Ўзбекистон | 08:51 / 17.09.2019
13668
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда пайвандчиларни аттестациядан ўтказиш қоидалари тасдиқланади

Фото: se42.ru

Вазирлар Маҳкамасининг “Пайвандчиларни аттестациядан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қоидаларга кўра, билим синови 18 ёшдан кичик бўлмаган, махсуслаштирилган касб ҳунар-техник билим юртини ёки пайвандлаш бўйича курсларни тугатган, ушбу мутахассислик бўйича камида 6 ой, автоматларда, яримавтоматларда ва контакт машиналарда эса камида 3 ой ишлаган пайвандчиларга рухсат этилади. Билим юртида ёки курсларда пайвандчини ўқитиш жараёнидаги амалий ишлар вақти стажга кирмайди.

Билим синовидан ўтишдан олдин пайвандчилар, бажаришга тайёрланаётган ишларини бажариш спецификасини ҳисобга оладиган махсус назарий ва амалий тайёргарликдан ўтишлари шарт. Тайёргарлик Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси билан келишилган махсус дастурлар бўйича ўтказилиши керак. Дастурда пайвандлаш жиҳозлари бўйича (вазифаси, тузилиши, ишлаш принципи, фойдаланиш қоидалари), асосий ва пайвандлаш материалларининг хоссалари бўйича, пайвандлаш технологияси, пайванд бирикмаларининг сифатини назорат қилиш, нуқсонларни тузатиш усуллари, шунингдек пайвандлаш ишларини бажаришда хавфсизлик қоидалари бўйича бўлимлар бўлиши керак.

Пайвандчилар билим синови доимий ишлайдиган комиссия томонидан корхоналарда (ташкилотларда) уларнинг назарий билимларини ва амалий кўникмаларини текшириш йўли билан ўтказилади.

Пайвандчиларни билим синовидан ўтказиш комиссиялари зарур ишлаб чиқариш базасига эга ва муҳандис-техник ходимлари бўлган корхоналарда (ташкилотларда), Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ҳудудий органи билан келишилган ҳолда тузилади.

Комиссия таркибига қуйидагилар кириши керак:

а) бош пайвандчи ёки корхонанинг (ташкилотнинг) пайвандлаш ишлари раҳбари – комиссия раиси;

б) пайванд назоратини идора қиладиган, корхонанинг (ташкилотнинг) техник назорат бўлими вакили (монтаж ташкилоти пайвандлаш лабораторияси вакили);

в) цех (монтаж участкаси) раҳбарияти вакили;

г) пайвандлаш бўйича ўқитган ўқитувчи;

д) корхона (ташкилот) хавфсизлик техникаси бўлими вакили;

е) Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси вакили.

Ундан ташқари, комиссия таркибига пайвандлаш ишлаб чиқариш бўйича бошқа мутахассислар ҳам киритилиши мумкин.

Пайвандчининг назарий билимларини ва амалий кўникмаларини текшириш дастур ҳажмида амалга оширилади. Бунда назарий билимлар тўрт балли тизим бўйича баҳоланади (аъло, яхши, қониқарли, қониқарсиз).

Амалий билимларни (кўникмаларни) текширишда пайвандлаш жиҳозларини тайёрлаш ва ишга тушириш, пайвандни белгиланган режимда бажариш, дастаки (ручной) ва яримавтоматик пайвандлашда эса – пайванд ишларини барча фазовий ҳолатларда бажариш кўникмалари аниқланади. Агар ишлаб чиқаришда пайвандчи пайванд бирикмаларини фақат битта фазовий ҳолатда бажарадиган бўлса, амалий кўникмаларни дастаки ва яримавтоматик пайвандлашда худди шу ҳолатда текшириш рухсат этилади. Пайвандчилар шунингдек пайванднинг кўзга ташланадиган нуқсонларини аниқлашни ва бартараф қилишни билишлари керак.

Асосий ва пайванд материалларини (электродлар, пайванд сими, флюслар, газлар ва ш.к. ни) доимий ишлайдиган комиссия, пайвандчилар ишлаб чиқаришда пайванд қилиши керак бўлган буюмларга нисбатан танлайди. Назорат бирикмаларини пайвандлаш учун материалларни тайёрлаш ва дастлабки термик ишлов бериш худди буюмларни пайвандлашдаги каби бўлиши ва комиссиянинг кўрсатмаси бўйича бажарилиши керак. Пайвандчиларнинг амалий кўникмаларини текшириш, сифати стандарт талабларига ёки техник шартларга жавоб берадиган ва сертификат ёки бошқа ҳужжат билан тасдиқланган материалларда амалга оширилиши керак.

Амалий кўникмаларни текширишда пайвандчи, комиссиянинг камида иккита аъзоси – техник назорат бўлими вакили ва пайвандлаш ишлари бўйича мутахассис иштирокида назорат бирикмаларини пайвандлаши ёки эритиб қоплаш ишларини бажариши керак.

Назорат бирикмаларини пайвандлаш ва эритиб қоплаш ишлари ушбу корхонада амалда бўлган буюмни пайвандлаш, эритиб қоплаш ва термик ишлов бериш ишлаб чиқариш йўриқномаси талабларига мувофиқ амалга оширилиши керак. Пайвандлаш ва эритиб қоплаш соз асбоблардан ва жиҳозлардан фойдаланиб бажарилиши керак.

