Жамият | 09:14 / 27.04.2025
14122
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда йигит ўзига таниш қизни калтаклади, мактаблардан бирида эса икки ўқувчи жанжаллашди

Иккала ҳолат ҳам Мирзо Улуғбек туманида содир бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида йигит қиз танишини калтаклади, дея хабар қилди пойтахт ИИББ ахборот хизмати.

Қайд этилишича, 14 апрел куни тахминан соат 11:50 ларда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги Мирзо Улуғбек кўчасида 2003 йилда туғилган С.А. ва унинг таниши, 2006 йилда туғилган А.Ж. ўртасида келишмовчилик юзага келган.

Можаро вақтида С.А. қизга нисбатан куч ишлатиб, унга тан жароҳати етказган. Жабрланган А.Ж. шифохонага мурожаат қилган.

Ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчиси тан жароҳати олгани акс этган фотолар тарқалди.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабарида айтилишича, Мирзо Улуғбек туманида жойлашган мактабларнинг бирида 21 апрел куни 2007 йилда туғилган Р.С. ва шу мактаб ўқувчиси 2007 йилда туғилган А.И. тортишиб қолган ҳамда жанжаллашиб кетган.

Жанжал вақтида А.И.. Р.С.га тан жароҳати етказган. Натижада жабрланувчи шифохонага ётқизилган. 

Тан жароҳати оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид