Кўчмас мулк | 18:50 / 29.10.2025
2509
6 дақиқада ўқилади

Уй хоналарини безатишда қайси рангларни танлаган маъқул?

Уй хоналарини таъмирлаш ёки безатишда тўғри ранг танлаш – хонадоннинг кўриниши ва ундаги муҳитни белгиловчи муҳим омиллардан биридир. Ҳар бир хона функциясига кўра маълум ранглар мос ёки тўғри келмаслиги мумкин. Масалан, ошхонада иштаҳани очувчи ранглар афзал кўрилса, ётоқхонада тинчлантирувчи рангларни ишлатган маъқул. Хоналарини безатишда нималарга алоҳида эътибор бериш лозим?

Фото: Getty images

Ошхона

Ошхона – оила аъзолари жам бўлиб овқатланадиган, суҳбатлашадиган ҳудуд. Шу жиҳатдан ушбу хонани безатишда тўғри ранг танлаш муҳим роль ўйнайди.

Ёруғ ранглар ошхонада самимий ва қувноқ муҳит яратади. Масалан, сариқ ранг бахт ва оптимизм туйғусини уйғотади, шунинг учун мутахассислар томонидан оилавий ошхоналарда фойдаланиш учун кўп тавсия этилади. Деворларига оч сариқ тус бериш хонани ёрқин қилади. Яшил ранг ҳам бугунги кунда оммалашган. Дизайнерлар ошхона учун писта ёки оч яшил каби кўзни қувонтирувчи рангларни ҳам тавсия этади. Бу ранглар хотиржамлик ва табиий муҳит яратади. Ошхона учун нейтрал ранглар ҳам жуда қулай танловдир. Масалан, оқ ранг хонани тоза ва кенгроқ қилиб кўрсатади. Шу жиҳатдан ошхонангиз кичик бўлса, мебеллерни танлаш ёки деворни бўяшда оқ рангдан фойдаланиш лозим. Оч жигарранг ҳамда оч кулранг каби нейтрал туслар ҳам хонага илиқлик ва файз беради.

Ётоқхона

Ётоқхона – дам олиш ва уйқу ҳудуди. Бу хона учун тинчлантирувчи ва кўзни толиқтирмайдиган ранглар энг тўғри танлов ҳисобланади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кўк ранг уйқу учун энг қулай муҳит яратади. Осмон ва денгиз каби табиий кўк манзаралар одам онгига хотиржамлик бахш этади. Масалан, Британияда ўтказилган тадқиқотда ётоқхонаси кўк рангда бўлган одамлар энг сифатли уйқуга эга бўлгани аниқланган

Кўк ранг ишонч ва барқарорлик туйғусини ҳам беради. Яшил ранг эса хонада ўзингизни табиат бағрида юргандек ҳис қилишингизга ёрдам беради – бу ранг кўзни тинчлантириб, асабни бўшаштиради. Аммо жуда ёрқин ёки тўқ яшил уйқуга ҳалақит бериши мумкин. Шунингдек, нейтрал ва оч ранглар ҳам ҳамиша қулайлик беради.

Аксинча, ётоқхонада жуда ёрқин ёки қуюқ ранглар ҳукмрон бўлиши тавсия этилмайди. Масалан, қизил энг энергияли ранглардан бири бўлиб, ҳатто юрак уришини тезлаштириб, агрессия ҳиссини кучайтириши мумкин. Қизил маконда одам тўлиқ дам ололмайди, шу сабаб ётоқхонада қизил рангдан воз кечган маъқул ёки жуда кичик акцентларда (масалан, декор буюмларида) фойдаланиш лозим. Тўқ бинафша, қора, тўқ жигарранг каби ранглар ҳам уйқу сифатига салбий таъсир кўрсатади. Масалан, тўқ бинафша ижодкорликни рағбатлантирса-да, мияни фаол ҳолатда ушлаб, ҳатто туш кўришни (хусусан, нохуш тушларни) кўпайтириши аниқланган.

Болалар хонаси

Болалар хонасида ранг танлашда икки жиҳат муҳим: болага ёқиши ва айни пайтда унинг руҳиятига ижобий таъсир қилиши лозим. Болалар жуда таъсирчан бўлишгани боис, ранглар уларнинг кайфияти ва хулқ-атворига сезиларли таъсир қилади – баъзи ранглар илҳомлантирса, бошқалари тинчлантиради ёки аксинча, асабийлаштириши ҳам мумкин.

Аввало, ёшни инобатга олиш зарур: жуда кичик болалар учун юмшоқ, нейтрал ва пастел ранглар энг яхши танлов. Каттароқ болалар эса жонли рангларга қизиқади, лекин бу ранглар хонада меъёрида ишлатилиши шарт. Масалан, кўк ранг болаларни тинчлантирувчи хусусиятга эга. Агар фарзандингиз жуда шўх ёки тез жаҳли чиқса, хонасини оч кўк тусда безаш фойда беради – кўк ранг болани руҳий жиҳатдан хотиржамликка чорлаши ва марказлашишга ёрдам бериши кузатилган. Бироқ тўқ кўк (масалан, тўқ мовий) хонани қоронғи ва ғамгин ҳолатга келтириши мумкин, шу жиҳатдан меъёрни сақлаш лозим. Яшил ранг ҳам болалар хонаси учун яхши танлов: кўзга ёқимли таъсир этади, хавотирни пасайтиради ҳамда ўқиш ва билим олиш қобилиятини оширишга кўмаклашади.

Сариқ ранг болалар учун икки хил таъсирга эга бўлиши мумкин. Оч сариқ хонага қувонч ва илиқлик қўшади, ижобий кайфият яратади. Тўқ сариқ эса аксинча безовталик уйғотади ва кўзни чарчатади.

Қизил – иссиқ ва фаол ранг бўлиб, ундан кичик миқдорда фойдаланиш (масалан, ўйинчоқлар ранги, расмлар) диққатни жалб этиб, фаоллик бахш этади ва ҳатто фокусни ошириши мумкин. Шунинг учун баъзи мактаблар синфхоналарида қизил акцентлар қўлланади. Аммо қизилнинг кўплиги болани тез чарчатиши, ҳатто агрессив ёки асабий ҳолатга келтириши мумкин.

Меҳмонхона

Бу хонада илиқлик, очиқлик ва шинамлик ҳиссини берувчи ранглардан фойдаланиш лозим. Кўпинча меҳмонхона учун нейтрал ранглар база сифатида танланади, чунки улар ҳар қандай дизайн услубига мос тушади ва вақт ўтиши билан ҳам тренддан қолмайди. Оқ, оч жигарранг, оч кулранг каби ранглар хонани кенг ва ёруғ қилиб кўрсатади. Масалан, деворларни оч кулранг ёки оқ рангда бўяш орқали сиз хонага замонавий руҳ бера оласиз. Нейтрал ранглар шунингдек бошқа жозибали ранглар учун фон вазифасини ўтайди – масалан, оқ девор фонида ёрқин расмлар ёки рангли мебел жуда чиройли кўринади.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид