Спорт | 08:38 / 11.09.2023
18853
2 дақиқада ўқилади

Жокович «Катта дубулға» мусобақаларида мутлақ рекордни такрорлади

US Open финалида россиялик Даниил Медведевни мағлуб этган Новак Жокович «Катта дубулға» турнирларида ғалаба қозониш бўйича Маргарет Кортнинг мутлақ рекордини такрорлади.

Фото: Getty Images

Сербиялик теннисчи Новак Жокович 10 сентябр, якшанба куни Нью-Йоркдаги турнир финалида россиялик Даниил Медведевни уч сетда (6:3, 7:6, 6:3) мағлубиятга учратиб, US Open’да ғолиб чиқди

Бу - Жокович учун «Катта дубулға» турнирларидаги 24-ғалаба бўлди. Шу тариқа, у эркаклар ўртасидаги яккалик баҳсларида ўз рекордини янгилади. Энг яқин таъқибчи испаниялик Рафаэл Надал 22 та «Катта дубулға»га эга. 

Шу билан бирга, Жокович аёллар ўртасида 24 та чемпионликни қўлга киритган австралиялик Маргарет Кортнинг мутлақ рекордини такрорлади. Кортнинг 13 титули теннис бўйича Очиқ давргача бўлган вақтда қўлга киритилган, ўшанда «Катта дубулға» турнирларида фақат ҳаваскорлар иштирок этиши мумкин эди. 

«Катта дубулға» туркумидаги тўртта турнирдан учтасида ғалаба

Бундан ташқари, 36 ёшли сербиялик АҚШ очиқ чемпионатида ғолиб чиққан энг кекса теннисчига айланди. Йил бошида у худди шундай муваффақиятни Франция Очиқ чемпионатида қайд этган эди. 2023 йилда Новак Жокович «Катта Дубулға» туркумига кирувчи тўртта турнирдан учтасида ғолиб чиқди. У ўз фаолиятида тўртинчи марта шундай муваффақиятга эришди (илгари 2011, 2015 ва 2021 йилларда) - бу ҳам эркаклар теннисидаги мутлақ рекорддир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид