эса аксинча, тўғри қўлланганида бу услублар энг оғир касалликларни даволашда яхши самара беради.
– Бизга маълумки, Ўзбекистонда атом электростанцияси қурилиши режалаштирилмоқда. АЭС ядро технологиялари, ядро тиббиёти ривожида қандай ўрин тутиши мумкин?
– АЭС қурилиши улкан лойиҳа бўлади. Бу лойиҳада энг муҳими – мутахассисларни тайёрлаш. Юртимизда ядро тиббиёти 60 йилдан бери ривожланмоқда, АЭС қурилиши эса шубҳасиз, ядро технологияларнинг барча йўналишларида, шу жумладан ядро тиббиёти ривожида ҳам муҳим роль ўйнайди, деб ўйлайман.
АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистонда Москва муҳандислик-физика институти Миллий тадқиқот ядро университети (НИЯУ МИФИ)нинг илк хорижий филиали очилди. Бу йил ўтган йили қабул қилинган 100 нафар талаба биринчи босқични тамомламоқда ва яна 100 нафар талаба қабули эълон қилинган. Университет дастурида таълимнинг турли йўналишлари, жумладан ядро технологиялари борки, уларнинг бир қисми сифатида ядро тиббиётини ҳам олиш мумкин.
Бизнинг институтимиз кадрлаш тайёрлаш, шунингдек ядро тиббиёти бўйича ҳам мутахассисларни ўқитиш ҳамда уларнинг институтимиз қошидаги ядро тиббиёти лабораториясида амалиёт ўташлари бўйича ариза берган. Шу боис аминманки АЭС қурилиш лойиҳаси Ўзбекистонда ядро технологиялари, шу жумладан ядро тиббиёти ривожига туртки беради.
– Коронавирус билан боғлиқ вазият ядро тиббиётига қандай таъсир қилиши мумкин, ёки қандай таъсир қилди?
– Коронавирус пандемияси шубҳасиз тиббиётга, шу қаторда ядро тиббиётига ҳам жиддий таъсир ўтказди. Дунёнинг деярли барча олимлари, жумладан биз ҳам COVID-19 касаллигига қарши кураш услубларини ишлаб чиқиш борасида тадқиқотларга киришдик.
«Радиопрепарат» корхонаси томонидан хозирги кунда турли юқумли касалликларни аниқловчи 10дан ортиқ хилдаги иммун тестлар ишлаб чиқарилмоқда. Айни пайтда коронавирусни тезкор аниқловчи тест устида ҳам иш олиб борилмоқда. Умид қиламизки, куз ойларидаёқ бу вирусни тезкор аниқлаш бўйича тест тайёр бўлади.
Пандемияга қарши курашда тиббий асбоб ва буюмлар стерилизацияси ҳам жуда муҳим аҳамият касб этади. Коронавирус тарқалиши билан бундай ишлар ҳажми бизнинг институтимизда ҳам кескин ошди. Институтда тиббиёт асбоб-ускуналари ва буюмларини (бир марталик, шприцлар, қўлқоплар, кийим бошлар, хирургик иплар, бинт, пахта ва бошқалар) радиацион стерилизациялаш бўйича республикамизда ягона ишлаб чиқариш майдони ташкил қилинган. Бу турли вирусларга қарши курашда жуда самарали усул ҳисобланади. Шу боис пандемия даврида бизда тиббий асбоб-ускуналарни стерилизациялаш ҳажми кескин ошди.
Умид қиламанки, бу йўналиш ҳам ривожланишда давом этади, бундай марказлар сони ошади ва уларнинг самарадорлиги ҳам кенгаяди. Бу эса ўз навбатида тиббиётимиз ходимларига турли бактериялар, вируслар, шу жумладан коронавирусга қарши курашда кўмак бўлади.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
15:36 / 08.10.2024
Физика бўйича Нобел мукофоти сунъий интеллект устида олиб борилган ишлар учун берилди
22:42 / 09.08.2024
Физик аёл ўз кашфиётидан 75 йил ўтгач докторлик унвонини олди
09:21 / 25.07.2024
“Тил билиш муҳим, лекин унинг шунчаки восита эканлигини унутмаслик керак” – Сингапурда PhD ёқлаган ўзбек олими
21:32 / 29.05.2024