Ўзбекистон | 07:28 / 11.06.2024
21668
2 дақиқада ўқилади

Кунига 6,6 киловаттдан кўп сарфланган электр учун қиммат нархда тўлов қилиниши рад этилди

Ижтимоий тармоқларда электр энергияси учун янги жорий этилган ўсувчан ойлик тарифлар кунлик истеъмол учун алоҳида тарзда амал қилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Унда кунлик сарфи 6,6 кВт/соатдан ошган ток учун қиммат нархда тўлов қилиниши айтилган. 

Фото: Getty Images

“Ҳудудий электр тармоқлари” хабарига кўра, 2024 йил 1 майдан Ўзбекистон аҳолиси учун электр энергияси ва табиий газ нархларига ойлик ижтимоий норма жорий этилди. Хусусан, бир ойда 200 кВт/соатгача сарфланган электр энергияси тўлови 450 сўмдан (1 киловаттга), ундан ошган қисмига ўсувчан тарифларда тўлов қилиниши белгиланди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар асоссиз бўлиб, ижтимоий норма ойлик кўрсаткичларга мувофиқ амал қилади.

Бир ойда 200 киловаттгача электр энергияси ишлатган хонадон эгаси 1 киловатт соат учун 450 сўмдан тўлайди. Истеъмол мазкур кўрсаткичдан ошса, яъни 1000 киловатт соатгача ишлатилган бўлса, 200 киловатт соатгача — 450 сўм, қолган 800 киловатт соатга — 900 сўмдан тўлов қилинади. Мазкур ўсувчи тарифларни ҳисоблашда ҳамда хабарда келтирилганидек, электр энергияси сарфи кунлик истеъмол миқдорида эмас, балки истеъмолчининг бир ой давомидаги кўрсаткичи асосида ҳисобланади.

Мисол келтирилишича, истеъмолчи бир ойда 300 киловаттгача электр энергияси ишлатган бўлса, хонадон эгаси 200 киловаттга 1 киловатт соат учун — 450 сўм, қолган 100 киловатт соат учун 900 сўмдан тўлайди. 2024 йил 1 июндан истеъмолчиларга фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ бўйича ойлик маълумот “базавий меъёр” ва ундан ортиқ ҳажмлар кесимида юборилади.

Мавзуга оид