Жамият | 15:48 / 01.12.2020
7348
10 дақиқада ўқилади

Ундирилган маблағнинг бир қисми муҳтожларга йўналтирилади, алиментлар махсус платформа орқали назорат қилинади – МИБ директори билан суҳбат

Мажбурий ижро бюроси ташкил этилган вақтдан буён доимо жамоатчилик диққат марказида бўлиб келган. Муқаддам коммунал соҳадаги муаммоларга ечим топиб, асосан тўловлар билан шуғулланиб келган бу идора, эндиликда суд ва бошқа органлар ҳужжатларини қатъий ва самарали бажариши лозим бўлмоқда.

Президент томонидан жорий йилнинг 24 ноябрь куни «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6118-сонли фармони қабул қилинди.

Хўш, ижро ишлари бўйича амалдаги ишлар қандай кетмоқда? Эндиликда МИБ фаолиятида нималарни кузатамиз? Kun.uz янги фармонга оид ўзгаришлар юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори Ҳасан Кабиржонов билан суҳбатлашди.

– Ҳасан Муротович, янги лавозимда иш бошлашингиз соҳага оид янги фармон қабул қилинишига тўғри келди. Шунингдек, бюро фаолиятида бу йил кўп ўзгаришлар бўлди, жорий йилнинг 1 август кунидан коммунал соҳадаги тўлов вазифаларингиз бошқа идораларга ўтди, ходимлар сони ҳам анча қисқарди. Бу бюро фаолиятига қандай таъсир қилди?

– Ҳақиқатан ҳам, соҳамизда бу йил кўпгина ўзгаришлар содир бўлди. Жорий йилнинг 18 июнь куни давлатимиз раҳбарининг «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан соҳамиздаги газ ва электр учун тўловларни қабул қилиш бўйича вазифа ва функциялар Энергетика вазирлиги зиммасига ўтиши, ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан кўрсатилган қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловларни ундириш механизми амалга оширилиши назарда тутилди.

Шунга мувофиқ, ходимлар сонида ҳам қисқаришлар бўлди. Аммо фаолиятимиз давом этмоқда. Йўналишимиз эндиликда аниқ ҳамда суд ва бошқа орган ҳужжатларининг ижросини таъминлаш вазифа-функцияларини бажаради.

– Янги фармондан сўнг фаолиятингизда қандай ўзгаришларни кутсак бўлади?

Мажбурий ижро бюроси органлари эса, суд ҳамда бошқа орган ҳужжатларини ижро этади ва амалда одил судловни таъминлашга хизмат қилади. Бироқ, ишларимизни жадаллаштириш билан бирга, камчиликларни ҳам бартараф этиш муҳим масала бўлиб қолмоқда.

Кенгроқ ёндашадиган бўлсак, ёдингизда бўлса, 17 ноябрь куни президент раислигида суд ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Танқидий руҳда бўлиб ўтган йиғилишда Мажбурий ижро бюросига бир қатор аниқ ҳамда муҳим топшириқлар берилган эди.

Шу боис, 24 ноябрь куни «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6118 сонли фармон имзоланди.

Бу фармон бюро органлари фаолиятини тартибга солувчи ва самарадорлигини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Фармон билан 2020 йил 1 декабрдан бошлаб жиноят натижасида давлатга етказилган зарар, давлат божлари, жиноий ва маъмурий жарималар, давлат фойдасига бошқа турдаги ундирувлар ҳамда давлат даромадига ўтказиладиган олиб қўйилган мол-мулкни сотишга оид ижро ҳужжатлари бўйича сотилган мол-мулкларнинг маблағлари - алоҳида ғазначилик ҳисоб-рақами билан пропорционал тартибда тенг равишда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Шунингдек, Республика ва ҳудудий кенгашлар ташкил этилади, Республика Кенгаши раиси Бош прокурор, жойларда эса ҳокимлар ҳисобланади. Кенгашлар жойлардаги мажбурий ижро ҳаракатларида юзага келаётган муаммоларнинг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганиб, бартараф этиш чораларини кўради.

Яхши биламизки, мажбурий ижро ҳаракатлари доимо зиддиятлар ва низоли равишда олиб борилади, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича айнан жойларда халқ депутатлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари жалб этилади.

Эндиликда, ижро ҳаракатларини масофавий олиб борадиган 15та туманлараро ихтисослашган бўлимлар фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Бу бўлимлар алоҳида турдаги ва мураккаб бўлган ижро ишларининг ижросини таъминлайди, бу бўлимлар асосан бошқармаларда фаолият олиб боради ва туман-шаҳар бўлимлари иш юритувидаги ишларни ўз зиммасига олади. Бу эса, ходимларнинг мураккаб тоифадаги ишлар билан банд бўлиб қолмаслиги ва иш ҳажмини енгиллаштиришга имкон беради.

– Янгиликларнинг бири сифатида МИБ фаолиятидаги айрим мол-мулкларнинг сотилиши электрон платформа тарзида йўлга қўйилаётгани хабар қилинди.

Ҳа, бюрода хатланган мол-мулклар савдо ташкилотларида сақланади ва савдо ярмаркаларига олиб чиқиб сотилиши ҳам йўлга қўйилган. Товарлар маълум бир вақт ўз эгасини топмаса, у белгиланган тартибда арзонлаштирилади.

Янгича тизимда товар моддий бойликларнинг сотилишида аҳолига яна ҳам қулайлик туғдириш учун келаси йил март ойидан бошлаб, хатланган мол-мулклар шаффоф ва очиқ ҳамда қулай нархларда сотилишининг электрон тизимини жорий қилган савдо ташкилотларида сотилиши йўлга қўйилади.

Содда қилиб айтганда, кўпгина ривожланган хорижий давлатларда кенг қўлланаётган интернет савдо дўконларида мол-мулклар сотилиши тизими аҳоли учун қулайлик ҳам маҳсулотнинг ўз қийматида тез фурсатларда пулланиши имконини беради.

– МИБ давлат ижрочиларининг иш ҳажми юқорилиги ҳақида бир неча бор таъкидланган эди. Ижро ишларининг бир текисда олиб борилмаслиги ҳам шунга бориб тақаларди. Фармон қабул қилинди, энди бу борада нима ўзгаради?

– Адлия вазирлиги ва Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2011 йил 4 мартдаги «Суд ижрочиларининг иш ҳажми меъёрларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Ушбу қарорда суд ижрочиларининг иш ҳажми меъёрлари ижро иши юритишлар бўйича суд ижрочилари томонидан бажариладиган ишларнинг вақт меъёрлари асосида белгиланган, унда суд ижрочиси бир ойда барча ижро ҳаракатларини амалга оширганида ўртача 18,9та ижро иши юритувини тамомлаши мумкинлиги ҳисоблаб чиқилган.

Шундан келиб чиқадиган бўлсак, бюро давлат ижрочиларига бугунги кунда бу юклама 130тага тўғри келмоқда.

Шунингдек, йил бошида ҳар бир давлат ижрочиси иш юритувида ўртача 547та ижро ҳужжати мавжуд бўлган бўлса, ҳозирги кун ҳолатига ушбу кўрсаткич 355тани ташкил этмоқда.

Фармондан келиб чиқиб - Бюро органларидаги иш юритувдаги ижро ҳужжатларининг тоифаланган ва тааллуқлилиги ҳам белгиланди.

Бюронинг марказий аппарати масъул ходимлари - базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 000 баравари ва ундан ортиқ суммани ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари, халқаро тоифадаги ишлар ҳамда алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича иш олиб боради.

Ҳудудий бошқармалар - базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 000 бараваридан 100 000 бараваригача, туман-шаҳар бўлимлари эса, ўз навбатида, 50 000 бараваргача бўлган миқдордаги ишлар билан шуғулланади.

Бу эса, эндиликда ижро ишларининг аниқ ва белгиланган меъёрларга кўра иш олиб бориши, ёш мутахассислар ва тажрибали ходимларга касбий кўникмасига асосан иш олиб боришига замин яратади.

– Бюрода оғриқли масалалардан бири бўлган алимент йўналишидаги ишлар бўйича ҳам янгилик бўладими? Айнан бу ишлар бўйича ҳам эътирозлар кам эмас.

Бюро органларида долзарб масалалардан бири бу албатта алимент тўловлари билан боғлиқ ҳисобланади, ҳозирда ҳам иш юритувидаги 1 млн 157,5 мингдан ортиқ ижро ҳужжатларининг 261 минг (2019 йилда 224 минг)дан ортиғини (22,6 фоизи) алимент тўловларига оид ижро ишлари ташкил қилади.

Ёки содда қилиб айтганда, келиб тушган 100,6 мингга (2019 йилда 136,5 минг) яқин ижро ҳужжатларининг ижроси юзасидан келиб тушган мурожаатларнинг 68,6 мингга (2019 йилда 87 860 та) яқини (68 фоизи) алиментга оид мурожаатларга тўғри келмоқда.

Шу боис, 2021 йил 1 мартдан бошлаб, ушбу тўловлар - Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади. Ахборот маркази ўз навбатида, алоҳида банк ҳисобварағи билан интеграция қилинади.

Эндиликда, ундирувчилар номига алоҳида банк пластик карточкалари очилиб, алимент тўловлари шаффоф ва ортиқча оворагарчиликсиз, қулай ва масофадан туриб олиш имконини беради.

– Бюро органлари ходимларига нисбатан эътирозлар ҳануз жуда кўп. Айрим пайтларда фуқароларимиз томонидан қаршилик кўрсатиш ҳолатлари бўлса, айрим ҳолларда ходимларнинг касбий маданияти шубҳа остида. Ҳужжатда бу жиҳат ҳисобга олинганми?

– Таҳлилларимиз шуни кўрсатмоқдаки, бюро ёш идора бўлгани боис, ходимларимиз таркиби ҳам анчайин ёш, яқинда талабалик сафидан давлат ижрочиси лавозимига тайинланган ходимлар ижро ишларига жалб қилинган.

Айрим ижро ҳаракатларида нафақат ўз вазифасини яхши билиши, балки одоб-ахлоқ нормаларини яхши ўзлаштириши, психология асосларини англаши лозимлигини кўрсатмоқда. Биз яқин вақтда бўлган айрим ташвишли ҳолатлардан ўзимизга тегишли хулосаларни чиқардик.

Шунга асосан, 2021 йил 1 январга қадар эгаллаб келган барча ходимлар махсус дастур асосида Бош прокуратура Академиясида алоҳида курслар бўйича тайёргарлик ўқув-машғулотларини бошлайди. Курсларни қониқарли тамомлаганларгина иш олиб боради.

Ўқув курсларида касбий одобнома, психология ва зиддиятларни ҳал қилиш ва вақтни бошқариш («тайм-менежмент») асосларидан сабоқ олишади.

Эндиликда, намунали давлат ижрочиларини ҳам бюро органлари ходимлари ўртасида ҳар йили ташкил этиладиган «Йилнинг энг яхши давлат ижрочиси» номинацияси жорий қилинади. Айтиш керакки, бундай номинация муқаддам бўлмаган эди ва бу танлов давлат ижрочиларининг янада ўзи ишини самарали ташкил этишга бўлган интилишини оширишга туртки бўлади.

Оддийгина айтганда, ходимларимиз кўникмасини янада мустаҳкамлаб, намунали ходимларни ҳам рағбатлантириш чорасини кўриб борамиз.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид