Спорт | 14:10 / 03.03.2024
34950
19 дақиқада ўқилади

Испанияда можаро, «Ливерпул»да ақл бовар қилмас якун. Европада кун ўйинлари

Ҳакам «Реал»ни ғалаба голисиз қолдирди ва уни урган Беллингҳемга қизил кўрсатди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Фото: Getty Images

Испания: мавсумнинг баҳсли ўйинларидан бири

«Валенсия» — «Реал» 2:2
Голлар:
Дуро (27), Яремчук (30) — Винисиус (45+5, 76).
«Валенсия» – Мамардашвили, Фульке, Диакаби (Ўзкажар, 89), Москера, Гайя, Франсиско Перес (Петер Федерико, 73), Канос (Гилямон, 57), Пепелу, Герра (Амалла, 73), Яремчук (Диего Лопес, 57), Дуро.
«Реал» – Лунин, Карвахал, Рюдигер, Чуамени, Менди (Фран Гарсия, 72), Кроос (Модрич, 63), Валверде (Начо, 86), Камавинга (Ҳоселу, 72), Беллингҳэм, Винисиус, Родриго (Диас, 63).
Огоҳлантиришлар: Яремчук (4), Винисиус (72), Валверде (80), Диакаби (83), Хоселу (90+9).
Четлатиш: Беллинҳэм (90+9).

Испания чемпионатида мавсумдаги энг ақл бовар қилмас ўйинлардан бири бўлиб ўтди. Исталган жамоа охирги дақиқаларда ғалабани илиб кетиши мумкин эди, аммо ўйинда можароли дуранг қайд этилди.

Бир йилча олдин «Месталя»да ирқчилик можароси рўй бериб, Винисиус Жуниорни ҳақоратлаган фанатлар уни йиғлашга мажбур қилганди. Ўшанда айбдорлар жазосини олган, аммо форвард ва Карло Анчелоттининг бутун стадион манзилига қаратилган қатъий сўзлари ёдда қолганди. Шундай экан, шанба кунги ўйинда мадридликларга тинмасдан ҳуштакбозлик қилишди. Айниқса Винисиус ортида «кўршапалаклар» жамоасининг ашаддий фанатлари ўтирадиган дарвоза яқинида пеналтига умид қилиб йиқилганида ҳар қачонгидан қаттиқроқ ҳуштак чалишди.

Лекин футбол барчасини босиб кетди ва «Валенсия» яхши ўйин кўрсатди. Футболчилар яқинда икки қаватли уйда ёнғин чиқиб, инсонлар ўлими кузатилган шаҳар учун ўйнашди. Бу ҳодиса туфайли «Гранада»га қарши ўйинни қолдиришга ҳам тўғри келганди. Бу ўйинда эса максимал даражада иштиёққа эга бўлган мезбонлар Валверденинг рискли диагоналидан максимал натижа чиқариб олишди. Ҳимоячиларга ёрдамга қайтган Винисиус ўз жамоаси жарима майдони яқинида тўпни йўқотди, Уго Дуро эса Фран Переснинг муваффақиятсиз чиққан зарбасидан кейин тўпни дарвозага киритиб юборишни уддалади. Кўп ўтмай Карваҳал орқага тўп узатишда хатога йўл қўйиб, Яремчук яккама-якка вазиятга чиқиб кетишига сабабчи бўлди.

«Реал» эса одатдаги каби Винисиуснинг голидан кейин ўзига кела бошлади, бразилиялик ҳужумчи мезбонлар фан-сектори қаршисига келиб, қўлини мушт қилиб кўтарди. Табиийки, унинг бу жести дарҳол ижтимоий тармоқларда тарқалди. Мавзу тушунарли ва ҳатто спортдан узоқ бўлган ресурслар ҳам бунга эътибор қаратди.

Ўйин давомида бошқа эътиборли паллалар ҳам кўп бўлди. Майдонга қайтган Беллингҳем бир финт билан ҳимоячини йўлидан олди, аммо шу куни ёрқин ўйин кўрсатган Мамардашвилини алдай олмади. Ўз навбатида Лунинда ҳам ажойиб сейвлар бўлди.

Винисиус «Валенсия» дарвозасига ўзининг еттинчи голини ургач, бу жамоа статистика нуқтайи назаридан унинг учун севимли рақибга айланди. 72-дақиқада бразилиялик футболчининг сариқ карточкасини мезбон фанатлар худди гол урилгандек нишонлашди. Кейин эса у мезбонлар дарвозасига саккизинчи голини ҳам урди, у яна рақиб мухлислар томонга бориб, қўлларини қулоқларига қўйди ва тилини кўрсатиб, трибунадагиларни қуюшқондан чиқарди.

Бундай ўйинларда «Реал» кўп марта рақибларни таслим этган. Бу сафарги ўйинда эса мағлубиятга учраш хавфи юзага келди, қўшимча бўлимлар вақтда арбитр «нуқта»ни кўрсатди. Чемпионат пешқадамини ҳалокатдан VAR қутқариб қолди ва мониторда Дуронинг зарбасидан олдин Фран Грасия тўпга улгургани, кейин эса форвард ўзи йиқилганини кўриш мумкин эди.

Ҳақиқий эҳтирослар эса финал ҳуштаги янграши билан қайнади. Мадридликлар «Реал»нинг голли ҳужуми вақтида ўйинни тўхтатган Хесус Ҳил Мансанони тилка-пора қилишга тайёр эди. Бурчак тўпи ижро этилгач тўп жарима майдонидан қайтиб чиққанида ҳакам ўйинни якунловчи ҳуштагини чалди, аммо Фран Гарсия ўйинни давом эттириб, қайтган тўпни жарима майдонига узатди ва Беллингҳем бош билан дарвозани ишғол этди, ҳакам эса голни инобатга олмади. Голни ҳисоблашни талаб қилиб, қизиққонлик қилган англиялик футболчи эса якунда қизил карточка олди.

Ўйиндан кейин мунозаралар давом этмоқда. «Мен ҳакам узатма амалга оширилишидан олдин ҳуштак чалаётганини аниқ кўрдим. У рақибга ҳам беш дақиқа ўйнашга имкон берганди ва улар шу туфайли биринчи бўлим охирида гол уришганди. Рефери шундай қарор қилди ва менинг бошқа айтар сўзим йўқ», — деди мезбонлар бош мураббийи Рубен Бараха.

«Реал» версиясига кўра, барчаси бошқача бўлган ва ҳуштак тўп ҳаводалигида чалинган. Клуб расмий сайтидаги материалда мадридликлар ғалабага ҳақли бўлгани, аммо фақат биргина очко олгани ёзилган. Анчелотти эса бу борада шундай деди: «Ҳеч нарса дея олмайман, бу ерда мисли кўрилмаган ҳолат содир бўлди. Мен билан бунақаси ҳали бўлмаганди».

Мураббийнинг ишонч билан айтишича, Беллингҳем ҳакамни ҳақорат қилмаганди. Кўп ўтмай англиялик футболчи нима дегани маълум бўлди: «Бу шармандалик! Тўп ҳавода эди, бу аниқ гол! Сен нима қиляпсан?». Умуман олганда, ҳакамга бундай муносабат учун қизил берилади. Яқин орада унинг дисквалификацияси узайтирилиши ҳақида ҳам хабар чиқиб қолиши мумкин. «Реал» эса апелляция берган.

Бу воқеа атрофидаги гаплар ҳали давом этади. Шу билан бирга, Анчелотти айтганидек, «Месталя»даги дурангдан кейин хотиржам ухлаш мумкин, чунки «Реал» ҳамон биринчи ўринда.

Англия: мерсисайдликларнинг иродаси ва Эмери учун триллер

«Ноттингҳем Форест» – «Ливерпул» 0:1
Гол:
0:1 – 90+9 Нунес.
«Ноттингҳем Форест» – Зелс, Уилямс, Омобамиделе, Мурилло, Тоффоло, Йейтс, Гиббс-Уайт, Домингес (Данило, 79), Ҳадсон-Одои, Эланга, Ориги (Авонийи, 65).
«Ливерпул» – Келлеҳер, Брэдли (Цимикас, 84), ван Дейк, Конате, Робертсон (Нунес, 60), Гомес, Мак Аллистер, Кларк (Эндо, 60), Эллиотт (Собослаи, 76), Диас, Гакпо (Дэннс, 84).

