Спорт | 18:08 / 10.07.2022
27414
4 дақиқада ўқилади

«Уимблдон»да сенсация: россияликлар иштироки тақиқланган илк мусобақада рус қиз ғолиб бўлди

Фото: EPA

Қозоғистонлик Елена Рибакина Англияда ўтказилган «Катта дубулға» таснифидаги «Уимблдон» мусобақаси ғолибига айланди. Қўшни давлат вакили финалда мусобақанинг учинчи ракетаси бўлмиш тунислик Онс Жобирни мағлуб этди.

Биринчи сетни 3:6 ҳисобида бой берган қозоғистонлик теннисчи кейинги икки сетни бир хил – 6:2 ҳисобларида ўз фойдасига ҳал этди. Шу тариқа, 23 ёшли Рибакина 2011 йилдан буён «Уимблдон»нинг аёллар ўртасидаги баҳсларида ғолиб бўлган энг ёш теннисчига айланди.

Кутилмаганда биринчи сетни бой берган Рибакина кейинги сетларда кескин босим уюштирди ва тунислик рақибини хатоларга мажбурлади. Баҳс якунида эса ортиқча бақир-чақир ҳам қилмаган Лена шунчаки қўлини осмонга кўтариб қўя қолди. Аммо ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ҳеч қачон бу баҳсдаги каби ҳаяжонланмаганини тан олди.

Россия мусобақага қўйилмади, аммо барибир рус қиз ғолиб бўлди

«Катта дубулға» туркумидаги «Уимблдон» мусобақасига Ғарбнинг санкциялари доирасида россиялик спортчилар қўйилмаганди. Аммо барибир мусобақанинг аёллар ўртасидаги баҳсларида рус миллатига мансуб қозоғистонлик спортчи ғолиб бўлди.

Рибакина Москвада туғилган, аммо 2018 йил Қозоғистон фуқаролигини олиб қўшни давлат шарафини ҳимоя қила бошлаган. Финалгача бўлган баҳсларни идеал тарзда ўтказган спортчи фақат битта сетни бой берганди, чоракфиналда австралиялик Айла Томляновичга қарши баҳсда.

Яримфинада Рибакинага турнирнинг 2019 йилги ғолиби, дунёнинг собиқ биринчи ракеткаси Симона Ҳалеп тўқнаш келди. Аммо бу баҳсда ҳам қозоғистонлик спортчи қийинчиликсиз ғалаба қозонди.

Рибакина «Уимблдон»гача ҳеч қачон «Катта дубулға» таснифидаги мусобақа финалига чиқмаганди. Бунгача дунё рейтингида 23-ўринда жойлашган спортчи 2021 йил Франция очиқ чемпионатида чоракфиналга чиққан ва бу унинг энг яхши натижаси бўлиб турганди.

Фото: Reuters

Теннис ҳақидаги энг йирик нашрлардан бири бўлмиш «Racquel Magazin» журнали бош муҳаррири Рибакинанинг мусобақадаги ғалабасини шундай изоҳлади: «Россиялик спортчиларнинг мусобақадаги иштироки тақиқлангандан кейин унда рус теннисчиси ғолиб бўлгани ҳақида гапиришмоқда. Аммо бу айнан Россиянинг муваффақиятсизлигини кўрсатади. Чунки Рибакинага Россияда имкон берилмаган, истеъдодини кўришмаган. Бугун Россия ютқазди, Қозоғистон ютди».

Россия Украинага бостириб киргач, россиялик ва беларуслик теннисчилар «Уимблдон»да иштирок этмаслиги эълон қилинди. Бу Россияга қарши қўлланган санкциялар доирасида амалга оширилди. Ушбу қарор теннис жамоатчилигида танқидий фикрларга сабаб бўлди. Чунки дунёнинг биринчи ракеткаси, россиялик Даниил Медведев ҳамда олтинчи ракетка, беларуслик Арина Соболенко каби спортчилар йирик мусобақаларда иштирок эта олмаслиги рақобатга таъсир қилади деб ҳисобланди.

Елена Рибакина қозоғистонлик спортчилар орасида биринчи бўлиб «Катта дубулға» таснифидаги мусобақанинг яккалик баҳсларида ғалаба қозонди. Спортчидан финалдан кейин ўзини қайси мамлакат вакили деб ҳисоблаши ҳақида сўрашди. «Мен Қозоғистон шарафини ҳимоя қиламан, анчадан буён. Доим орзу қилганим олимпиада ўйинларида ҳам Қозоғистон номидан қатнашдим. У ерда менга ишонишди, имкон беришди, доим қўллашди, бугун ҳам кортда байроқларни кўрдим. Бу борадаги бошқа мулоҳазаларни муҳокама қила олмайман», деди қозоғистонлик спортчи.

Финалдаги тарихий ғалабасидан кейин Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев теннисчини шахсан табриклади.

Мавзуга оид