Олий судгача югуртирилган тадбиркорлар. Фарғона шаҳар ҳокимлиги нега мулкни тортиб олмоқчи бўлди?
Kun.uz таҳририятига Фарғона шаҳрида фаолият юритувчи «Constant Trading» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонадан мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам сўраб ёзилган мурожаат келиб тушди.
Мурожаат 25 йил муқаддам давлат тасарруфидан чиқарилган ва хусусийлаштирилган кўчмас мулк объектлари Фарғона шаҳар ҳокимлиги даъвосига асосан маъмурий судлар томонидан давлат захирасига тортиб олинаётгани ҳақида эди.
Шу боис, мурожаатларни ўрганиш ва тадбиркор дардига қулоқ тутиш мақсадида Фарғона вилоятида бўлиб қайтдик.
Маълумки, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига кўра, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир. Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 17 январда имзолаган «Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 4933-сонли фармонида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судлар томонидан хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан, объектлар қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалаларини ўртага қўйиш тақиқлаб қўйилган.
Бироқ, ушбу тартиб-қоидаларга Фарғона шаҳар ҳокимлиги, Фарғона шаҳар маъмурий суди ва вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси томонидан риоя этилмагани оқибатида бундан 25 йил аввал хусусийлаштирилган мулкни бугунги кунда қонуний тарзда эгаллаб, тадбиркорлик фаолиятини юритиб келаётган фуқаролар сарсон-саргардон бўлишди, моддий ва маънавий зарар кўришди.
Мулкни тортиб олишнинг энг осон йўли суд
Гап шундаки, Фарғона шаҳар ҳокимлиги шаҳар маъмурий судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат қўмитаси Фарғона вилоят бошқармасининг бундан 25 йил аввалги давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришда ифодаланган буйруғи ҳамда мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи давлат ордерини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Фарғона шаҳар маъмурий суди судьяси С.Курбановнинг 2019 йил
18 июлдаги ҳал қилув қарори билан ҳокимликнинг даъвоси қаноатлантирилиб, мулк қўмитаси Фарғона вилоят бошқармасининг 1994 йил 3 ноябрдаги буйруғи ҳамда 1994 йил 23 ноябрдаги мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи давлат ордери ҳақиқий эмас деб топилган.
Ҳақиқий эмас деб топилган мазкур ҳужжатларга асосан давлат тасарруфидан чиқарилган бино-иншоотлар ва ер майдонлари давлат эгалигига қайтарилиши кўзда тутилган.
Судга мустақил талаблар билан жалб қилинган учинчи шахс – яъни низолашилаётган мулкнинг бугунги кундаги эгаси бўлган «Constant Trading» МЧЖ шаклидаги қўшма корхона вакилларининг биринчи инстанция суди қароридан норози бўлиб киритган шикояти вилоят Маъмурий суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, қаноатлантиришсиз, биринчи инстанция суди қарори эса ўзгаришсиз қолдирилган.
Адолат тикланди
Қонун нормалари ҳокимлик ва судлар томонидан қўпол равишда бузилаётгани ҳамда адолатсизлик бўлаётганини тўла ҳис этиб турган тадбиркорнинг бормаган идораси ва шикоят қилмаган ташкилоти қолмаган.
«Constant Trading» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг назорат тартибида киритган шикояти Олий судда кўриб чиқилди. Судда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, тадбиркорнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишди. Уларнинг аксари қуйи судлар томонидан мавжуд қонунларга амал қилинмаганини таъкидлашди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг (И.Алимов, Ш.Ахатова ва М.Эшимбетов) жорий йил 1 ноябрдаги ажрими билан «Constant Trading» МЧЖнинг назорат тартибидаги шикояти қаноатлантирилиб, Фарғона шаҳар маъмурий судининг 2019 йил 18 июлдаги ҳал қилув қарори ва вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 29 августдаги қарори бекор қилинди ва шаҳар ҳокимлигининг аризасини рад этиш тўғрисида янги қарор чиқарилди.
Муаммо нимадан бошланган эди?
Шаҳар қоқ марказида фаолият юритиб турган корхона собиқ «Буюк ипак йўли» ОАЖ томонидан (Фарғона шаҳар, М.Қосимов кўчаси 139-уй манзилидаги, бугунги кунда «Constant Trading» МЧЖга қарашли) 1994 йилда давлат тасарруфидан чиқарилиб хусусийлаштирилган.
2008 йилда корхона иқтисодий ночор бўлгани сабаб уни тўлиқ ишга тушириш ва бошқа шартлар эвазига «Қишлоқ қурилиш банк»ига берилган. Ўрнига ипакчилик саноатига ихтисослашган «Silk manifacture» корхонаси ташкил этилган. 2011 йили бу корхонани «Silver silk company» корхонаси 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига очиқ аукционда сотиб олган. Иккала корхона бирлаштирилиб, Адлия вазирлиги тегишли бўлимида рўйхатдан ўтказилган. Яъни эски номи «Silver silk company» бўлган «Constant Trading» корхонаси мулкни очиқ аукционда сотиб олган. Қонунчилик бўйича у инсофли эгалловчи ҳисобланади.
Ташкилот ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Умиджон Сафаровга кўра, корхона аввал ипакни қайта ишлаш билан шуғулланган. 2017 йилнинг декабрь ойигача ишчилар икки сменада ишлашган. Экспорт режасини ортиғи билан бажариб келишган. Ипак маҳсулоти уни етказиб берувчилар томонидан ўз вақтида етказиб берилмай қўйилгач, корхона таъсисчилар йиғилиши асосида ўз фаолиятини ўзгартиришга мажбур бўлган - жинси матоларини тўқиш ва уларни тикиш ишларини бошлашни мақсад қилишган.
Тикув дастгоҳларини сотиб олиш бўйича чет элдаги ҳамкорлар билан шартнома тузишган ва 2019 йилнинг август ойида техникалар Фарғона вилоятига олиб келинган. Янги корхона лойиҳалари шаҳар ҳокимлигига тақдим қилинган. 2019 йилнинг апрель ойида мавжуд биноларда қурилиш ва реконструкция ишларини бошлашлари учун шаҳар ҳокимининг 538-сонли қарори қабул қилинган. Шундан сўнг таъмирлаш ишлари ҳам бошланган.
«Ҳокимлик вакиллари бизнинг ташкилотни «бир неча йилдан бери бўш турибди» деган важ билан бошқа инвесторга бериб юборишмоқчи. Лекин бизда барча ҳужжатлар мавжуд. Экспортни ортиғи билан бажарганмиз. Солиқларни ўз вақтида тўлаганмиз. Сармоядорлар томонидан жами 10 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш кўзда тутилган. Маҳсулотимизни юз фоиз экспорт қилишни мақсад қилганмиз. Лойиҳа ишга тушгач 400 нафарга яқин фуқаро иш билан таъминланади. Кунига 10 минг дона шим тикилади. Чет эллик инвестор ва савдо ҳамкоримиз Осама Саид маҳсулот сотилиши учун четдан бир нечта бозор топган.
Ҳозирда тайёр дастгоҳлар бошқа жойда ижарада турибди. Ипакни қайта ишловчи эски дастгоҳларимизни гаровга қўйиб банкдан 1 миллион доллар кредит ҳам олганмиз. Шаҳар ҳокимлиги эса 25 йил аввалги мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ордерни «ҳақиқий эмас» деган сабаб билан мулкимизни олиб қўймоқчи. Ваҳоланки, бизгача бу ташкилот бошқа жамиятга қарашли бўлган. 2011 йили биз уни очиқ савдо танловида сотиб олганмиз», дейди Умиджон Сафаров.
Бир муддат аввал вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳам корхона ҳудудига келиб вазият билан шахсан танишган. Биринчи инстанция ва апелляция судларида ютилгач, мулк шаҳар ҳокимлиги балансига олиниши ҳақидаги қарор ҳам чиқарилган. Ғаниев мазкур ҳудудга инвестиция киритиш масаласини кўтарган. Мавжуд дастгоҳларни кўздан кечирган.
Бироқ, юқорида айтганимиздек, иш Олий судга бориб холис, ҳар тарафлама ва қонуний кўрилди. Адолат эса қарор топди.
Хулоса
Қонуннинг мактаб ўқувчиси ҳам тушуниши мумкин бўлган оддий қоидалари конституцион мақомга эга бўлган давлат ҳокимияти органининг Фарғона вилоятидаги вакиллари томонидан эътиборга олинмагани натижасида бир тадбиркорнинг не кўйларга тушгани билан юқорида танишдингиз. Узоқ вақт суд маҳкамаларида сарфланган вақт ва идрок бизнесни ривожлантириш учун йўналтирилганда қанчадан-қанча янги иш ўрни яратилган ва бунинг натижасида давлат ғазнасига кўплаб солиқ тушумлари тушган бўлмасмиди?
Юқорида таъкидланганидек, бино-иншоотларнинг тортиб олиниши натижасида корхона чет давлатдан олиб келинган техникаларини ижарада сақлашга, бунинг учун ҳар ойда ижара пули тўлашга мажбур бўлмоқда. Тадбиркорга етказилган моддий ва маънавий зарар ўрни шаҳар ҳокимлиги томонидан қопланадими? Бир неча ой давом этган сарсонгарчилик оқибатида ташкилот зиммасидаги 2020 йил биринчи чорагига қадар амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳа ҳам ўз муддатида бажарилмай қолиши эҳтимоли мавжуд.
Мавзуга оид
12:39 / 12.11.2024
Фарғонада коррупцияга қарши курашувчи мансабдорнинг ўзи коррупция билан қўлга тушди
13:10 / 10.11.2024
“Баҳордан бошлаб қишга тайёрланамиз” – қиш қаршисидаги фарғоналиклар
10:06 / 10.10.2024
Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
12:23 / 07.10.2024