Жамият | 22:21 / 30.01.2026
1860
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда одамларни қўрқитиб, пул талаб қилган ўсмирлар гуруҳи қўлга олинди

Улар ўзини «муаммоларни ҳал қилувчи етакчилар» сифатида таништириб, одамларни қўрқитиб, уриш ва дўппослаш орқали пул ва бошқа моддий бойликларни тортиб олгани таъкидланмоқда.

Тошкент шаҳри, Олмазор туманида одамлардан қўрқитиш ва куч ишлатиш орқали пул ундириб келган ўсмирлар гуруҳи ушланди, деб хабар берди Ички ишлар вазирлиги.

Маълум бўлишича, муқаддам Жиноят кодексининг ўғрилик ва безорилик моддалари билан судланган 18 ёшли йигит атрофига тенгдошларини тўплаб, уюшган гуруҳ тузган. Улар ўзини «муаммоларни ҳал қилувчи етакчилар» сифатида таништириб, одамларни қўрқитиб, уриш ва дўппослаш орқали пул ва бошқа моддий бойликларни тортиб олган.

Терговгача текширув жараёнида аниқланишича, масалан, гуруҳ 18 ёшли йигитдан мунтазам равишда, қўрқитиш йўли билан турли миқдорда пул ундириб келган. Кейинчалик унга зўравонлик йўли билан 14 минг доллар тўлаш мажбурияти юклатилган. Гуруҳ мазкур маблағдан 2 минг долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «б» ва «в» бандлари (Ўта хавфли рецидивист томонидан ҳамда уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Улар 5 йилдан 10 йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид