Депутат бош қўмондонга қарши: Зеленский партияси депутати Залужнийнинг истеъфосини талаб қилди
26 ноябрдан 27 ноябрга ўтар кечаси Украина Олий Радаси депутати Маряна Безуглая учун уйқусиз ўтган бўлса керак. 35 ёшли депутат туни билан Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ҳақида танқидий постлар ёзиб чиқди. Мамлакат президенти Зеленский асос солган «Слуга народа» партияси депутати бўлган 35 ёшли Безуглая мамлакатнинг энг машҳур одамларидан бўлган Залужний истеъфога чиқиши кераклигини айтиб, янги можаро авж олишига сабаб бўлди.
Украина парламенти мудофаа қўмитаси раиси ўринбосари бўлган депутатнинг асосий эътирози – Залужний 2024 йилдаги Россияга қарши уруш учун аниқ режа таклиф эта олмагани бўлди.
«На катта, на кичик, на ассиметрик ва на симметрик [ҳеч қандай режа йўқ]», деб ёзди Безуглая. Шунингдек, депутат ҳар ойда 20 минг одамни сафарбар қилиш тўғрисидаги бош штабдан олинган маълумотни ҳам эълон қилди. Қонунга кўра, бу маълумотлар давлат сири бўлиши керак, уни эълон қилганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
«Муҳокама ёпиқ бўлган, лекин кескинлик ошиб боравериб, вазият қуйидаги ҳолатга келган: ҳарбий раҳбарият 2024 йил учун ҳеч қандай режа таклиф қилмай, фақат кўпроқ одамларни сафарбар қилиш ҳақида ўйлаётган бўлса, бундай раҳбарият истеъфога чиқиши керак», деган у.
Депутатнинг бу постлари украин жамоатчилигига бомба каби таъсир қилди. Безуглая аввалроқ ҳам Украина ҳарбий раҳбариятини самарадорлиги паст деб танқид қилганди. Қизиғи, барчаси Зеленский ва Залужний ўртасидаги муносабатлар кескинлашгани ҳақидаги гаплар фонида содир бўлмоқда. Economist журналида эълон қилинган Залужнийнинг мақоласидан кейин шундоғам Украина сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти ўртасидаги муносабатлар борасида шубҳалар кучайганди. Ўша мақолада генерал Залужний жанг майдонидаги вазиятни тушкун кайфиятда тасвирлаган ва уруш Россия учун қулай бўлган позицион босқичга ўтганини айтганди.
Зеленский бу мақоладан кейин Залужнийни очиқчасига танқид қилди ва ҳозир бунақа гапларнинг вақти эмаслигини айтди. Украина президенти девони раҳбари ўринбосари Игор Жовка янада кескинроқ гапириб, ҳарбийларга фронтдаги воқеалар ҳақида ОАВга камроқ маълумот тарқатишни маслаҳат берди.
Шундан кейин Залужнийнинг истеъфоси кенг муҳокама қилина бошланди. Бу гаплар бўлаётган бир вақтда бош қўмондон истеъфосини талаб қилган депутат Безуглаяни кўпчилик Зеленский маъмуриятининг нуқтайи назарини ифода қиляпти деб ўйлаши табиий.
Украина сиёсий раҳбарияти ҳозирча Зеленский партияси аъзоси бўлган депутат Безуглаянинг баёнотини қоралаб чиқмади. Аммо унинг баъзи партиядошлари бу ҳақда гапиришга улгуришди. BBC Украина хизмати билан суҳбатда Безуглая кимнингдир буйруғига кўра иш қилганини рад этди.
Ким ўзи бу исёнчи?
Маряна Безуглая бир муддат Донбассдаги аксилтеррор зонасида хизмат қилган ва ўз вақтида Украина мудофаа вазирлигида ишлаган бўлса-да, тўғридан тўғри ҳарбий соҳага алоқадор эмас. Депутат юқоридаги жойлардаги қуролли кучлар тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш жараёнида қатнашган. Чунки у мутахассислиги бўйича шифокор ва бир муддат Киевдаги поликлиникада ҳам ишлаган.
Украина мудофаа вазирлиги ислоҳотлар лойиҳа офисининг собиқ ходими Алексей Гордеев BBC билан суҳбатда Безуглаяни етакчилик қобилияти ва ўзига бўлган ишончи билан ажралиб турадиган одам деб таърифлаган. Унинг сўзларига кўра, депутат барча нарсани икир-чикиригача назорат қила оладиган «control freak» ҳисобланади.
«Афсуски, Безуглая интеллект ва зеҳн салбий ишларда фойдаланилаётганининг яққол нишонаси. Партия туғма нотиқларга тўғри йўналиш кўрсатиш ўрнига улардан фойдаланмоқда», дейди суҳбатдош.
Депутатнинг ислоҳотлар офисидаги яна бир собиқ ҳамкасби унинг харакатери ҳақида гапиришни истамаган, лекин исми сир қолиши шарти билан Безуглая «жуда хато гапларни айтаётгани», у бундай йўт тутаётганидан ҳайратда қолганини айтган.
2019 йил тиббий карераси ва мудофаа вазирлигидаги ишини ташлаган Безуглая сиёсатга ўтишга қарор қилади. У президентнинг «Слуга народа» партиясидан ўз номзодини кўрсатиб, Киевнинг Оболон районидаги сайловларда ғолиб бўлади. Парламентда унга кутилмаганда Миллий мудофаа, хавфсизлик ва разведка қўмитаси раиси ўринбосари лавозимини топширишади. Безуглая бу лавозимда махсус хизматлар ва армия билан боғлиқ қизғин фаолият олиб боради.
Кейинчалик амалга ошмай қолган Украина хавфсизлик хизматини ислоҳ қилиш режаси айнан унинг ташаббуси билан ишлаб чиқилганди. «Вагнер»чиларнинг қўлга олиниши борасидаги операцияни текширган парламент комиссиясини ҳам Безуглая бошқарганди. 2020 йил июл ойида Украина махсус хизматлари ичида 33 нафар россиялик ёлланма ҳарбийлар бўлган самолётни Киевга мажбуран қўндириб, вагнерчиларни қўлга олиш операциясини ўтказиши керак эди. Аммо кейинчалик бу операция фош бўлиб, россиялик ёлланма ҳарбийлар тузоқдан чиқиб кетганди.
Парламентдаги мухолифат ва собиқ разведка ходимлари Зеленский офиси вакилларини операция ҳақида маълумотни чиқариб юборишда айблаганди. Безуглая бошчилигидаги комиссия мана шу иш бўйича тафсилотларни аниқлаши керак эди. Аммо комиссия саволларга жавоб топмади, фақат президент маъмурияти маълумот сизиб чиқишига алоқадор эмаслигини билдирди холос.
Безуглая билан боғлиқ яна бир нечта эсда қоларли воқеа уруш бошлангач содир бўлди. Масалан, у Северодонецк ва Лисичанск учун кечаётган қийин жанглар вақтида қўмондонлик пунктларига боргани ҳарбийлар томонидан салбий кутиб олинганди. Депутат бошқарув пунктларига ҳарбийларнинг ишига аралашиш учун эмас, депутат сифатида уларга ёрдам бериш учун вазиятни ўрганишга борганини айтганди.
Залужнийга ҳужум ҳақида нима дейишмоқда?
Ўз постларида Маряна Безуглая Украина қуролли кучлари бош қўмондони Залужнийни мамлакат армиясини «советлаштириш»да айблади. Украина армияси қарши ҳужум учун режани етарлича яхши ишлаб чиқмагани, Миллий қуруқлик қўшинлари академиясининг узоқ йиллик раҳбари Павел Ткачук ҳамон ишдан бўшатилмагани ҳам депутатнинг танқидига учраган.
Депутатга кўра, ҳарбий раҳбарият ўз вазифасини тўлиқ бажара олмаётган генералларни асоссиз тарзда ҳимоя қилиб келмоқда. Бундай генераллар орасида Украина қаҳрамони, 10-махсус штурмчи бригада командири Василий Зубанич ҳам бор. Безуглая бу генерални штаб бошлиғи Сергей Шапталнинг одами деб атаган. Депутат Зубанич ёздаги ҳужум муваффақиятсиз чиққанида шахсан айбдор эканини билдирган.
Украиналик кўплаб сиёсатчилар, жамоатчилик фаоллари Безуглаянинг Залужний ҳақидаги гапларини қоралаган. Украина Хавфсизлик кенгаши котиби Олексий Данилов президент Зеленский ва қўмондон Залужний ҳақидаги гап-сўзлар фақат Россияга қўл келишини таъкидлади. Даниловнинг интервюси ҳали депутат постларини ёзишидан олдин олинган, лекин айнан унинг постлари муҳокама қилинаётган вақтда эълон қилинди.
«Слуга народа» партиясининг аксар депутатлари ҳам партиядошининг сўзини оқламади. «Уруш вақтида ҳарбий-сиёсий раҳбарият ҳақида муҳокамалар аниқ институтлар доирасида амалга оширилиши керак. Акс ҳолда бу душман учун қўл келадиган провокация деб қабул қилиниши мумкин», деб ёзди депутат Татяна Циба. Бошқа бир депутат Богдан Яременко ҳамма «уруш охиригача сабр қилиб, унгача овозини ўчириши кераклиги»ни айтди. Аммо ҳозирча парламент раҳбарияти ва президент партияси раҳбарлари Безуглаяни қоралаб чиқмади.
Депутатнинг Залужнийга ташланишини собиқ президент Петро Порошенконинг «Европа бирдамлиги» фракцияси ҳам қоралади. «Голос» мухолиф партияси депутати Роман Костенко эса бош штабнинг 2024 йил учун режаси йўқлиги тўғри эмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳужжат бор ва хавфсизлик нуқтайи назаридан фақат юқори раҳбарият томонидан муҳокама қилинаётган бўлиши мумкин.
«Режа бор, бу аниқ. Тафсилотларни билмайман, лекин аниқ режалар борлигини биламан. Бу ҳақда алоҳида депутатлар билиши шарт эмас. Масалан, президент бу ҳақда билади. У чиқиб режа йўқ деб айтмайди-ку», деган Костенко.
У депутат Безуглаянинг чиқишлари президент маъмурияти томонидан «илҳомлантирилган» бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмади.
«Президент маъмурияти қандайдир гаплар президент партияси вакилининг тилидан айтилишини истамаса, бундай бўлмайди. Буни парламентдаги 5 йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтяпман», деган мухолиф депутат.
Украиналик сиёсатшунос Володимир Фесенконинг айтишича, депутат Безуглаянинг чиқиши президент Зеленский учун фойдадан кўра зарарли бўлади. Чунки истеъфога чиққан тақдирда Залужний сайловда Зеленский учун жиддий рақибга айланиши мумкин.
«Ҳозир Маряна Безуглая хоним Залужнийни истеъфога чиқишга чақириб, президент Зеленский учун катта хизмат қилдим деб ўйлаётган бўлиши мумкин. Аммо бу провокацион ҳаракатлари орқали президент жамоасига катта зарар бериб бўлди. Ҳар қанча ғалати бўлмасин, унинг гаплари президент Зеленскийга қарши секин ҳаракатга келувчи минага айланди. Бу уруш ҳолатидаги Украина манфаатларига тўғри келадиган ҳолат эмас», деган сиёсатшунос.
Украина президенти маъмуриятида Безуглаянинг постларига изоҳ беришни исташмаган.
Безуглая ўз ҳаракатларини қандай изоҳлайди?
Маряна Безуглая BBC украин хизмати билан суҳбатда ўз постларини хато деб билмаслигини айтган: «Бу хато эмас. Бу мен гувоҳ бўлаётган ҳақиқатнинг учини кўрсатган айсберг холос. Мен ҳали анча авайлаб гапирдим. Биз чорраҳада турибмиз ва мен шу нарсани елкамга олишга қарор қилдим», деган депутат. У постларини президент маъмурияти билан маслаҳатлашгани ёки Зеленскийнинг манфаатлари учун ҳаракат қилганини рад этган.
«Жон жонимдан ўтиб кетди дейишим мумкин. Йўқ, гўёки мен жамоатчиликни синаб кўраётганим ҳақидаги гаплар сабаб эмас. Жамоам билан маслаҳатлашаман, лекин гапларимни ўзим айтаман. Гап шундаки, депутатлар ичида ҳеч ким Украина қуролли кучлари ичида нима бўлаётганига бу қадар чуқур киришмаган», деб изоҳлаган ўз постларини Безуглая.
Унинг айтишича, Украина армиясидаги ўзи кўрган муаммоларни оммага чиқармай ҳал қилишга ҳаракат қилган, лекин бош штаб томонидан бунга интилиш бўлмаган.
«Мен бор гапларни ёзяпман, ҳарбийлар буни жуда яхши тушунади. Улар генералитетдаги непотизм, «бориб ҳув ана у ерга ҳужум қилинглар» қабилидаги қарорларни, бригадалар қандай тузилганини яхши билишади», деган депутат.
Безуглая унинг чиқишлари, Зеленский ва Залужний ўртасидаги фикрлар хилма-хиллиги Россиянинг фойдасига ишлаши ҳақида гапларга шундай жавоб берган: «Россия доим Украинада одамлар бўлнишини истайди. Биз очиқ бўлишимиз, ички ёки ташқи сиёсий ўйинлар ўйнамаслигимиз керак. Украина қуролли кучлари замонавий бўлиши керак. Агар бундай бўлмаса, Россияни енга олмаймиз».
Депутат Залужнийнинг ўрнина ҳеч кимни тавсия қила олмаслиги, фақат ҳозирги ҳарбий раҳбариятдаги генераллардан ҳеч бири бу лавозимни эгалламаслиги кераклигини айтган. Унинг фикрича, ҳарбий раҳбариятга қуйироқдан янги офицерлар келиши керак.
«Генералитет орасида 5 фоиз «оқ қарғалар» бор. Лекин юқорига кўтарилиши керак бўлган кўплаб жанговар офицерлар четда қоляпти. Уларни кўтаришни исташмайди, чунки юқоридаги «поллар сирпанчиқ». Нега ўша полковникни генерал даражасига кўтармаслик керак?» деган Безуглая.
Суҳбатдош сафарбар қилинадиган одамлар сони ҳақида гапириб, давлат сирини ошкор қилмаганини айтди: «Йўқ, мен давлат сирини ошкор қилганим йўқ. Биринчидан, тахминий рақамларни ёзиб, «20 мингдан кам эмас» дедим. Бу гапларни ёзишдан аввал бирламчи экспертиза қилиб олдим».
Безуглая BBC билан суҳбатда ҳам қўмондонликнинг 2024 йил учун режалари йўқлигини такрорлаган. Унинг сўзларига кўра, бу ҳақда барча иттифоқчилар ҳам билади. Украина бош штаби Безуглаянинг постларини изоҳлаш бўйича BBC юборган сўровга жавобан «бу ерда изоҳ берадиган ҳеч нарса йўқлиги»ни маълум қилган.
Мавзуга оид
14:10
NYT: Россия-Украина уруши боши берк кўчадан чиқди
18:15 / 02.11.2024
Рамзон Қодиров Украина жангчиларини тириклайин асирга олмаслик ҳақидаги буйруғини бекор қилди
10:30 / 02.11.2024
АҚШ Украинага 425 млн долларлик янги ёрдам пакетини тақдим этмоқда
08:40 / 02.11.2024