13:00 / 26.06.2024
10782

Ҳаниянинг уйига тушган бомба, Нетаняҳу рафиқасининг хавотирлари ва Шойгу-Герасимов жуфтлиги учун ордер — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Бугунги кунга келиб Ғазо секторида кўплаб инфратузилма объектлари ва турар жой бинолари вайрон қилинган.

Турли инсонпарварлик ташкилотларининг маълумотларига кўра, уруш бошланганидан буён Ғазода вайронага айланган уйлар сони 10 мингдан ошган. Минглаб одамлар бошпанасиз қолган.

150 дан ортиқ масжидлар вайрон қилинган ёки жиддий талафот кўрган.

Уй ва масжидлардан ташқари мактаблар, касалхоналар ва тижорат объектлари каби кўплаб бинолар ҳам вайрон қилинган ёки зарар етказилган. Баҳолашларга кўра, бундай объектлар сони 20 мингдан ошади.

Исроил авиацияси ҲАМАСнинг сиёсий қаноти етакчиси Исмоил Ҳаниянинг Ғазо сектори шимолидаги уйига зарба берди. Ҳаниянинг қариндошларидан камида 13 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Улар орасида унинг опаси ҳам бор. Ҳаниянинг ўзи айни пайтда Қатарда истиқомат қилиб келмоқда. Уруш бошланганидан буён ҲАМАС етакчиси 17 нафар қариндошидан айрилган.

Бугунга келиб, Ғазода ўлганлар сони 37 минг 658 кишига етган. Ярадорлар сони 86 минг 237 кишини ташкил этмоқда. Сўнгги сутка ичида Исроил яна учта оммавий қирғин ўтказган. 32 киши ўлдирилган, 139 киши ярадор бўлган.

7 октябрдан буён Исроил томонидан ҳисобга олиниб, қамоқхоналарда сақланаётган фаластинликлар сони 9 минг 385 нафарни ташкил этмоқда.

АҚШдагилар Исроилдан шокда

Исроилликлар фаластинликларга қандай муомала қилаётганидан АҚШдагилар шокка тушиб қолишди.

24 июн куни АҚШ Давлат департаменти Исроил ҳарбий жипига боғлаб судралган ярадор фаластинлик тасвирланган видеони «шокка туширувчи» деб атаган. Вашингтон тезда суриштирув ўтказиб, айбдорларни жазога тортишни талаб қилган. Лекин унинг чақириқлари одатий тарзда жавобсиз қолган.

«Бу видеода нималарни кўрганимизни айтиб бераман. Бу инсонни шокка туширувчи бир ҳолат эди. Бундай амалиётга тоқат қилиб бўлмайди. Инсонлардан ҳеч қачон тирик қалқон сифатида фойдаланмаслик керак», — деган Давлат департаменти вакили.

22 июн куни Женин шаҳрида уюштирилган рейд давомида Исроил ҳарбийлари исми Мужоҳид Назмий бўлган ярадор фаластинликни ҳарбий жип капотига боғлаб судрашган.

Исроилнинг мудҳиш режалари

Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелга кўра, Исроил Фаластиннинг Ғарбий соҳилдаги ерларини тўлиқ ўзига қўшиб олишга ҳозирланмоқда.

«Уруш Ғазо секторидаги фаластинликлар ўз давлатини сақлаб қолиш-қола олмаслигини текширувдан ўтказиб беради», — дея қўшимча қилган Боррел.

Унга кўра, Исроил Ғарбий соҳилни тўлиқ аннексия қилишга интилиб келмоқда.

«Афтидан, кам-камдан, қадамма-қадам Ғарбий соҳилни аннексия қилишга очиқ интилиш бордек. Бу ният тушунарли. Ва бу тинчлик ўрнатилишига хизмат қилмаслиги ҳам аниқ», — деган Боррел Люксембургда ўтган йиғилишда.

«Уруш узоқ давом этадими?» дея берилган саволга жавобан Боррел: «Афтидан, шундай», деб жавоб берган.

Дипломатнинг қайд этишича, айни пайтда Ғарбий соҳилдаги 300 дан зиёд ноқонуний яҳудий манзилгоҳларида 700 мингга яқин аҳоли яшамоқда. Уларнинг барчаси халқаро ҳуқуққа кўра бу ерларга ноқонуний жойлашганлар ҳисобланади. Чунки Ғарбий соҳил ва Ғазо секторини БМТ Фаластин давлатининг оккупация остидаги ҳудуди деб ҳисоблайди.

Бу орада Исроилнинг ултраўнг молия вазири Бецалел Смотрич Ғарбий соҳилни ютиб юбориш зарурияти ҳақида яна оғиз очган. Унга кўра, ҳукумат ушбу йўналишда фаолроқ ҳаракат қилиши керак.

Нетаняҳунинг хотини таҳликада

Исроил армияси яҳудийлар давлати раҳбари Бинямин Нетаняҳуга қарши давлат тўнтариши амалга оширишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Исроил бош вазирининг рафиқаси Сара Нетаняҳу ҲАМАС томонидан гаровга олинганларнинг оила аъзолари билан учрашувда баёнот берган.

Учрашувда Нетаняҳунинг рафиқаси олий мартабали ҳарбийларга ишонмаслигини бир неча бор такрорлаган.

Асирларнинг оила аъзолари Сара Нетаняҳунинг гапини бир неча бор бўлиб, армиядан шубҳаланмаслик кераклиги, чунки қариндошларининг тақдири армия ҳаракатларига боғлиқ эканлигини билдиришган. Бунга жавобан Сара Нетаняҳу барча ҳарбийлар эмас, олий рутбали қўмондонларга ишонмаслигини билдирган.

Исроил бош вазири рафиқасининг баёнотлари унинг ўғли Яир Нетаняҳунинг армияни танқид остига олиб қилган чиқишидан бир неча кун ўтгач ошкор қилинмоқда. Шанба куни Яир Нетаняҳу армия бош штаби бошлиғи Ҳерци Ҳалеви, умумий хавфсизлик хизмати раҳбари Ронен Бар ва истеъфога чиқаётган ҳарбий разведка бошлиғи Аарон Халивани «ўтакетган омадсизлар» деб атаган.

Шойгу ва Герасимовга ордер

Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд Россиянинг собиқ мудофаа вазири, Хавфсизлик Кенгаши котиби Сергей Шойгу ва Бош штаб раҳбари Валерий Герасимовни ҳибсга олишга ордер берди.

«II Халқаро жиноий суднинг судгача бўлган палатаси Украинада 2022 йил 10 октябрдан камида 2023 йил 9 мартига қадар содир этилган эҳтимолий халқаро жиноятлар бўйича икки шахсни — Сергей Шойгу ва Валерий Герасимовни ҳибсга олиш учун ордер берди», дейилади суд баёнотида.

Халқаро жиноий суднинг аниқлик киритишича, «икки гумондор Россия ҳарбий кучлари томонидан Украина электр инфратузилмасига уюштирилган ракета ҳужумлари учун жавобгар деб ҳисоблаш учун етарли асослар мавжуд».

Суд Украина энергетика тизимига қилинган ҳужумларнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги ва тинч аҳолига кўпроқ зарар етказганига ишонмоқда.

Россия Хавфсизлик Кенгаши матбуот хизматига кўра, Сергей Шойгуга қарши қарор «умуман эътиборга арзимайди» ва «Ғарбнинг Россияга қарши гибрид урушининг бир қисми сифатида» қабул қилинган.

Трампга тақдим этилган режа

АҚШнинг собиқ президенти ва янги президентлик сайловларига ҳозирлик кўраётган Доналд Трамп Украинадаги урушни якунлаш бўйича ўз маслаҳатчилари томонидан тайёрланган режани ўрганиб чиқмоқда, деб хабар беради Reuters.

Доналд Трампнинг икки асосий маслаҳатчиси агар у президентлик сайловларида ғалаба қозонадиган бўлса, Украинадаги урушни якунлаш бўйича режани тақдим этишган. Кит Келлогг ва Фред Фляйцнинг режаларига кўра, Украина тинчлик музокараларига киришса, АҚШдан янада кўпроқ қурол-яроғ олади, деб ёзади Reuters.

Режага кўра, сулҳ музокаралари чоғида тўқнашув чизиқларида ўт очишни тўхтатиш жорий этилади. Фляйц собиқ президент бундай стратегияни ижобий қабул қилганини таъкидлаган.

Журналистларга кўра, Келлогг ва Фляйцнинг стратегияси сайловда ғолиб чиқса Украинадаги урушни тезда тартибга сола олишини таъкидлаган Трамнинг ҳаммаслаклари томонидан ишлаб чиқилган энг батафсил режа ҳисобланади.

Reuters мақоласида ёзилишича, режанинг асосий элементлари «Америка барчасидан устун» сиёсий институти томонидан эълон қилинган очиқ тадқиқот ишида баён этилган. Келлоггнинг қайд этишича, агар сайловда Трамп ғалаба қозонадиган бўлса, Россия ва Украинани музокара столига тезроқ ўтқазиш муҳим аҳамият касб этади.

«Биз украиналикларга сизлар музокара столига ўтиришларингиз керак, акс ҳолда АҚШ томонидан қўллаб-қувватлаш якунланади, деймиз. Россия президенти Владимир Путинга эса музокарага киришиш лозимлиги акс ҳолда, Украинага жанг майдонида ғалаба қозониш учун барча зарур қурол-яроғлар берилишини айтамиз», — деган Келлог.

Фляйцнинг қайд этишича, уларнинг режасига кўра Украина формал жиҳатда Россия фойдасига ўз ҳудудларидан воз кечиши керак эмас. Бироқ, унга кўра, яқин истиқболда Киев барча ҳудудлари устидан самарали назорат ўрната олиши амри маҳол: «Бизни ушбу уруш ёш йигитларнинг бутун бир авлодини қириб юбораётган ҳолдан тойдирувчи урушга айланиб кетаётгани ташвишлантирмоқда», – деган у.

Келлог ва Фляйцнинг сўзларига кўра, Украинада узоқ муддатли тинчликка эришиш учун Украинага қўшимча хавфсизлик кафолатлари керак. Фляйцга кўра, «тиш-тирноғигача қуролланган Украина» бунинг асосий элементига айланиши эҳтимоли бор.

Ой тупроғи келтирилди

Хитойнинг «Чангйе-6» зонди Ойнинг тескари томонидаги тупроқ жинслари намуналари билан Ерга қайтган тарихдаги илк космик аппаратга айланди. Ой тупроғи намуналари Жанубий қутб-Эйткен ҳавзасида тўпланган.

25 июн куни зонддан туширилган Ой тупроқ жинслари намуналари бўлган капсула Хитойнинг Ички Мўғулистон провинциясига қўнган, деб хабар бермоқда «Синхуа».

«Чангйе-6» Ой миссияси 53 кун давом этди. Намуна олиш Жанубий қутб-Эйткен ҳавзасида, Ойнинг тескари томонидаги энг катта кратерда амалга оширилди. Материални ажратиб олиш учун зонд махсус бурғилаш мосламаси ва робот қўлдан фойдаланган, деб ёзади «Синхуа». Муваффақиятли намуналар йиғилгандан сўнг, кратерга ХХР байроғи ўрнатилди.

Тадқиқот олимларга Ернинг сунъий йўлдоши шаклланиши борасида қимматли маълумотлар бериши мумкин. Маҳаллий мутахассислар томонидан намуналар ўрганиб чиқилганидан сўнг, Хитой материалларни жаҳон илмий ҳамжамиятига тақдим этишга ваъда берган.

Ойнинг тескари томони, хусусан, Жанубий қутб тадқиқотчиларни ўзига жалб қилади, чунки бу минтақада сув музлари топилиши мумкин. 

Top