Технология | 18:10 / 04.03.2018
10089
4 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчисиз машиналар қандай ювилади?

Ҳайдовчисиз ҳаракатланувчи машиналарни ювиш осонми? Оддий машинани ювгандек гап-да, дейишингиз мумкин. Бироқ янада самарали ечим устида ишлаётган автоном автомобиллар ишлаб чиқарувчилари бундай фикрда эмас. CNN Tech уларнинг баъзилари билан суҳбатлашиб, автоном машиналарни ювишда қандай қийинчиликларга дуч келиш мумкинлиги ҳақида маълумот берди.

Фото: CNN Tech

Автоматлаштирилган машина ювиш қурилмалари ўнлаб йиллар давомида такомиллаштирилган, бироқ ҳайдовчисиз автомобилларни ишлаб чиқарувчи компаниялар фаол ҳолатдаги машина ҳақида гап кетганда, ҳануз қўл меҳнатига умид қилишмоқда. Экспертларнинг сўзларига кўра, ҳали анъанавий автоматик ювиш қурилмалари уддалай олмайдиган қатор вазифалар бор.

Масалан, ювиш воситаси қолдиқлари ёки кучли сув оқимлари автоном транспорт воситасини "кўр" қилиб қўйиши мумкин. Қаттиқ чўткалар эса сенсорлар калибрини ўчириши ва уларнинг аниқлигига салбий таъсир кўрсатиши ёки умумун 100 минг доллар ва ундан қиммат турувчи қурилмага зиён етказиши мумкин.

Фото: CNN Tech

Ҳайдовчисиз машиналар оддий автомобилларга қараганда кўпроқ эътиборталаб бўлади. Кирлар, ҳашаротлар, қушлар ва сув доғлари автомобилнинг объектларни аниқлаш хусусиятини ёмонлаштириши, бу эса унинг хавфсизлик тизимига таъсир кўрсатиши мумкин.

Ижара автомобилларининг катта тураргоҳларини бошқариш борасида кўп йиллик тажрибага эга Avis компанияси ҳайдовчисиз Waymo минивэнларига хизмат кўрсатади. Фирмада машиналарни ювиш ва қувватлантириш учун Феникседаги уч сервис станциясини қайта қуришга тўғри келган.

"Баъзи жиҳатлар, шубҳасиз, янада катта эътибор талаб қилади, машиналарни тез-тез ювишга тўғри келади, - дейди Avis'нинг инновациялар бўйича директори Артур Ордунья. - Биз дунёдаги ҳеч бир автомобилга нисбатан қўлланмаган сервисни тақдим этамиз".

Фото: CNN Tech

Ордунья автоном бошқарувли машиналарни ювиш жараёни айнан қандай кечишига оид сирларни очмади. Toyota, Aptiv, Drive.AI ва Uber каби компаниялар эса CNN'га бунинг учун микрофибрали салфеткалар, спирт, сув ва шиша ювиш учун махсус суюқликдан фойдаланишларини айтишган. Қишда Uber'нинг махсус ходимлари камераларни шиша ювувчи восита билан пуркашади ва унга ҳаво йўллашади.

Toyota'да, қоидага кўра, махсус спирт, баъзан эса тозаловчи салфеткалар қўлланилади. Энн-Арбор (Мичиган)да фаолият кўрсатувчи  May Mobility стартапи эса барча автоном бошқарувли машиналарни фақат сув билан ювади.

Фото: CNN Tech

Бироқ баъзи компаниялар, масалан, General Motors'нинг бўлими Cruise – қўл меҳнатига бўлган талабни камайтиришга йўналтирилган махсус қурилмани ишлаб чиқмоқда. Seeva стартапи ҳам худди шундай технологиялар устида иш олиб бормоқда. Ҳозирда компания ювувчи воситани 71 даража ҳолатигача келтирувчи ҳамда ҳашаротлар излари ва кирларни йўқ қилиш учун камера ва сенсорларни тозаловчи автоматик пурковчи тизимини таклиф этмоқда.

Шундай бўлса-да, Seeva раҳбари Диана Лансингер ҳозир ҳайдовчисиз машинанинг барча камералари, радарлари ёки лазер дальномерларини тозалаши мумкин бўлган ечимни тақдим этиш қийинлигини таъкидлайди.

"Ҳайдовчисиз машиналар сони ошган сари биз муҳандисларга йилига 150 минг доллардан тўлай олмаймиз, - дейди Лансингер. - Бироқ қўл меҳнатидан тўлиқ воз кечишимизга ҳали анча вақт бор".

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид