Жамият | 21:02 / 04.06.2026
14813
8 дақиқада ўқилади

Туғуруқхонадан жанозагача: Иштихондаги фожиали тўрт кун

36 ёшли Насиба туғуруқ учун шифохонага келганида ҳеч ким орадан тўрт кун ўтиб унинг ўлими ҳақида хабар тарқалишини тасаввур қилмаганди. Бу вақт ичида аввал ҳомила нобуд бўлди, сўнг онанинг аҳволи оғирлашиб борди ва ўзи ҳам вафот этди. Яқинлари бу жараёнда шифокорлар бепарволик қилганини иддао қилмоқда. Шифокорлар эса бу даъволарни рад этяпти.

Kun.uz воқеа иштирокчилари билан суҳбатлашиб, 10 апрелдан 14 апрелгача бўлган воқеалар занжирини қайта тиклашга ҳаракат қилди.

Хавф қачон бошланганди?

Самарқанд вилояти Иштихон туманида истиқомат қилиб келган Насиба Элмуродова тўртинчи фарзандини дунёга келтириш учун 10 апрел куни соат 14.00 лар атрофида туман соғлиқни сақлаш бўлимига олиб келинади. Унинг овсини Озода Михлибоеванинг айтишича, қабул бўлимидаги шифокорлар беморни дастлаб УЗИ текширувидан ўтказишни сўрашган. Текширув натижалари топширилганидан кейин аёл шифохонада қолдирилган.

Соат тахминан 16:00 га келиб навбатчилик алмашади ва Насиба Элмуродова акушер-гинеколог Тўлқин Эштемиров назоратига ўтади. Оила аъзоларининг айтишича, бу вақтда шифокор беморнинг яқинларига ҳеч қандай жиддий хавф ҳақида гапирмаган. Аксинча, аёл туғуруқни табиий йўл билан ўтказиши мумкинлиги маълум қилинган ва шу сабаб улар уйларига қайтишган.

Озода Михлибоева уйга борганидан сўнг ҳам овсини билан телефон орқали алоқада бўлиб турганини айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, Насиба ўзини яхши ҳис қилмаётганини билдирган.

«Шифокор кўрдими?» деган саволга у «Йўқ», деб жавоб берган. Озода уни шифокорлар олдига боришга ундаганида эса: «Юрсам сув кетяпти», деган.

Бу, эҳтимол, марҳуманинг воқеалар занжиридаги сўнгги тўғридан-тўғри айтилган гапларидан бири эди.

Айнан шу нуқтада биринчи савол пайдо бўлади. Агар беморда сув кетиши бошланган бўлса, бу ҳолат қай даражада хавфли баҳоланган? Унинг аҳволи кечки соатларгача қандай назорат қилинган? Бу ҳақда ҳозирча фақат томонларнинг кўрсатмалари бор.

Соат 21:00 лар атрофида шифохонадан оила аъзоларига қўнғироқ бўлади. Улардан зудлик билан келиш сўралади. Бу вақтга келиб ҳомиланинг аҳволи оғирлашгани айтилган.

Марҳуманинг турмуш ўртоғи Диёр Эргашевнинг айтишича, шифокор Тўлқин Эштемиров операция натижасига кафолат бермаслигини, боланинг юрак уриши яхши эмаслигини, аёлда сув камайгани ва бола киндигига ўралиб қолган бўлиши мумкинлигини айтган.

«Мен учун асосийси аёлим билан боламнинг тирик қолиши эди. Шунинг учун бошқа шифохонага олиб кетишга қарор қилдим», дейди у.

Тўлқин Эштемиров эса бошқача фикрда. Унинг айтишича, операция қилиш таклифи аввалроқ берилган, аммо бемор табиий туғуруқни хоҳлашини билдирган. Кейинчалик аҳвол оғирлашгач, яқинлари чақирилган.

Шу тариқа воқеадаги энг муҳим зиддият юзага чиқмоқда. Оила хавф ўз вақтида тушунтирилмаганини айтмоқда. Шифокор эса хавф ҳақида марҳуманинг ўзи огоҳлантирилганини таъкидламоқда. Бу икки версиядан қай бири ҳақиқатга яқин эканини текширув ва тиббий ҳужжатлар аниқлаши керак.

Челакда узилган умид

Диёр Эргашев аёлини шахсий машинада Пайариқ туманидаги Челак шаҳар шифохонасига олиб боради. У ерда навбатчилик қилган шифокор Ислом Отамуродов беморни қабул қилиб, ҳомиланинг юрак уришини текширган.

Унинг айтишича, аввал оддий текширувда, кейин доплер аппарати орқали ҳам юрак уриши эшитилмаган. Шундан сўнг аёл УЗИ текширувига юборилган.

Челакдаги УЗИ натижаси бир неча соатлик ноаниқликка нуқта қўйди. Ҳомиланинг юраги уришдан тўхтаган эди.

Бир неча соат аввал ҳали операция қилиш ёки қилмаслик ҳақида гап кетган бўлса, энди бу масала аҳамиятини йўқотганди. Оила энди болани сақлаб қолиш ҳақида эмас, унинг нега нобуд бўлганини тушунишга ҳаракат қила бошлаганди.

Шундан кейин Насиба Элмуродова 11 апрелга ўтар кечаси Иштихон туманига қайтарилади.

Шифокорларнинг айтишича, ҳомила нобуд бўлгани аниқ бўлгач, операция эмас, табиий туғуруқ маъқул кўрилган. Диёр Эргашев эса бу қарор бўйича ҳам саволлари борлигини айтмоқда.

Унинг сўзларига кўра, шифокорлардан ўлик ҳомила билан қанча вақт юриш мумкинлигини сўраганида, жиддий хавотир билдирилмаган.

Бу нуқтада яна бир муҳим жиҳат пайдо бўлади. Ҳозирча расмий хулоса мавжуд эмас. Бироқ оила томонидан айтилган сув кетиши, ҳомила юрак уришининг пасайиши, кейинчалик унинг нобуд бўлиши ва ортидан онанинг аҳволи оғирлашиб бориши каби ҳолатлар айнан қай даражада ўзаро боғлиқ бўлгани текширувнинг асосий мавзуларидан бири бўлиши мумкин.

11 апрел куни Диёр Эргашев шифохонага келганида турмуш ўртоғининг аҳволи яхши эмаслигини кўрганини айтади.

«Совқотяпман», деган Насиба.

Эрининг сўзларига кўра, аёл қалтираётган бўлган, лаблари ёрилиб кетганди.

Марҳуманинг овсини Озода Михлибоева ҳам бу даврда беморга етарлича эътибор берилмаганини иддао қилмоқда.

12 апрел куни тонгги соат 06:00 лар атрофида чақалоқ ўлик ҳолда туғилади.

Она ҳаёти учун кураш бошланиши керак (эди)

Кўпинча бундай воқеаларда эътибор чақалоқ ўлимига қаратилади. Аммо Насиба Элмуродова билан боғлиқ воқеада энг муҳим саволлар айнан шундан кейин бошланади.

Чунки бу вақтга келиб ҳомила аллақачон нобуд бўлган, чақалоқ ўлик туғилган ва эндиликда асосий вазифа онанинг ҳаётини сақлаб қолиш эди.

Диёр Эргашевнинг айтишича, чақалоқни дафн қилиб қайтганида турмуш ўртоғининг аҳволи аввалгидан ҳам оғирлашган бўлган.

«Шишиб кетганди. Нафас олишга қийналаётганди», дейди у.

Унинг таъкидлашича, шифокорлар сўраган дори-дармонларни ўз ҳисобидан олиб келиб турган.

Марҳуманинг яқинлари шу куни навбатчилик қилган шифокор Адолат Ёрматова пул олганини ҳам даъво қилмоқда. Уларга кўра, Диёрдан 600 минг сўм, қайнонасидан 800 минг сўм олинган. Шифокор бу иддаоларни рад этди.

Бироқ бу ишда пул ҳақидаги баҳсдан ҳам муҳимроқ савол бор: чақалоқ нобуд бўлганидан кейин онанинг аҳволи оғирлашаётган бир вақтда етарли чоралар кўрилганми? Оила аъзоларининг фикрича, йўқ. Шифокорлар бу фикрни рад этмоқда.

Насиба Элмуродова кейинчалик жонлантириш бўлимига, сўнг асосий реанимация бўлимига ўтказилади. Диёр Эргашевнинг айтишича, у 13 апрелдан 14 апрелгача шифохонадан деярли кетмаган.

14 апрель куни Насиба махсус аппаратга уланади. Кўп ўтмай унинг вафоти ҳақида хабар берилади.

Дастлабки маълумотларга кўра, ўлим сабаби сифатида ўткир буйрак ва нафас етишмовчилиги қайд этилган. Бироқ бу ҳали якуний хулоса эмас.

Бугун мазкур иш бўйича экспертиза тайинланган. Ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар текширув олиб бормоқда. Балки текширув ҳеч қандай қоидабузарлик бўлмаган, деган хулосага келар. Балки аксинча бўлар.

Тергов ва экспертиза бу жараёнда кимнинг қандай масъулияти борлигини аниқлаши керак. Аммо текширув қанча давом этишидан қатъи назар, бу фожиа аллақачон бир оиланинг ҳаётини иккига бўлиб улгурди. Бугун Иштихондаги хонадонда уч нафар бола онасиз қолди.

Маълумот учун, бу Иштихон тумани соғлиқни сақлаш бўлими атрофида сўнгги ойларда юзага келган ягона можаро эмас. Аввалроқ Kun.uz мазкур муассасада хатна амалиётидан кейин икки нафар бола вафот этгани ҳақида ҳам суриштирув эълон қилганди. Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Масъул ташкилотлардан ушбу ҳолат бўйича чуқур текширув ва изоҳ кутиб қоламиз.

Исомиддин Пулатов
Муаллиф Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид