Грантда ўқиган талабаларни ҳудудларда 3 йил ишлашга жўнатиш таклиф қилинди. Бу қандай бўлади?
Президент матбуот хизматининг ёзишича, йиғилиш давомида Шавкат Мирзиёев Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, камбағаллик даражаси юқори бўлган қишлоқларга вазирлик ва идораларни бириктириб, муҳтожларга кўмаклашиш тизимини яратиш, оилавий тадбиркорлик ва томорқачиликни ривожлантириш бўйича топшириқлар берган. У йиғилишда шунингдек, давлат гранти ҳисобига таҳсил олган талабалар 3 йил муддатга шундай ҳудудларга меҳнат фаолияти учун йўналтириш таклифини ҳам билдирган. Бугун ушбу хабар ижтимоий тармоқларнинг ўз сегментида фаол муҳокама қилинмоқда.
Kun.uz мухбири хабарга ойдинлик киритиш мақсадида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов билан суҳбатлашди.Марказ директори суҳбат давомида Ўзбекистон иқтисодиётига оид бошқа бир қанча масалалар бўйича ҳам фикрларини билдирди.
— Бу таклифнинг мазмунида нима кўзланган ва қандай натижаларга эришишимиз мумкин?
– Бу таклифнинг тагида нима ётибди? Давлат раҳбарининг мақсадлари нима эди? Бу саволларга жавоб бериш муҳим.
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш учун қилинаётган ҳаракатлар доирасида бу таклиф илгари сурилди. Биз шунча йил мустақил давлат сифатида шаклланган бўлганимиз билан 2020 йилгача камбағаллик деган сўзни умуман ишлатмаганмиз. Ривожланаётган давлатларда камбағалликни қисқартириш бўйича стратегия дастурлари бўлади. Илгари бизда шу каби дастурлар қилинарди-да, лекин бошқача номланарди. Камбағаллик сўзи ишлатилмаган. Бунинг номини биз фаровонликни ошириш стратегияси деб айтардик. Бу сўзни ишлатишга ҳам қандайдир тўсиқлар бўлган. 2020 йилда Олий Мажлисга президент мурожаатномасида камбағалликка қарши кураш бўйича мақсадлар белгилаб берилди.
Куни кеча бўлган йиғилишларда кейинги қадамлар белгиланди. Камбағалликни аниқлаш, яшаш минимумини белгилашнинг қонуний асосларини яратиш, камбағалликнинг чегарасини аниқлаш бўйича ишлар, ижтимоий реестрни шакллантириш камбағалликка қарши кураш бўйича энг муҳим қадамларимиздир.
Камбағалликдан чиқариш деганда кўпчилик одамларга иш берсак, улар даромадга эга бўлса, ўз-ўзидан камбағалликдан чиқиб кетади деган фикр мавжуд. Камбағалликка қарши кураш – комплекс ва мураккаб жараён. Жаҳон тажрибасини ўрганадиган бўлсак, камбағалликка қарши курашда муваффақиятларга эришилганини кўриш мумкин. Лекин тор доирада ўйлаб, камбағалликни қисқартириш бўйича комплекс чораларни амалга оширмасдан муваффақиятсизликка юз тутган мамлакатлар ҳам бор. Дунёда камбағалликка қарши курашда катта муваффақиятга эга бўлган давлатлардан бири Хитойни оладиган бўлсак, 1981 йилда Хитойнинг 88 фоиз аҳолиси камбағалликда яшаган. 2015 йилга келиб, камбағалликда яшаётганларнинг улуши 0,7 фоизга етган. Хитой 850 млн аҳолисини камбағалликдан чиқарган. Камбағалликдан чиқариш бўйича Хитой тажрибасини кўрадиган бўлсак, у ерда иккита гарантия ва учта гарантия деган стратегия қўлланилган.
Иккита гарантияда камбағалликдан чиқаришда озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминланиши керак бўлган. Иқтисодиётда озиқ-овқат қопқони деган нарса бор. Одам қачон камбағалликдан чиқади – қачонки, овқат ва кийим-кечак қопқонидан чиқа олса. Одам нормал шароитда овқатланса, нормал одам сингари функцияларни бажара оладиган рационга эга бўлса, у эртага ўзининг инсон капиталини ҳам тиклай олади, камбағалликдан чиқиб кета олади. Самарадорлиги, меҳнат унумдорлиги ошади. Меҳнат унумдорлиги билан озиқ-овқат рационининг орасидаги боғлиқликни исботлаган бир неча иқтисодий тадқиқотлар мавжуд.
Учта гарантия эса таълим, соғлиқни сақлаш ва уй-жой масаласини қамраб олади. Кейинги учта гарантияни олгандан кейин бу одам қайтадан камбағалликка қайтиб келмаслиги керак.
Қишлоқларда, камбағаллик даражаси юқори бўлган ҳудудлар аҳолисининг билим даражасини ошириш бўйича чоралар амалга ошириш керак. Хитой тажрибасини кўрадиган бўлсак, бу тадбирларни амалга ошириш мақсадида қишлоқларда ўқитувчилар учун 240 мингдан ортиқ уйлар қурилган. Бу уйларга марказларда ўқитувчиликни тугатган 300 мингдан ортиқ одамларни олиб келиб, қишлоқ аҳолисининг билимини ошириш бўйича ҳаракатлар қилинган. Бундан ташқари, қишлоқлардаги одамларнинг билимини оширсангиз, уларга иш берадиган бўлсангиз, уларнинг соғлигини сақлаш бўйича ишлар қилинмайдиган бўлса, бу одамлар топган пулини эртага жамғариш, боласининг таълимига инвестиция сифатида тикиш эмас, соғлигини сақлашга, касаллигини даволашга сарфлайди ва яна камбағаллик қопқонига тушиб қолади. Шу контекстда айтадиган бўлсак, давлат раҳбари томонидан айтилаётган камбағалликка қарши кураш бўйича стратегия фақатгина иш билан таъминлаш эмас, унга билим бериш, унинг соғлигини тиклаш, унга уй-жой бериш ва нормал инсон сифатида шаклланиши учун шароитлар яратишни кўзда тутади. Биргина қисми олий таълимни битираётганларни қишлоқларга юбориб, уларни таълим бериш, соғлиқни сақлаш жараёнларига жалб қилиш, давлатнинг камбағалликни қисқартириш бўйича сиёсатини ўша ерда амалга оширишлари керак бўлади.
– Шу қисми энг кўп муҳокама қилиняпти. Мантиқан олиб қараганда, давлат гранти асосида энг кучли, билимли талабалар ўқийди. Энг кучли ёшларни қишлоқ ҳудудларига, чекка жойларга юборадиган бўлсак, бу ерда – Тошкентда ким қолади? Иккинчи, учинчи даражали кадрлар қолади. Энг кучли кадрларни чекка ҳудудларга ижрога юбориб, иккинчи, учинчи даражали кадрларни қарор қабул қилиш, қонун қабул қилиш, стратегия белгилашда қолдирадиган бўлсак, ўзгариш, ўсиш бўлмайди-ку. Бунинг муқобил вариантлари ҳам бор эди-ку.
– Бу гапингизга қўшилмайман. Ҳеч қачон қишлоққа бориб ишлаш, камбағаллик юқори бўлган ҳудудларда ишлаш паст табақали иш сифатида қаралиши керак эмас. Ўз тажрибамдан келиб чиқадиган бўлсам, ҳозирги ишга ўтишдан аввал фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича президент администрациясидаги хизматда ишлаганман. Бу хизматнинг фаолият йўналишларидан бири энг чекка қишлоқларга бориб, аҳволни кўриш эди. Илгари 7 йил АҚШда ўқиганман, келиб Тошкентда ишлаганман, лекин бу ишдан кейин Ўзбекистондаги сиёсат ҳақида фикрим бутунлай ўзгарган. Демак, марказда туриб қилаётган ҳар бир ишимизни одамларнинг аҳволидан, уларнинг реал онгидан келиб чиққан ҳолда қилмас эканмиз, бу ислоҳотлар юрмайди. Шу боис ҳар бир ёш кадр учун одамлар қандай яшаётганлиги, улар қай аҳволда эканлиги, уларнинг савияси қандай... хабардор бўлиши керак. Мисол, битта қонун лойиҳасини ривожланган мамлакатлардан олиб ёзилишингиз мумкин. лекин уни амалга оширадиган одамларни жойлардаги билими, савияси бунга етмайдиган бўлса, бу ислоҳот амалга ошмайди. Пастга бориб реал ҳаёт билан ишлаш ёмон, паст табақали иш сифатида кўрилиши эмас, энг муҳим тажриба сифатида қаралиши керак. Биринчи тажрибани ўша ердан олиш керак. Шундан кейин туманда, вилоятда, республика миқёсида вазирликда ишлаши мумкин. Лекин бутун фаолияти давомида қабул қилаётган қарорлари пастга тўғри келадими-йўқми, шуни биринчи навбатда ўйлайди. Пастдагиларнинг инсон капиталини кўтариб, уларнинг меҳнат самарадорлигини оширмасак, уларни камбағалликдан чиқаришимиз мумкин, лекин эртага уларнинг болалари яна шу ҳолга тушиши мумкин. Шунинг учун бу муаммога комплекс тарзида қараляпти. Бир нарсани айтиш керакки, бу аввалгидек административ кучлар орқали “битирдингми, қишлоққа бор”, деган нарса йўқ.
– Инсон ҳуқуқлари деган нарсалар ҳам бор. Билимли талаба қаерда ишлашини ўзи ҳал қилиши керак. Бунинг тизими қандай бўлади: мажбурийми ёки қандайдир грантлар орқалими?
– Давлат ўзининг стратегик мақсадларидан келиб чиққан ҳолда муҳим касблар бўйича махсус грантлар эълон қилади. Одам ўша қишлоққа бориб ишлашни истамайдиган бўлса ёки унга тўғри келмайдиган бўлса, у бемалол ўзининг маблағлари эвазига ўз йўналиши бўйича ўқиши мумкин. Уни ҳеч ким чеклаётгани йўқ. Лекин давлат қишлоқлардаги болаларни ўқитиш учун махсус грантларни эълон қилади ва бу грантларда ўқиганларни ўзларининг яшаш атрофидаги одамларнинг билимини кўтариш, соғлигини сақлаш бўйича хизматларга сафарбар этиш учун чоралар кўрилади.
– Бутун дунёда пандемия билан боғлиқ иқтисодий инқироз сезилмоқда. Бунинг таъсири бир неча йил давом этиши мумкин. Инқирозларнинг дастлабки нуқтасига қарайдиган бўлсак, бу пастдаги одамларнинг харид қобилияти пасайиши билан бошланади. Кўпчилик давлатларда, масалан, АҚШда иқтисодий инқироздан қутулиш, уни юмшатиш учун давлат ўзи олган қарзларни, маблағларини саноатга, катта заводлар қурилишига, қурилишга, дамбалар қурилишига йўналтиради ва шулар орқали иқтисодиётда занжир ҳосил қилиб, иқтисодиётни ҳаракатлантиришга интилади. Лекин Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги ишларини кўрадиган бўлсак, жараён тескарисига ишлаётгандек хулоса ҳосил қилинмоқда.
— Масалан қайси ишларни айтяпсиз?
— Масалан, бюджет ташкилотларида ишлайдиган ходимларнинг ойлигини қисқартириш, қарз олинди, лекин аҳолига пул берилгани йўқ. Мана шу нотўғри тизим бўлмаяптими? Иқтисодиёт турғунликка етакланмаяптими?
– Асло йўқ. Ўзбекистонда иқтисодий сиёсатни шакллантиришда чуқур таҳлилларга асосланилади. Ҳар бир мамлакатнинг ўз ҳолатидан келиб чиққан ҳолда иқтисодий инструментларнинг қайси бири самарали бўлиши-бўлмаслиги асосида бу сиёсат ишлаб чиқилади. АҚШда 2 трлн долларли пакетнинг эълон қилиниши ва бошқа чоралар у ердаги шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда белгиланган. Бу йил АҚШда сайлов бўлади, турли омиллар бу қарорларга таъсир кўрсатяпти.
Ўзбекистонда биринчи бемор 16 март куни аниқланган бўлса, 19 мартда бизда биринчи ҳаракатлар бошланган. Биринчи йўналишга кўра, касалликка қарши кураш бўйича очилган карантин зоналари, шифохоналар бўйича давлат томонидан катта харажатлар амалга оширилди. 4,5 мингга яқин касал аниқланган бўлса, уларнинг ҳар бирини даволаш жуда катта суммага айланади.
Президент фармонини кўрадиган бўлсак, бу йил қурилишга ажратилган пулдан ташқари, яна 4 трлн пул қўшимча равишда ажратилди. Бу қурилишлар ишчи ўринларини яратади, одамларга даромад беради, шу орқали иқтисодиётдаги циклнинг юриб кетишига сабаб бўлади.
150га яқин мамлакатнинг ҳолатини таҳлил қилиб кўрганмиз. Пулни одамларга шунчаки тарқатиб юборган мамлакатлар саноқли. Уларда ҳам бунинг ялпи талабнинг ошиш-ошмаслиги бўйича эффекти ҳали йўқ. Пулни ҳаммага бир хилда тарқатиб юбориш мумкин ёки керакли одамга тарқатиш мумкин. Ўзбекистонда пул керакли одамга берилди. Биринчи навбатда, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳолини 10 фоизга кўтардик – 600 мингдан 660 мингга етди. Ҳозир яна 10 фоизга кўтардик. Яна ҳам кўпроқ одам давлатдан ижтимоий ҳимоя ола билади. “Саховат ва кўмак” ҳаракатлари орқали 1,5 млн нафарга яқин одамга озиқ-овқат, дори воситалари етказилди. Булар ҳам истеъмол. Буни тадбиркор қилди. Тадбиркорларнинг хайрия ёрдамлари ҳамма жойда бор. Бу ҳам истеъмол. Одамларнинг истеъмоли ўзгаргандан кейин талаб пайдо бўлади.
19 мартдан бери 5,5 трлн сўм инқирозга қарши кураш фондидан сарфланди. Бу давлат фондими? 4 трлн қурилишга ажратяпмиз. Бу одамларга нафақат даромад келтиради, мактаб, боғча, йўл пайдо бўляпти. Бу ҳам давлатнинг ёрдами. Солиқлар бўйича имтиёзлар берилди. Бу ҳам давлатнинг ёрдами. Ўзини ўзи банд қиладиган аҳолининг фаолиятини кенгайтирдик. Илгари 25-25та эди, ҳозир 87тага етказилди. Бунда ҳам давлатнинг ёрдами бўлди. 24 трлн сўмли кредитларнинг муддати узайтириб берилди. Бу ҳам давлатнинг ёрдами. Давлат ёрдам бермади, деб бўлмайди. Бунинг учун иқтисодий омилларни чуқур таҳлил қилган ҳолда кўриб чиқиш керак. 24 трлн кредитдан қанча одамнинг пуллари ўзида қоляпти. Бу қаерга кетади? Истеъмолга, бошқа харидларга кетиши мумкин. Худди шу нарса эртага мамлакатда ялпи истеъмолни келтириб чиқарадими? Жаҳон банки прогнозларига кўра, жорий йилда АҚШ иқтисодиёти -6 фоизга қисқаряпти. Россия -5-6 фоиз, Қозоғистон -4-5 фоизга қисқаряпти. Халқаро валюта жамғармасининг ҳам, Жаҳон банкининг ҳам, ўзимизнинг ҳам ҳисоб-китобларимизга кўра, мана шу эффектни ҳисобга олган ҳолда, бу йил 1,5-2,5 фоиз атрофида ўсиш кутиляпти. Жаҳондаги талаб кескин қисқараётган вазиятда бизда ўсиш суръатлари сақлаб қолиняпти. Бу давлат раҳбари томонидан қабул қилинаётган фармон, қарорлар, ҳужжатлар таъсири остида бўлмоқда.
Интервью давомида Обид Ҳакимов камбағаллик даражасини камайтиришда тўсиқ бўлаётган монополия, ЕОИИдаги баҳсли вазиятлар ва Ўзбекистоннинг ташқи қарзлари масаласи бўйича ҳам фикрларини билдирди. Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Мавзуга оид
14:00 / 29.01.2024
Президент хорижда ЙТҲ қурбонига айланаётган мигрантлар масаласига тўхталди
13:17 / 29.01.2024
Тажриба тариқасида 5 та шаҳарда сув таъминотига хусусий шериклар жалб қилинади
20:35 / 26.01.2024
Таълим соҳасида ислоҳотларни ягона концепция асосида амалга ошириш бўйича Лойиҳа офиси ташкил қилинади
18:48 / 25.01.2024