Ҳафта ўрталарида «Ливерпул» ёшлари Англия Кубоги ўйинида барчани ҳайратга солиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонганди. Бу сафар қизилларнинг АПЛдаги ўйини бошланғич таркибида илк бор 19 ёшли Бобби Кларк ўрин олди — у «Нюкасл»нинг собиқ футболчиси, ҳозирда эса мураббий бўлиб ишлаётган Ли Кларкнинг ўғли ҳисобланади. Бу, албатта, эътиборга молик воқеа, аммо соврин учун пойгада Юрген Клоппга тажрибали жангчилар даркор. Навбатдаги тургача фақат Нунес сафга қайтиши мумкин, у ҳозирча фақат ўйин охирида майдонга тушишга тайёр.

Лекин «Ливерпул» бу мавсумда айнан ўйиннинг сўнгги қисмида кучли ўйин кўрсатмоқда. Ҳатто рақиб дарвозаси сеҳрлаб қўйилгандек кўринган ўйинларда ҳам. Иккинчи бўлим бошида Робертсон ўта қулай вазиятдан гол ура олмагач, жамоа бу ўйинда ҳисобни оча олмайдигандек кўрина бошлади. «Ноттингҳем» дарвозабони Зелс ўз футболчиларидан рикошет орқали келган қийин тўпларни ҳам қайтарди. Ўйин голсиз дуранг билан якунланаётган маҳалда эса «ўрмончилар» тушунарсиз хатога йўл қўйишди.

Ҳеч қандай таваккалчилик қилмасдан, соддароқ ўйнаш талаб этилган вазиятда мезбон жамоа футболчилари ўз жарима майдони олдида қизиллар прессинги қурбони бўлишди. Кейин Мак Аллистердан намунали узатма ва Нунесдан бош билан йўлланган намунали зарба. Бу вақтда секундомерда 98:38 рақамлари ёниб турганди ва «Ливерпул» тарихидаги энг кеч урилган гол рақибларнинг натижаларидан қатъи назар пешқадамликни сақлаб қолиш имконини берди. Жамоа жокерлари захирадан тушиб 21 гол урганда — буни чемпионлик пойгасидаги катта кузир дейиш мумкин. Мерсисайдликлар қирқ йиллик тавқи лаънатга чек қўйиб, Ноттингҳемда 1984 йилдан буён илк бор ғалаба қозонди.

«Тоттенҳэм» – «Кристал Пэлас» 3:1
Голлар:
0:1 – 59 Эзе, 1:1 – 77 Вернер, 2:1 – 80 Ромеро, 3:1 – 88 Сон Ҳён Мин.
«Тоттенҳэм» – Викарио, Эмерсон, Ромеро, ван де Вен, Удожи, Мэддисон (Хейберг, 82), Бентанкур (Жонсон, 63), Биссума (Ло Челсо, 90), Кулусевски, Сон Ҳён Мин (Скарлетт, 90), Вернер (Сарр, 82).
«Кристал Пэлас» – Жонстон, Мунос, Уорд, Андерсен, Ричардс, Митчелл, Лерма, Эзе (Матеус Франса, 66), Уортон (Ҳюз, 71), Айю (Эдуар, 71), Матета.

Бу мавсумда чемпионлар лигаси тўртлиги йўлланмаси учун курашдаги қизғинлик бош соврин учун курашдагидан кам бўлмаяпти. Тўғри, бу пойгдаги иштирокчилар камроқ, чунки ўтган турда «Фулҳэм»га сенсацион равишда мағлуб бўлган «МЮ» кучли тўртликка киришдан умид узмоқда. Лекин «Тоттенҳэм» ва «Астон Вилла» сўнгги ойларда бир неча бор ўрин алмашишди. Ҳозирда «шпорлар» ортда қувувчи мақомида, жамоа сўнгги турларда беш очко йўқотди.

Бу сафарги ўйинда ҳам очко йўқотиш хавфи бор эди, бу эса умуман ўйин мантиғига мос келмасди. Шунга қарамай, Ангелос Постекўғли жамоаси 77-дақиқага қадар мағлубиятга учраётганди, жамоа иккинчи бўлим бошида Эзенинг жарима зарбасини ўтказиб юборди. «Кристал Пэлас» мудофаасини Жонсон буза олди, у қанотда тўпни ўзига бўйсундириб, Вернерни бўш дарвоза қаршисига чиқарди. Шундан кейин жарима майдонига қамалиб олган рақиб Ромерони тўхтата олмади, у Мэддисоннинг узатмасини бош билан дарвоза тўрига жойлади. Яккама-якка вазиятга чиқиб кетган Сон Хин Мин эса якуний ҳисобни ўрнатди.

«Лутон» — «Астон Вилла» 2:3
Голлар:
Чонг (66), Моррис (72) — Уоткинс (24, 38), Дин (89).
«Лутон» – Камински, Каборе, Белл (Огбене, 6), Берк, Менжи, Даути, Таунсенд (Ҳасиока, 53), Баркли, Кларк, Чонг (Раддок-Мпанзу, 84), Моррис.
«Астон Вилла» – Мартинес, Кэш, Лангле, Конса, Морено (Дин, 79), Бэйли (Диаби, 79), Рэмзи (Рожерс, 29; Ироэгбунам, 79), Макгинн, Дуглас Луис, Тилеманс (Заниоло, 79), Уоткинс.
Огоҳлантиришлар: Берк (38), Дуглас Луис (45), Бэйли (45), Рожерс (50), Заниоло (90).

Фақат ҳали «Астон Вилла»га етиб бўлмайди, локал инқироздан чиқиб олган ушбу жамоа қаторасига учинчи бор ғалабага эришди. Йилни ёрқин бошлаган, аммо олдинги тўрт учрашувда ютқазган «Лутон» бундай формадаги бирмингҳемликлар қаршисида ожиз эди. Уоткинсни умуман тўхтатиб бўлмаяпти, у бир мавсумда сафарда урилган голлар сони бўйича клуб рекордини такрорлади ва Дуайт Йоркнинг 1997/98 йиллар мавсумидаги натижаси билан тенглашиб олди (9 тадан). Унинг мавсумдаги жами голлари сони эса 16 тани ташкил этмоқда ва бир тўп фарқи билан Эрлинг Ҳоландни таъқиб этмоқда. Шунингдек, унда 10 та голли пас бор ва гол+пас тизимида тенгсиз (26).

У яккама-якка вазиятда гол ура олмаганидан кейин ҳам тушкунликка тушмади ва кейинги ҳужумдаёқ бурчакдан ошириб берилган тўпни дарвоза тўрига жойлади. Кейин эса Дуглас Луизнинг ажойиб пасидан кейин, ҳимоячилардан қочиб кетди, аввалига ҳакам хатолик туфайли офсайд қайд этган бўлса-да, VAR барчасини тўғрилади. Иккинчи бўлимда эса ўйин асабий кеча бошлади. Ўз майдонида кучлироқ ўйнайдиган «шляпачилар» икки тўп фарқини йўққа чиқаришди ва учинчи голни уришга ҳам яқин келишди. Даутининг жарима зарбалари меҳмонлар учун даҳшатга айланди, лекин Унаи Эмери ўйинчи алмаштиришлар орқали барибир ўйинни ўз жамоаси фойдасига ҳал қилди. Диаби олис устун томон ажойиб узатма берди, Дин эса рақиб ҳимоячилари ортида баланд сакраб, ғалаба голини урди. «Вилла» бешинчи ўрин билан беш очколик фарқни сақлаб қолди, қолаверса, захирада бир ўйини ҳам бор.

Италия: «Рома» Чемпионлар лигасига интилмоқда

«Монца» — «Рома» 1:4
Голлар:
Карбони (87) — Пеллегрини (38), Лукаку (42), Дибала (62), Паредес (82, пеналти)
«Монца» – Ди Грегорио, Биринделли, Калдирола (Донати, 85), Мари, Карбони, Галярдини (Карбони, 22), Пессина, Колпани (Кирякопулос, 46), Бондо, Журич (Акпа-Акпро, 85), Мота (Малдини, 66).
«Рома» – Свилар, Кристенсен (Челик, 27), Манчини (Ҳейсен, 77), Ндика, Анхелино (Смоллинг, 59), Паредес, Кристанте, Пеллегрини (Бове, 59), Ал-Шаъровий, Дибала (Балданзи, 77), Лукаку.
Огоҳлантиришлар: Кристенсен (25), Анхелино (48), Свилар (58), Бондо (62), Кристанте (84).

«Рома» Даниэле Де Росси бошқарувида кучли ўйнамоқда. Римликлар Жозе Моуринио кетганидан кейин ўтказилган етти ўйиндан олтитасида ғалаба қозонишди ва «Монц» йирик ҳисобда таслим этилди. Ҳолбуки бу жамоа йил бошида А серияда қуруқ ўйинлар бўйича максимал натижа кўрсатганди (4). Мезбонлар ҳисобни очиши мумкин эди, аммо Журич ўз имкониятини қўлдан бой берди, римликлар эса Кристантенинг голи бекор қилинганидан кейин янада катта куч билан олдинга ташланишди. Дибала биринчи ҳужумдаги ҳаракатини такрорлаб, тўпни Лукакуга ҳам қулай тарзда етказиб берди. Бундан олдинроқ эса мураббий алмашганидан кейин яна ўзига ўхшай бошлаган Пеллегрини ҳисобни очганди. У яна илҳом билан енгил ўйнай бошлади ва бу ҳимоячидан қочиб кетиб, бошқасининг ортидан дарвозага аниқ зарба беришига имкон берди.

Мезбонлар иккинчи бўлимни фаолроқ бошлагани ва умуман олганда танаффусдан кейин қизиқроқ ўйнай бошлагани иллюзия бўлиб чиқди. Дибала ижросидаги жарима зарбасидан кейин амалда ўйин масаласи ҳал бўлди. Аргентиналик футболчи ва Лукакунинг голлари икки рақамда ифодаланмоқда (11 ва 10), «бўрилар»да бундай тандем сўнгги етти йилда кузатилмаганди. Жамоада бунақа самарали ҳужум жуфтлиги Жеко ва Салоҳ ўйнаганида бўлганди. Бу ғалабадан кейин «Рома» турнир жадвалида «Аталанта»ни қувиб ўтди ва тўртинчи ўринда бораётган «Болоня»ни атиги бир очколик фарқ билан таъқиб этмоқда. Лекин бу икки рақибдан бири (ёки иккиси ҳам) бу турда очко йўқотиши аниқ, якшанба куни уларнинг ўзаро ўйини ўтказилади.

Германия: Дортмунд тўртликда қолди

«Унион» – «Боруссия» Д 0:2
Голлар:
0:1 – 41 Адейеми, 0:2 – 90 Матсен.
«Унион» – Реннов, Юранович, Фогт, Диогу Лейте (Бедиа, 81), Дуки, Руссийон (Триммел, 69), Хедира (Ааронсон, 69), Тузар (Ҳаберер, 61), Шафер, Фолланд, Холлербах (Вертессен, 61).
«Боруссия» Д – Майер, Рюэрсон, Зюле, Шлоттербек, Матсен, Забитцер, Жан, Брандт (Ўзжан, 66), Санчо (Бенсебайни, 88), Адейеми (Байно-Гиттенс, 78), Фюллкруг.
Огоҳлантиришлар: Рюэрсон (45), Ҳаберер (75), Вертессен (90).

Йилни кучли бошлаган «Боруссия» қиш охирларига келиб муваффақиятсиз ўйинлар ўтказди ва охирги икки турда атиги бир очко олди. Жамоанинг топ-4 даги ўрни хавф остида қолганди, аммо қийин вазиятга тушиб қолган «асаларилар» Берлинда диққатни жамлаб ўйнади ва қарийб бир ой ичидаги илк ғалабасини нишонлади. Сафга қайтган Адейемининг зарбаси ғалабани таъминлади, у қанотдан марказга кўчиб, чап оёғи билан шундай зарба бердики, «Унион» дарвозабони жойидан жила олмади, тўп эса тўсин остидан кириб кетди. Ўйин охирида эса ҳимоячи Матсен прессингда ҳаракатланиб, ҳужумга ўтиб кетди ва тўпни эгаллаб олгач, яккама-якка вазиятга чиқиб бориб аниқ зарба берди. Дортмундликлар йилнинг бешта сафар ўйинида атиги бир гол ўтказган ҳолда клуб рекордини ўрнатди.

«Боҳум» – РБ «Лейпциг» 1:4
Голлар:
1:0 – 7 Виттек, 1:1 – 30 Олмо, 1:2 – 68 Опенда, 1:3 – 71, автогол Ордец, 1:4 – 72 Поулсен.
«Боҳум» – Люте, Лоосли, Ордец, Шлоттербек, Бернардо, Виттек, Лосилла, Штегер, Беро (Квартенг, 72), Асано (Пасиенсия, 88), Брошински (Хофманн, 72). РБ «Лейпциг» – Гулачи, Хенрихс (Симакан, 78), Орбан, Лукеба, Раум, Олмо (Элмаз, 65), Айдара, Зайвалд, Симонс (Битшиабу, 88), Баумгартнер (Поулсен, 65), Шешко (Опенда, 65).
Огоҳлантиришлар: Брошински (38), Айдара (45), Лоосли (66), Ордец (77), Симакан (81).
Четлатиш: Квартенг (86).

«Боруссия»нинг муваффақияти жамоага тўртинчи ўринни сақлаб қолиш имконини берди, аммо таъқибчилар узоқда эмас. «Лейпциг» ҳам ўз ўйинида ғалаба қозонди. Боҳумда «ҳўкизлар» тезкор гол ўтказиб юборишди, узоқ даволанишдан қайтган Гулачи узоқ масофадан йўлланган жарима зарбасини ўтказиб юборди. Аммо майдондаги футболчилар голлар билан ўз дарвозабонини қўллаб-қувватлашди. Дани Олмо «тўққизлик»ни аниқ нишонга олиб, мувозанатни тиклади, кейин эса меҳмонлар рақибни қарши ҳужумларда жазолашди.

«Волфсбург» – «Штутгарт» 2:3
Голлар:
0:1 – 14 Гирасси, 1:1 – 50 Мэле, 1:2 – 54, пенальти Гирасси, 1:3 – 77 Вагноман, 2:3 – 83 Нмеча.
«Волфсбург» – Кастелс, Лакруа, Йенц, Мэле, Арнольд, Герҳардт (Вранкс, 81), Черни (Тиагу Томаш, 46), Маер (Сарр, 65), Паредес (Нмеча, 81), Баку, Беренс (Винд, 65).
«Штутгарт» – Нюбел, Вагноман, Антон, Ито, Руо, Миттелштедт (Мвумпа, 86), Каразор, Штиллер (Дауд, 90), Фюрих (Левелинг, 71), Мийо (Ундав, 72), Гирасси (Жон Ву Ен, 87).
Огоҳлантиришлар: Арнолд (3), Баку (22), Мэле (52), Антон (58), Каразор (83).

«Штутгарт» эса учинчи ўринда ўзини анча қулай ҳис қилмоқда. «Шваблар» ўтган турда кутилмаганда ўз уйида «Кёлн»га очко берганди (1:1), аммо бу йўқотиш Волфсбургдаги ёрқин ўйин билан компенсация қилинди. Себастян Ҳенесс жамоаси «бўрилар»нинг ҳисобни тенглаштиришига ажойиб реакция қилишди. Меҳмонлар дарҳол олдинга ташланди ва пеналти ишлади, зарбани аниқ бажарган Гирасси дублни расмийлаштирди. Бунгача ушбу жамоанинг бирор футболчиси 24 турда 19 гол урмаганди, бундай самарадорлик эвазига «Штутгарт» бу оралиқда илк бор 50 очко жамғарди.

Кун статистикаси

  • «Челси» Англия чемпионатида сўнгги 9 турдан фақат 1 ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олган.
  • «Серкл Брюгге» дарвозабони Варлесон бу мавсумда 3 бор голли узатмага муаллифлик қилди. Бу Европадаги топ-10 лига дарвозабонлари орасидаги энг юқори натижа.
  • «Севиля» ҳужумчиси Ан-Носирий «Реал Сосиедад»га қарши 13 ўйинда 9 гол урган. Басклар — ушбу марокашлик учун ла лигадаги энг севимли рақиб.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид