Ўзбекистонда «бола пули»га эҳтиёжи бор оилаларнинг 75 фоизи нафақа олмайди – ЮНИСЕФ
Ўзбекистонда «бола пули» олиши лозим бўлган оилаларнинг 75 фоизи нафақа олмайди. Бу – болалар ижтимоий ҳимоясини молиялаштириш даражасининг етарли эмаслиги билан боғлиқ, дейилади ЮНИСЕФнинг «Ўзбекистонда болалар ва ёшлар манфаатларига мос ижтимоий ҳимоя тизимини қуриш» мавзусидаги ҳисоботида.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистондаги болаларнинг аксарияти кам даромадли оилаларда яшайди. Камбағалликнинг энг юқори даражаси болалар орасида, болаларни тарбия қилувчи катталар ҳамда 80 ёш ва ундан юқори бўлганлар орасида кузатилади.
«Болалар учун ажратиладаган нафақа пулини босқичма-босқич кўпайтириб бориш давлат харажатларини кескин оширмаган ҳолда бола пули оладиганлар сонини ошириш имконини беради.
Келажакда малакали ишчи кучига эга бўлиш учун Ўзбекистон бугун болалар ва ёшларга инвестиция киритиши керак. Болалар учун нафақа пули оилада бола тарбияси ва ривожланиши учун зарур муҳитни ҳосил қилишда муҳим аҳамиятга эга. Бола нафақаси инсон капиталини ривожлантириш учун зарур», – дейилади ЮНИСЕФ ҳисоботида.
Прогнозларга кўра, 2030-2040 йилларда Ўзбекистонда меҳнатга яроқли аҳоли сони тарихдаги энг юқори кўрсаткичга чиқади.
«Инсон капиталининг сифат нуқтайи назардан юқори бўлиши эса бу даврда ижтимоий-иқтисодий ривожланишда сакрашни амалга ошириш имконини беради», – таъкидланган ҳисоботда.
Кўрсатилишича, кам таъминланган оилалар фарзандларининг мактабгача таълимдан фойдаланиш эҳтимоли тенгдошларига қараганда 1,4 бараварга кам.
Ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олиш имконияти эса тенгқурлариникидан сезиларли фарқ қилади: 7-15 ёшдаги ногиронлиги бўлган болаларнинг 13 фоизи мактабга бормайди, ногиронлиги бўлган ёшларнинг учдан бир қисми таълимнинг бирон шаклида иштирок этмайди.
ЮНИСЕФ ҳисоботида Ўзбекистонда болалар ва ёшлар учун ижтимоий ҳимоя тизимининг самарасиз экани сабаблари кўрсатилган.
Унга кўра, бола парвариши бўйича нафақа ёки болали оилалар учун нафақа қисқа вақт давомида берилади. Маҳаллалар нафақа маблағларини кўп сонли оилаларга тақсимлашга мажбур бўлишади. Аммо кўплаб оилалар нафақа олишга ҳақдор бўлса-да, маблағ етишмаслиги туфайли ёки нафақа ололмайди, ёки узоқ вақт навбат кутиб қолади.
Яна бир сабаб – кам таъминланганлар учун манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг яхши йўлга қўйилмаганидир.
Бола парвариши учун нафақа ва болали оилаларга нафақа олишда оилада киши жон бошига даромад БҲМнинг 1,5 бараваридан ошмаслиги кераклиги белгиланган. Мамлакатдаги болали уй хўжаликларининг ярми бу мезонга тўғри келади, аммо нафақани жуда озчилик олади – мазкур талабга мувофиқ келувчиларнинг 63 фоизи бола парвариши учун нафақа, 88 фоизи болали оилалар учун нафақани олмайди.
Норасмий бандлик кўрсаткичи юқори бўлган шароитда даромад даражасини аниқлаш мураккаб. Шунингдек, оила даромади қисқа муддат ичида ўзгариб туриши ҳам энг эҳтиёжмандларни аниқлаб олишда қийинчилик туғдиради.
Шунингдек, бола нафақасини олувчилар меҳнат бозорига чиқса, имтиёздан айрилиши мумкин. Натижада оиланинг ўз даромад манбасини кенгайтиришга бўлган иштиёқи пасайиши эҳтимоли бор.
Маълумот учун, Ўзбекистонда болалар учун ижтимоий нафақа бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низом билан тартибга солинади.
Низомга кўра, болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа эса – 12 ойга тайинланади, бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги кераклиги белгиланган.
Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган БҲМнинг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.
2020 йил 1 февралдан болалар учун ижтимоий ёрдамнинг турли шакллари қиймати қуйидагича:
• 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа:
• битта болали оилаларга – 131,000 сўм;
• иккита болали оилаларга – 217,000 сўм;
• учта ва ундан ортиқ болали оилаларга – 304,000 сўм;
• 2 ёшгача бола парвариши бўйича нафақа – 434,000 сўм;
• кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам – 326,000 сўмдан 653,000 сўмгача.
Мавзуга оид
12:19 / 22.11.2024
Тошкентда ногиронлиги бўлганлар учун “Ижтимоий такси” хизмати йўлга қўйилди
14:33 / 07.11.2024
ЮНИСЕФ: Ғазода икки кун ичида 50 дан ортиқ бола ҳалок бўлди
17:32 / 26.10.2024
Кам таъминланган оилаларга электр ва газ тўловлари учун бир марталик компенсация берилади
17:57 / 12.10.2024