Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Наманганда эксперимент учун электр абонентлари ва солиқ тўловчилар бир-бирига боғлаб чиқилди
16 апрелдан бошланадиган тажрибага тайёрланиш доирасида, хонадон эгаси (ер ва мулк солиғини тўловчи) бошқа шахс, электр тармоғи абоненти эса бошқа шахс бўлган кўплаб ҳолатлар аниқланиб, номувофиқликлар жойида бартараф этилди, дея маълум қилди Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев. Бу – уй эгасининг солиқ қарзи 1 млн сўмдан ошса, светга тўлов қилишини муаммосиз чеклаш имконини беради.
16 апрелдан бошлаб Наманган вилоятида тажриба тариқасида жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи бўйича қарздорлиги 1 млн сўмдан ошган тақдирда, электр энергияси учун тўлов қилишини чеклаш тартиби жорий этилади.
Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев Kun.uz мухбири билан суҳбатда айрим нюансларни тилга олди. Унинг сўзларига кўра, тизимни жорий этишда маълумотлар номувофиқлиги муаммоси чиққан.
“Электр абоненти – бошқа шахс, мулк эса бошқа шахс номида бўлиши ҳолатлари кўп. Масалан, электр корхонаси билан шартнома ота-онанинг номида, уй эса фарзанднинг номида. Баъзан вафот этган шахс номида қолган ҳолатлар ҳам учради.
Электр тармоқлари, кадастр, солиқ органлари ва маҳалла вакиллари биргаликда жойига чиқиб, ҳар бир объект бўйича маълумотлар тўғриланди. Кадастр ҳужжатида уй кимнинг номида бўлса, электр корхонаси билан шартнома ҳам шу шахснинг номига ўтказилди.
Ҳозиргача 96 фоиз ҳолат тўғриланди. Қолган 4 фоиз – эгаси аниқланмаган объектлар бўлиб, улар бўйича ишлар давом этмоқда”, – деди у.
Абдиев солиқдан 1 млн сўмдан ортиқ қарзи бор аҳоли – сурункали қарздорлар ҳисобланишини айтди.
“[Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бўйича] ҳар йили ҳисобланган сумма иккига бўлиб тўланади: 15 апрелгача ва 15 октябргача. 1 млн сўм қарз чиқиши учун фуқаро ўрта ҳисобда 2-3 йилдан бери солиқ тўламаган бўлиши керак-да. Наманган вилояти бўйича ҳисоблаганимизда, 1 млн сўм қарздорлик йиғилиб қолиши учун 2-3 йил давомида тўламай келган бўлиши керак”, – дейди Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари.
Маълумот учун, мазкур эксперимент – ногиронлиги бўлган шахслар (1 ва 2-гуруҳ), боқувчисини йўқотган оилалар, ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар ва қонунчиликда белгиланган бошқа имтиёзли тоифаларга нисбатан татбиқ этилмайди.