Ўзбекистон | 20:27 / 28.12.2019
55815
3 дақиқада ўқилади

2020 йилдан тест синовларида абитуриентларга 105 та савол тушади – ДТМ

2020 йилдан абитуриентларга тест синовларида 105 та саволга жавоб беришади. Бу ҳақда бугун, 28 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат тест маркази раҳбарияти ва мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

ДТМ Тест технологияларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Севар Зупарходжаева 2019 йил 15 майдаги президент қарорида 2020–2021-ўқув йилидан бошлаб ОТМнинг қабул тест синовларига учта мажбурий фан – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тиллари), математика ва Ўзбекистон тарихи киритилганини, шу билан бирга, абитуриент топширган таълим йўналишига қараб яна иккита фандан имтиҳон топширишини маълум қилди. Шунга кўра, 2020 йилдан абитуриентлар жами 5 та фандан тест топширишади.

“Фанлар мажмуаси, тестлар сони ва баҳолаш мезони шу йилнинг декабрь ойида Давлат комиссияси томонидан тасдиқланди. Жумладан, ҳар бир фан бўйича саволлар сони ҳам тасдиқлаб берилди. Масалан, она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тиллари), математика ва Ўзбекистон тарихи фанларининг ҳар биридан 15тадан савол берилади. Жами бўлиб мажбурий фан блокида 45 та савол бўлади.

Илгари тест саволларига 1.1, 2.1, 3.1 баллар берилган бўлса, кейинги ўқув йилидан бошлаб мажбурий фанлар бўйича берилган тўғри жавобларга бир хил – 2.1 балл берилади. Абитуриент мажбурий блокдаги 45 та саволнинг барчасига тўғри жавоб берган тақдирда 94.5 балл олади.

Тест синовларида мутахассисликка оид 2 та фандан саволлар бўлади. Ҳар битта фандан 30 тадан савол берилган бўлиб, иккала фан бўйича берилган тўғри жавоб 3.1 балл билан баҳоланади. Битта фан бўйича максимал 93, иккита фан бўйича эса 186 балл тўплаш мумкин.

Бешта фандан бериладиган барча 105 та саволга тўғри жавоб берилган тақдирда 280.5 балл тўплаш мумкин. Ижодий имтиҳонлар мавжуд йўналишларда баҳолаш мезони бошқача бўлади”, дея ДТМ Тест технологияларини риволантириш бошқармаси бошлиғи Севар Зупарходжаеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда мажбурий фанлар бўйича тест топшириқларининг намуналари 2019 йилнинг 22–30 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Наманган, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги академик лицей ва мактабларнинг битирувчилари иштирокида апробациядан ўтказилгани, шунингдек, мажбурий фанлардан шакллантирилган тест топшириқлари онлайн апробациядан ўтказилгани ҳақида маълумот берилди. Мазкур жараёнда қатнашиш истагини билдирган талабгорларга ДТМ расмий сайти орқали мажбурий фанлар бўйича тест топшириқлари намуналарини олиш ва пробацияда иштирок этиш, бу орқали ўз билимларини синаб кўриш имконияти яратилгани таъкидланди.

Севар Зупарходжаеванинг қайд этишича, Давлат қабул комиссиясининг қарори билан фанлар мажмуаси тасдиқланган бўлиб, абитуриентлар таълим йўналишига қараб ихтисослик бўйича қайси фанлардан тест синовларини топшириши белгилаб берилган. Бу ҳақда ДТМ расмий сайти орқали батафсил маълумот олиш мумкин.

Тайёрлаган:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид