11 дақиқада 4 та ҳуқуқбузарлик: наманганлик қоидабузарга чора кўриладими?
Instagram'даги “Bek makhmudov” саҳифаси эгаси ўтган тунда Mercedes-Benz автомобилида ҳаракатланиб, бирваракайига 4 та қоидабузарлик содир этган. Наманган вилоят ҳокимлиги собиқ амалдорининг ўғли экани тахмин қилинаётган йигит, Kun.uz'нинг ҳисоб-китобларига кўра, камида 6 млн 460 минг сўм жаримага тортилиши керак.
2 январга ўтар кечаси, соат тунги 3:26 да Instagram'даги “Bek makhmudov” профили эгаси Mercedes-Benz русумли автомобилни Наманган шаҳри кўчаси бўйлаб бошқариб, буни саҳифасида жонли ёритиб борди. Жонли эфир Kun.uz томонидан ёзиб олинди. У автомобилни бошқариб бораркан, қаторасига бир нечта йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузгани кўринади.
Гарчи юзини шарф билан ўраб олган бўлса-да, бу шахс “Bek makhmudov” профилида аввал жойланган фото ва видеолардаги шахснинг айнан ўзи эканини билиш мумкин.
1-қоидабузарлик: Ҳаракат давомида у автомобил тезлигини бир неча марта 100 км/соатдан оширади. 2023 йил 3 апрелдан буён бошқа вилоят, туман ва шаҳарлар марказлари каби Наманган шаҳрида ҳам чекланган ҳаракат тезлиги 60 км/соат этиб белгиланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128 прим 3-моддаси 3- қисмига кўра, ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириш 9 БҲМ, яъни 3 млн 60 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
2-қоидабузарлик: Ҳайдовчи автомобилни бошқариб туриб, телефондан фойдаланган ҳолда ижтимоий тармоқда жонли эфирга уланади (1), кузатувчилари томонидан ёзилаётган изоҳларни ўқиб, уларга жавоб бериб боради (2) ва бошқа бир телефон аппаратида таниши билан суҳбатлашади (3).
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128 прим 1-моддасига кўра, транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши (бундан телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларни ишлатмасдан туриб сўзлашувлар олиб бориш имкониятини берадиган бошқа ускуналар орқали фойдаланиш мустасно), 3 БҲМ, яъни 1 млн 20 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
3-қоидабузарлик: Йўл ўртасида хавфли бурилиш қилиб, қизил чироқда ҳаракатланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128 прим 4-моддасига кўра, светофорнинг тақиқловчи сигналига бўйсунмасдан ўтиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари, яъни 680 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
4-қоидабузарлик: Ёқилғи қуйиш шохобчасига кирган йигит у ерда ўзи бошқариб келган Mercedes-Benz'нинг 01S651ZB давлат рақам белгисини ечиб олади ва автомобил юкхонасига ташлаб қўяди, сўнг ҳаракатни давом эттиради.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси 5- қисмига кўра, давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариш – 5 БҲМ, яъни 1 млн 700 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
“Bek makhmudov” аввал ҳам автомобилни катта тезликда ҳайдаб, уни ижтимоий тармоқларда намойиш қилган. Масалан, 2023 йил 12 март куни саҳифасига жойлаган видеода Mercedes-Benz автомобилини соатига 200 км тезликда бошқарган.
Шундай қилиб, жаноб “Bek makhmudov”нинг ўтган тундаги “кўнгилёзди саёҳати” унга камида 6 млн 460 минг сўмга тушиши керак. Аммо бу қоидабузарга қонуний чора кўришда битта муаммо бор...
Bek makhmudov ким?
“Bek makhmudov” профили эгаси наманганлик бўлиб, Kun.uz'нинг аниқлашича, вилоят ҳокимлигида юқори лавозимда ишлаган амалдорнинг ўғли ҳисобланади (этика нуқтаи назаридан шахсларнинг исми-шарифларини очиқламасликка қарор қилдик).
Instagram'даги саҳифасига жойланадиган сурат ва видеолардан у кўп вақтини хорижий давлатларда ўтказишини, спортнинг аралаш жанг санъати (ММА) билан ҳаваскор тарзда шуғулланишини кўриш мумкин. У қимматбаҳо машиналар орқали ҳашаматли ҳаётини кўз-кўз қилишни хуш кўради.
Мавзуга оид
12:19 / 07.10.2024
Наманганда ўзганинг фотосуратларини интернетда тарқатишини айтиб пул талаб қилган шахс ушланди
17:51 / 06.10.2024
Йўлларда авариялар кўпайди, тезлик ҳайдовчиларни қотилга айлантирмоқда
14:49 / 05.10.2024
Самарқандда бошқа машинанинг рақамини тақиб 76 марта қоида бузган ҳайдовчи ушланди
18:33 / 02.10.2024