Испания чемпионатида биринчи давранинг сўнгги тур ўйинлари ўтказилмоқда. Мадрид ва Каталония клублари ўртасида қувлашмачоқ давом этади.

Характер ва стандартлар

«Реал» – «Маллорка» 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 78 Рюдигер.
«Реал» – Лунин, Карвахал, Рюдигер, Тчуамени, Фран Гарсия, Модрич (Себалос, 86), Кроос (Хоселу, 67), Валверде, Беллингҳэм, Винисиус Жуниор (Браим Диас, 60), Родриго (Васкес, 86).
«Маллорка» – Райкович, Маффео, Настасич, Раило, Гонсалес, ван дер Ҳейден (Тони Лато, 46), Санчес (Ндиайе, 83), Дани Родригес (Дардер, 73), Морланес (Маскарел, 73), Саму Кошта, Ларин (Пратс, 73).
Огоҳлантиришлар: ван дер Ҳейден (1), Родриго (35), Лунин (45), Настасич (61), Маффео (70).

Англияда «Ливерпул» «Арсенал»ни ортда қолдириб кетди, аммо мавсумнинг иккинчи қисмида янада кучаядиган «Манчестер Сити»нинг нафасини ҳис қилмоқда. Италияда «Ювентус» «Интер»ни олдинга қўйиб юбормаяпти. Францияда «Ницца» ва «Монако» курашиб кўрди, аммо «ПСЖ» барибир яна чемпион бўладиган. Бир сўз билан айтганда, барча чемпионатларда одатий ҳолат кузатилмоқда ва ҳатто Германияда ҳам — «Байер»га ҳурмат сақлаган ҳолда айтиш мумкинки — «Бавария»нинг ортдан қувувчи роли ҳеч кимни ажаблантирмаяпти.

Бундай ҳолатлар мюнхенликларнинг шонли даврларида ҳам кузатилган, Томас Тухел жамоаси ўтган мавсумда ҳам узоқ вақт давомида турнир пешқадами бўлиб турган «Боруссия»ни сўнгги турларда қувиб ўтганди. Бу мавсумдаги «Бавария» билан ҳам курашиш мумкин ва керак, шундай экан, топ-5 лигалардаги олтин учун энг қизиқарли пойга Испанияда кузатилмоқда. Ла лигада икки жамоа чемпионлик учун курашиши одатий ҳолат, аммо гап бу курашда кимлар эканида.

Аниқроқ айтганда — ким «Реал»ни хотиржам бўлишга қўймаётганида. Бу рақиб беқарор ўйнай олмаётган ва сафар ўйинларида қоқилаётган «Атлетико» эмас, Диего Симеоне жамоаси қаторасига уч сафар ўйинида ютқазди. Ва жароҳатлардан азият чекаётган ва Хавига ишонишда давом этаётган «Барселона» ҳам эмас, балки ҳозирдан мавсумнинг энг катта сенсация жамоасига айланган ва клуб рекордларини янгилаб, ҳамон юқори суръатда ўйнашда давом этаётган «Жирона»дир.

Янги йилдаги илк ўйин олдидан жароҳатланганлар қайтгани Карло Анчелоттини хурсанд қилди. Карвахал бир ойлик танаффусдан кейин майдонга қайтди, Винисиус Жуниор эса ундан ҳам кўпроқ вақт мобайнида жамоага ёрдам бера олмаганди. Уларнинг иккиси ҳам «Маллорка»га қарши ўйинда бошланғич таркибдан ўрин олди, ҳолбуки «Реал» бош мураббийи бразилиялик футболчининг тайёрлигига шубҳа билан қараётганди. Карвахал учун ўйин нохуш эпизод билан бошланди. Ҳакам ҳуштагини чалиши билан испаниялик ўнг қанот ҳимоячисининг юзига ван дер Ҳейден тирсак билан зарба бериб юборди. Белгиялик футболчи катта эҳтимол билан ла лигадаги энг тезкор сариқ карточкани ишлади – ўйин стартидан бир неча сония ўтганида.