Ўзбекистон | 10:40 / 25.07.2018
43917
4 дақиқада ўқилади

Тест саволлари қандай тузилди?

Бу йил олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кенг кўламли янгиланишлар амалга оширилди. Имтиҳонларнинг 15 кун мобайнида ўтказилиши, натижаларнинг бир кун ўтибоқ эълон қилиниши шулар жумласидандир. Абитуриентлар эътирозларига сабаб бўлаётган тест топшириқларини тестология талабларига мос ҳолда тайёрлаш борасида ҳам малакали мутахассислар анча меҳнат қилди, деб ёзади Давлат тест маркази бўлим бошлиғи М.Зокирова «Маърифат» нашрида.

Тест саволларининг мураккаб тузилгани, улардаги умумтаълим фанлари ўқув дастурларига номувофиқликлар бўйича билдирилаётган эътирозлар юзасидан тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида кенг кўламли ишлар бажарилди. Жорий йилги тест топшириқлари умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилди. Тест топшириқлари бўйича муҳим ўзгариш — ҳар бир блок саволларининг 30 тадан этиб белгиланганидир. Бу қарорга келиш учун Давлат тест маркази Буюк Британия, Россия, Қозоғистон каби давлатларнинг тажрибаларини ўрганди. 

Халқаро тажрибалардан фойдаланган ҳолда тест жараёнини такомиллаштириш, саволлар мазмунини соддалаштириш бўйича мутахассисларимиз давлат таълим стандартлари асосида иш олиб борди. Хусусан, янги тузилган тест вариантлари пойтахтимиздаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида апробациядан ўтказилди. Синов жараёнида 10 та фан бўйича 1115 та тест топшириғидан фойдаланилди. Жараёнга 2659 нафар битирувчи жалб қилинди. 

Синов жараёнида абитуриентнинг қанча вақт сарфлаши ва мураккаб саволлар бўйича тегишли маълумотлар аниқланди. Натижалар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. 

Давлат тест марказининг “Тестология, педагогик ўлчовлар ва илмий-методик кадрлар тайёрлаш” бўлими мутахассислари белгиланган чора-тадбирлар асосида тест саволларини сифатли тайёрлашга киришди. 2017 йили олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул учун қўлланилган 37 мингдан ортиқ тест топшириғи дистрактор муқобиллари таҳлил қилинди. Тест синовларини ўтказиш учун умумий ўрта таълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг ДТС ва ўқув дастурлари асосида абитуриентлар тайёргарлиги даражасига қўйиладиган талаб кодификатори ҳамда тест топшириқлари тафсилоти ишлаб чиқилди. Янги тайёрланган тест топшириқлари экспертлар текширувидан сўнг апробация(синов)дан ўтказилди. 

Апробация натижаларини статистик таҳлил қилиш жараёнида топшириқларнинг мураккаблиги, баллар вариацияси (ўзгарувчанлиги, фарқланиши), саволларнинг бошқаси билан боғлиқлиги, тест топшириқларига қўйилган асосий талаблар аниқланди. Статистик таҳлиллар баъзи тестларда ишончлилик коэффициенти талаб даражасида эмаслиги, 79 та топшириқда айрим дистракторлар (муқобил жавоблар) ўз функциясини бажармаслиги маълум бўлди. 

Таҳлиллар асосида экспертлар ишончлилик коэффициенти бўйича 61 та тест саволида ўзгариш қилган. Саволларнинг айримлари бутунлай ўзгартирилди. Талабга жавоб бермаган 16 та тест саволи базадан олиб ташланди. Шунингдек, 113 та мураккаб савол соддалаштирилди. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қайта-қайта текширувдан ўтказилган саволлар аслида унчалик ҳам қийин эмас. Абитуриентларнинг бундай саволларга жавоб тополмаслигига сабаб баъзи мавзуларнинг мактабларда яхши ўқитилмаслиги билан боғлиқ, дея ёзади мутахассис.

Мавзуга оид