Солиқ ўзгаришларидан кейин тадбиркорларда эътирозлар кўпаймоқда. Қудбиев ОАВ билан учрашади
Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар кичик ва ўрта бизнесга катта зарба бўлаётгани айтилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев душанба куни матбуот анжумани ўтказади. Kun.uz тадбиркорлардан муаммо нимада экани бўйича изоҳлари ва саволларини @kunuzmurojaat Telegram-манзилига юборишни сўрайди.
Ижтимоий тармоқларда тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бухгалтерлари томонидан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришларга кескин эътирозлар билдирилмоқда.
Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, мулк солиғи бўйича 1 квадрат метр учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қиймат киритилди. Бу – Тошкент шаҳрида 2 500 000 сўм, вилоятларда 1 500 000 сўм. Муаммо эса бунинг натижасида солиқ тўловларининг 2-3 бараваргача ошиши билан боғлиқ.
Шунингдек, e-ijara ва e-aktiv тизимининг мураккаблиги, ҚҚС занжири билан боғлиқ ва шу каби бир қатор ўзгаришлар туфайли кичик ва ўрта бизнесда муаммолар юзага келаётгани тилга олинмоқда.
Kun.uz муаммоларга изоҳ олиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати билан боғланди. Бизга маълум қилинишича, қўмита раиси Шерзод Қудбиев 17 январ, душанба куни матбуот анжумани ўтказади ва эътирозлар юзасидан изоҳ бериб, ОАВ вакиллари саволларига жавоб беради.
Kun.uz тадбиркорлардан солиқларга киритилган ўзгартиришлар юзасидан қандай муаммолар ва саволлар бўлса, Telegram'да @kunuzmurojaat манзилига йўллашни сўраб қолади. Энг долзарб саволлар бўйича ДСҚ раисидан батафсил изоҳ олишга ҳаракат қиламиз.
Қайд этиш керак, Шерзод Қудбиев солиқ ставкалари бўйича аввал берган бир нечта изоҳларида Солиқ қўмитаси солиқларни ундириш билан шуғулланиши, солиқ сиёсатини белгилаш эса кўпроқ Молия вазирлигига боғлиқлигини айтганди. Эътирозларга сабаб бўлаётган солиқ ставкаларини белгилаб берган депутат ва сенаторлар ҳозирча муаммога муносабат билдирмади.
Солиқ кодексига, хусусан юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича мазкур ўзгаришларни киритиш бўйича парламентдаги муҳокамаларда депутат Дониёр Ғаниевнинг шу мавзудаги саволига "Миллий тикланиш" партияси етакчиси Алишер Қодиров парламент ялпи мажлиси қонун лойиҳаларини муҳокама қиладиган жой эмаслиги, муҳокамалар қўмита ва фракция йиғилишларида бўлиши, ялпи мажлисларда эса депутатлар овоз бериш орқали муносабат билдириши кераклигини айтганди.
Мавзуга оид
15:19 / 08.11.2024
Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади
11:07 / 07.11.2024
Тадбиркорларга газ бўйича ҳисобланган асоссиз 3,7 млрд сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди
13:43 / 30.10.2024
“Қарздор” ҳоким, чув туширилган тадбиркор ва исботини топган қилмиш – Мерей Омонбоевага ҳукм ўқилди
10:20 / 25.10.2024