Жаҳон | 18:50 / 14.10.2025
9335
3 дақиқада ўқилади

Туркияда бемалол яшаб-ишлаш ҳақидаги қарор фақат туркларга тааллуқли

Эрдўған турк миллатига мансуб хориж фуқароларига Туркияда катта эркинликлар берувчи қарор имзолади. Лекин бу ижтимоий тармоқларда туркий халқлар учун дея нотўғри талқин қилинмоқда. Kun.uz'нинг аниқлик киритишича, бу ҳужжат турклардан бошқа туркий миллатларга мамлакатда эмин-эркин яшаш ва меҳнат қилиш ҳуқуқини бермайди.

Фото: Kun.uz

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркия Вазирлар маҳкамаси 1982 йилда қабул қилган қарорга ўзгартириш киритди. У имзолаган ҳужжат – “Турк миллатига мансуб хорижий фуқароларнинг Туркияда касб ва ҳунарларини эркин амалга оширишлари, давлат ва хусусий секторда меҳнат фаолиятларини олиб боришлари тўғрисида”ги қарорни қисман янгилайди. Яъни туркий ташкилотга аъзо давлатлар фуқаролари бундан бу ёғига Туркия ҳудудида хат-ҳужжатсиз, худди турк фуқаролари сингари ишлаш, ўқишлари мумкин, деган хабарлар нотўғри. 

Қарорга мувофиқ, дастлаб хорижий фуқаролар турк миллатига мансублиги идентификация қилинади ва бу Президент қарори билан тасдиқланади. Бунда хорижий фуқаролар қуйидаги шартларнинг барчасига мос келиши керак:

- Ички ишлар вазирлиги томонидан берилган вақтинча яшаш гувоҳномасига эга бўлиши;

- Туркиянинг ваколатли сертификатларининг мавжудлиги, идораларидан олинган касбий малака;

- Хорижий мамлакатнинг мактаб ёки университетларидан берилган дипломларнинг нострификация қилинганлиги;

- Хорижий фуқаронинг касбий фаолияти Туркия хавфсизлигига таҳдид солмаслиги;

- Касаба уюшмаларида рўйхатдан ўтиш мажбурий бўлса, аъзолигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши;

- Хорижий мамлакат ҳудудида олинган ҳунармандлик, усталик ва бошқа касбий малака сертификатларининг давлат ташкилотлари томонидан тасдиқланган бўлиши;

- Турк миллатига мансублигини Президент томонидан тасдиқланган бўлиши; -Фуқаролиги бўлган мамлакатда ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра, касбини, ҳунарини ёки ишини бажара олмаслик, шунингдек, бошқа сабабларга кўра Туркияда яшаш мажбуриятида қолиш (масалан, яшаб турган мамлакатида зулм кўрган бўлиши);

- Фуқаролиги бўлган мамлакатда этник ва маданий озчиликни ташкил қилиш (масалан, Болгарияда яшайдиган турклар).

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасининг маълум қилишича, мазкур қарор Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистон фуқароларига Туркия ҳудудида эркин меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини бермайди. Ўзбекистон фуқароларининг Туркияда вақтинчалик меҳнат фаолиятларини амалга оширишлари амалдаги қонунчилик асосида тартибга солинади. 

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар эса нотўғри талқин ортидан келиб чиққан.

Тайёрлаган:  Шоҳрух Мажидов

Мавзуга оид