Буюмларни ишлаб чиқишда пайвандчилар чокларни қайси ҳолатда бажарса, назорат бирикмаларини пайвандлаш ҳам худди шу ҳолатда амалга оширилиши керак. Дастаки ва яримавтоматик пайвандлашда барча фазовий ҳолатларда ишларни бажаришга рухсат олиш учун намуналарни иккита энг қийин ҳолатда (шифтда, бурилмайдиган ҳолда ва ш.к.) пайвандлашга рухсат этилади. Ҳар битта фазовий ҳолатда пайвандланадиган назорат бирикмаларининг сони ва ўлчамлари мазкур Қоидаларда кўзда тутилган барча назорат синовлари учун етарли бўлиши керак.

Назорат бирикмалари буюмларни ишлаб чиқишда пайвандланадиган намунавийларга хос бўлиши керак. Агар намунавий назорат бирикмалари бурчакли ёки “т” ҳарфи шаклида бўлса, пайвандчи қўшимча уланиш бирикмаларини бажариши керак.

Назорат бирикмаларида ва тайёр намуналарда пайвандчининг фамилиясини ва пайвандлашдаги чокнинг ҳолатини аниқлаш учун тамға босилиши керак (рақамли ёки ҳарфли), тамға намунанинг ишчи қисмидан ташқарида жойлашган ва синовдан кейин ҳам сақланиб қолиши керак.

Пайвандчилар пайвандланадиган материалларнинг аниқ маркаларига тегишли пайвандлаш усулларидан бири бўйича (дастаки электр ёйли, газ ёрдамида, флюс қатлами остида яримавтоматик ва автоматик, ҳимоя газлари муҳитида, электрошлакли, контактли, ишқаланиш билан, лазерли, электрон-нурли, плазмали ва б.), шунингдек ишлар турларидан бири бўйича (Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси назорати остидаги қозонлар барабанларини ва идишлар корпусларини ҳамда уларнинг элементлари пайвандлаш, юк кўтариш машиналари металлоконструкцияларини пайвандлаш, буғ ва иссиқ сув қувурларини, газ қувурларини, шунингдек бошқа объектларнинг элементларини пайвандлаш) синовдан ўтишлари керак.

Кимёвий таркиби бўйича яқин бўлган ва бир хил технология бўйича пайвандланадиган материалларнинг бир нечта маркаси, битта назорат бирикмасини пайвандлаб, битта гуруҳга бирлаштирилиши мумкин.

Комиссиянинг рухсати билан пайвандчилар бир нечта пайвандлаш усуллари ва ишлар турлари бўйича билимлари текширилиши мумкин, бунда уларнинг тайёргарлиги ва иш стажи ҳар битта пайванд тури бўйича мазкур Қоидаларнинг 2-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

Назарий билимлар ва амалий кўникмалар текширувидан муваффақиятли ўтган пайвандчиларга корхона (ташкилот) маъмурияти мувофиқ шакл бўйича раиснинг ва комиссия аъзоларининг бирининг имзоси қўйилган гувоҳнома берилади.

Текширувнинг бирорта тури бўйича (назарий ёки амалий) қониқарсиз баҳо олган пайвандчилар янги билим текширувидан қўшимча ўқувдан ўтгандан кейин, бироқ камида 1 ойдан кейин ўтиши мумкин.

Такрорий билимлар текшируви доимий ишлайдиган комиссия томонидан ўтказилади:

а) мунтазам, 12 ойдан кўп бўлмаган муддатда камида бир марта;

б) ўз мутахассислиги бўйича 6 ойдан ортиқ танаффус бўлганда;

в) технология бузилганлиги ва ишларининг сифатсизлиги туфайли пайвандчи вақтинча ишдан четлаштирилгандан кейин ишлашга рухсат беришдан олдин.

Ўз мутахассислиги бўйича узлуксиз ишлаётган ва охирги йил давомида бажарган ишларининг назорат натижалари тасдиқлаган юқори сифати билан ўзини кўрсатган пайвандчилар, комиссиянинг қарори билан 1 йил муддатга, бироқ кетма-кет кўпи билан 3 марта, такрорий синовлардан озод қилиниши мумкин.

Такрорий текширув ўтказишда, доимий ишлайдиган комиссиянинг қарори бўйича амалий билимларни баҳолаш учун, текширувдан олдинги кўпи билан 3 ойлик даврда пайвандчилар ишлаб чиқариш буюмларини ва конструкцияларини ишлаб чиқиш вақтида бажарган назорат пайванд бирикмаларига рухсат берилади.

Пайвандчиларнинг билимлари қуйидаги ҳолатларда қўшимча текширилади:

а) пайвандчи учун янги бўлган пайвандлаш усулларига ёки ишлар турларига ўтганда;

б) янги материаллардан бўлган буюмларни пайвандлашда ёки пайвандлаш, эритиб қоплаш технологияси муҳим жиҳатдан ўзгарганда (иситишни киритиш ёки бекор қилиш, янги жиҳозлар ёки пайванд материалларидан фойдаланганда ва ш.к.);

в) янги жиҳозлардан ёки пайвандлаш материалларидан фойдаланиб буюмларни эритиб қоплашда, шунингдек технологик жараён ўзгарганда (иситишни киритиш ёки бекор қилиш ва ҳ.к.).

Билимларни қўшимча текшириш корхона (ташкилот)нинг бош муҳандиси тасдиқлаган дастурга асосан ўтказилиши керак.

Бирламчи, такрорий ва қўшимча билимлар текшируви натижалари, шунингдек комиссиянинг пайвандчиларни такрорий билимлар текширувидан озод қилиш тўғрисидаги қарори келтирилган шакл бўйича, комиссия раиси ва аъзоларининг имзоси билан баённома билан расмийлаштирилади, ва пайвандчининг гувоҳномасига ёзиб қўйилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид