Ўзбекистон | 18:28 / 10.02.2023
9782
2 дақиқада ўқилади

1 майдан барча газ шохобчаларида электрон ўлчаш ускуналари ва онлайн видеокамералар мажбурий ўрнатилади

Газ шохобчаларига ўрнатилган электрон ўлчаш ускуналари ва камералар солиқ органлари ахборот тизимига интеграция қилинади.  

Фото: Kun.uz

Президентнинг «Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар бермоқда

Унга кўра, 2023 йил 1 майдан мажбурий тарзда автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари ва автомобилларга газ қуйиш станцияларида электрон ўлчаш ускуналари ва онлайн видеокамералари ўрнатилади. Шунингдек, улар солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинади. 

2023 йилги давлат дастурида метан шохобчаларга  электрон ҳисоблагичлар ўрнатилиши режа қилинган

Дастурда Ўзбекистонда табиий газни ёнилғи қуйиш шохобчаларига етказиб беришдаги ўғриликларга қарши курашиш учун янги механизм ишга тушиши назарда тутилганди.

Унга кўра, АГТКСларга газ ҳажмининг онлайн ҳисобини юритиш тизими, сотилган газ миқдорининг аниқ ҳисобини юритишни таъминловчи ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотлар базасига интеграция қилинган дастур мавжуд бўлган ҳоллардагина газ етказиб берилади. 

  • Эслатиб ўтамиз, 6 феврал куни президент Шавкат Мирзиёев энергетика назорати бўйича йиғилиш ўтказиб, бу борада масъулларга икки йил «фавқулодда тартибда» ишлаш вазифасини қўйганди. Йиғилишда мамлакатда энергетика ресурслари «хўжасизларча талон-торож қилинаётгани»,  «метан-шохобчалар устидан назорат бутунлай издан чиққани», «электр ва газ бўйича автоматик ҳисоблаш тизимлари 92-98 фоизга ўрнатилган бўлса-да, дебитор қарздорлик ҳалигача юқори» экани айтиб ўтилганди. Президент Энергоинспекция ва МИБнинг ишини такомиллаштириш, электр ва табиий газга уланишда янгича ёндашувларни жорий қилиш юзасидан топшириқлар берганди.

Мавзуга оид