Ўзбекистон | 11:59 / 02.08.2018
25579
2 дақиқада ўқилади

Уй-жой кодексининг 32-моддасига ўзгартиш киритилади

Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексининг 32-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексининг 32-моддасига киритилиши режалаштирилаётган ўзгартишлар:
 
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 24 декабрда қабул қилинган 713-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси 32-моддаси иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек, мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг хотинлари (эрлари) агар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлсалар, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзоси деб тан олинишлари мумкин”.

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминлайди;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлайди.

3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид