Таълим | 08:11
1025
2 дақиқада ўқилади

Битирувчилар учун 3 йил ишлаб бериш талаби бекор қилиниши мумкин

Олий таълим муассасаларида давлат грантлари асосида таълим олган битирувчиларни ишга тақсимлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида амалдаги тартибга бир қатор муҳим ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.

Фото: Getty Imagеs

Тегишли қарор лойиҳасига кўра, кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш ва уларни ишга тақсимлаш тартиби янада аниқлаштирилмоқда ҳамда замонавий талаблар асосида қайта кўриб чиқилмоқда.

Жумладан, амалдаги низомда белгиланган “камида уч йил” ишлаб бериш мажбуриятига оид нормалар чиқариб ташланиши таклиф этилмоқда. Янги тартибга мувофиқ, давлат грантлари асосида таҳсил олган битирувчиларнинг ишлаб бериш муддати таълим йўналишининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда ваколатли орган томонидан алоҳида белгиланади.

Шунингдек, битирувчиларни ишга тақсимлаш билан боғлиқ айрим тушунчаларга аниқлик киритилиб, “доимий яшаш жойи” атамасини “яшаш жойи” деб алмаштириш кўзда тутилмоқда.

Қарор лойиҳасида ишлаб бериш мажбуриятини белгилашда ягона ёндашувдан воз кечиб, соҳалар кесимида дифференциал тартибни жорий этиш орқали кадрлар тайёрлаш самарадорлигини ошириш мақсад қилинган.

Мазкур ўзгартишлар битирувчиларни иш билан таъминлаш жараёнини янада шаффоф ва самарали ташкил этишга, шунингдек, меҳнат бозори эҳтиёжларига мос кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид